Наима Пўлатовага табрик

Ўзбекистон халқ артисти, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театри ва кино актрисаси – Наима Пўлатовани таваллуд топган куни муносабати билан табриклаймиз!
Наима Пўлатовага мустаҳкам соғлик, узоқ умр, энг эзгу истакларимизни тилаймиз!!!
Маълумот: Наима Пўлатова 1939 йилнинг 4 Июнь куни Тошкент шаҳрида туғилган.
1977 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», 1997 йили “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвонлари билан мукофотланган.
Маълумоти олий. 1963 йили Тошкент Театр ва рассомлик санъати институтининг «Мусиқали драма ва комедия» факультетини битирган.
1963 йилдан буён ушбу театрда ишлайди. Ҳали институтнинг талабалиги пайтидаёқ театрда турли роллар ижро этарди.
Наима Пўлатова ўз ижодий фаолияти давомида театрда саҳналаштирилган 100 дан ортиқ спектаклларда бош қаҳрамонлар роллари ва характерли образларни юксак маҳорат билан ижро этиб, репертуарни бойитиб келмоқда. Жумладан, “Равшан ва Зулхумор”да Зулхумор, “Фарҳод ва Ширин”да Ширин, “Мавлоно Муқимий”да Офарин, “Жон қизлар”да Ойсулув, “Нурхон”да Нурхон, “Момо Ер”да Алиман, “Зеби-зебона”да Зеби, “Навоий Астрободда”да Гулруҳ, “Девона”да Жамила, “Қизил дуррали нозик-ниҳолим”да Асал, “Хонума хоним”да Хонима, қайта саҳналаштирилганда Ануш, “Тошкентнинг нозанин маликаси”да Мунаввар, “Муҳаббат навоси”да Она, “Ойонам – қайнонам”да Тожибоева, “Меҳр нури”да Норгул момо, “Тоҳир ва Зуҳра”да энага каби образлари мутахассислар томонидан юқори баҳоланган.
Шунингдек, Наима Пўлатова “Келинлар қўзғолони”, “Тўйлар муборак”, “Ўзга муҳаббат”, “Анвар ва Раъно”, “Ота”, “Ҳижрон” бадиий фильмлари ҳамда ўнлаб телесериалларда суратга тушган.
Хушовоз хонанда сифатида йигирмага яқин қўшиқлари Ўзбекистон радиоси фонотекасида сақланади ва эфирга ҳали ҳануз узатиб турилади.