Хушовоз ва латофатли хонанда – Моҳира Асадовани туғилган куни муносабати билан чин қалбимиздан муборакбод этамиз!
Моҳира Асадовага энг аввало, мустаҳкам соғлик, узоқ умр, бахт-саодат тилаймиз.
Маълумот: Моҳира Асадова – Ўзбекистон давлат филармонияси Б. Зокиров номидаги эстрада-симфоник оркестри олий тоифали артисти.
Асадова Моҳира Фатҳуллаевна бошланғич мусиқа таълимини Чилонзор туманидаги 6-сон мусиқа мактабида рубоб синфи бўйича олган.
1988 йил Низомий номидаги Тошкент давлат Педагогика институтини "Мактабгача педагогика ва психология, мактабгача тарбия методисти" мутахассислиги бўйича тамомлаган.
Рус, инглиз ва турк тилларини билади.
Моҳира Асадова меҳнат фаолиятини Ўзбекистон телерадио компанияси қошидаги “Дуторчилар” ансамблида бошлаб, мазкур ансамбл билан 500 дан ортиқ ижро қилинган ўзбек классик ва халқ қўшиқларини Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Олтин фонди” радиотасмаларига ёзиб олинган. Шулардан унинг 60 дан ортиқ яккахон холда ижро этган қўшиқлари мавжуд. Ю. Ражабий номидаги мақомчилар ансамблида фаолият юритган даврида 1983 йил, 1985 йил, 1987 йил Самарқанд шаҳрида ўтказилган Халқаро мусиқа симпозиумида қатнашган. “Халқлар дўстлиги” санъат саройида 1995 йил “Шоҳсанам” номли, 2002 йил “Муҳаббатни чиқаргандир чидаганга” номли, 2005 йил “Вафоли ёрим” номли ўзининг яккахон концерт дастурини тақдим этган. Унинг репертуарида 300 дан ортиқ CD, DVD, MP3 ҳолатидаги қўшиқларини мухлислари эътиборига тақдим этган.
1987 йил Юнус Ражабий номидаги Республика II мақом ижрочилари танловида, 1995 йил Қозоғистон Республикасининг Олма-ота шаҳрида ўтказилган “Азия дауси – голос Азия” халқаро мусиқа танловида, 2002 йил Голландияда ўтказилган “Dunya” қўшиқ фестивалида қатнашиб, лауреат бўлган. 2000 йил Германияда ўтказилган “Мерседес Бенс” компаниясининг махсус мукофоти билан тақдирланган. 2000 йили Ганновер шаҳрида ўтказилган “EXPO-2000” фестивалининг ғолиби, 2001 йил Бельгияда ўтказилган “SWINKS” жаҳон халқлари мусиқа фестивалида ҳамда 2006 йил Жанубий Кореяда ЮНЕСКО таснифи остида ўтказилган 56 та давлат вакиллари иштирок этган фестивалда Гран-При олий совринини қўлга киритган. АҚШ, Австрия, Франция, Италия, Испания, Туркия каби кўплаб давлатларда гастрол сафарларда бўлган.
МЕҲНАТ ФАОЛИЯТИ
1981-1994 йй. – Ўзбекистон телевидение ва радиоэшиттириш давлат комитети "Дуторчи қизлар" ансамбли дуторчиси;
1994-1996 йй. – Ўзбекистон давлат телерадиокомпанияси Ю. Ражабий номидаги мақомчилар ансамбли артисти;
1996-2004 йй. – “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Ижодий жамоалар дирекцияси шўъба корхонаси хонандаси;
2004-2011 йй. – “Олтин мерос” хайрия жамғармаси қошидаги “Munojat” шўъба корхонаси хонандаси;
2016-2018 йй. – Ўзбекистон оркестрлари бирлашмаси Б. Зокиров номидаги эстрада-симфоник оркестри артисти;
2018 й. - ҳ.в. – Ўзбекистон давлат филармонияси Б. Зокиров номидаги эстрада-симфоник оркестри артисти.