Дилдаги гап
Устоз Абдусаид Кўчимовнинг таваллуд айёмлари арафасида у кишини яқиндан билган инсонларнинг эсдаликларини алоҳида қизиқиш билан ўқияпман. Муаллифлар турлича бўлса-да, барча хотиралар марказида Абдусаид ака тургани учун уларни бирортасини қолдирмай мутолаа қиламан. Ҳар гал у кишининг янги бир қиррасини кашф этгандек бўламан. Юксак мартаба ва обрў соҳиби бўлса-да, камтарлик ва самимийликни ҳамиша устун қўйган ҳазрати Инсоннинг сиймоси бу эсдаликларда янада ёрқин намоён бўлади. 2000 йиллар… кундалик эҳтиёж моллари тақчил бўлган даврлар. Термиздаги дўконлардан бирига кириб, ун, ёғ нархини сўрадим. Аслида, шунчаки дўкон айланаётган эдим.
Орадан бироз вақт ўтиб, шаҳарнинг бошқа нуқтасида биз кетаётган машинани “Даган” ҳайдовчиси қувиб ўтиб, тўхташга ишора қилди. Машинадан тушиб кўришдик. Маълум бўлишича, у киши мен бироз аввал кирган дўконнинг мудири экан. Илтимос оҳангида шаҳар савдо ташкилоти раҳбари билан учрашиб гаплашишимиз кераклигини айтди.
Салом-аликдан кейин ташкилот раҳбари билан бир жойлик эканимиз маълум бўлди. Яна ҳам яқиндан танишдик. Раҳбар эса дўконга кирганимни эслатиб, “қандай хизмат бўлса тайёрмиз, фақат биз ҳақимизда танқидий лавҳа берилмаса бўлди”, дея қайта-қайта тайинларди.
Мен эса дўкон тасвирга олмаганини, шунчаки кириб чиққанимни тушунтирдим. Ниҳоят, кўнгли жойига тушган раҳбар билан хайрлашиб чиқдим...
Орадан тўрт-беш ой ўтгач, бир куни уй телефони жиринглаб қолди. Кўшакни олсам, “Ёшлар” телеканали директорининг котибаси экан. У киши зудлик билан Тошкентга етиб келиб, раҳбарият билан учрашишим лозимлигини айтди.
Нимадир бўлганини ҳис қилсам-да, аниқ бир нарсани тушунмасдим. Шу куни кечқурун Бойсундан Тошкентга йўл олдим.
Эртаси куни телеканал директори — устоз Хуршид Давроннинг ҳузурига кирдим. У киши вазиятни босиқлик билан тушунтирдилар. Маълум бўлишича, устимдан шикоят-аризаси тушган экан. Гўё мен қандайдир савдо дўконидан катта миқдорда пул талаб қилганмишман.
Бироқ, раис бу масалага адолат билан ёндашибди:
“Бизнинг мухбир катта амалдормаски, шунча пул сўраса", — деб гапга нуқта қўйибдилар.
Шундай бўлса-да, директоримиз раиснинг олдига кириб, у кишига миннатдорчилик билдириб чиқишимни маслаҳат бердилар.
Телеканал директорининг далдаси ва айтган гапларидан руҳланиб, энг муҳими, ўзимдан ҳеч қандай хато ўтмаганини билиб, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси, устоз Абдусаид Кўчимов ҳузурига бордим.
Қабулхонага келганим биланоқ, ҳеч куттирмай қабул қилдилар. Ҳолбуки, "бир гап бўлмаса шикоят ёзилармиди, ишончимни оқламади, қайтиб кўзимга кўринмасин", десалар ҳам бўларди. Йўқ, ҳар доимгедек, самимият ила қарши олиб, ҳол-аҳвол сўрадилар. Суҳбат асносида мулойим, босиқ оҳангда:
— Ким биландир келишмовчилик муносабатингиз борми? — деб сўрадилар.
Табиийки, бирор бир душман хаёлимдан ўтмади. Шунда устоз менинг ички ҳолатимни англагандек, яна ўша вазмин оҳангда дедилар:
— Сизга маслаҳатим ҳеч қачон оёғингиз остидан душман орттирманг…
Кейин яна бир неча шу каби ҳаётий ўгитлар бердилар, ишларимни яхши давом эттиришимни айтиб, хайрлашдилар.
Вилоятга қайтиб, яна ижодий ишларга шўнғидим.
Кунлардан бир куни вилоятда ташкил этилган савдо ярмаркасида ўша “танқидий лавҳа бермасангиз бўлди”, дея ҳар қандай хизматга тайёрлигини айтган шаҳар савдо ташкилоти раҳбарини учратиб қолдим.
У чўзган қўлни муаллақ қолдириб:
— Сиз билан кўришишни истамайман, — дедим қатъий оҳангда ва ёнидан ўтиб кетдим.
Орадан ўн-ўн беш дақиқа ўтар-ўтмас, у киши яна рўпарамдан чиқди.
— Мен сизнинг хафа бўлганингизни тушундим. Лекин аввал масалага ойдинлик киритайлик, — деди у.
Унинг айтишича, икки нафар мухбирга мен ҳақимда илиқ фикрлар айтган, ҳеч қандай таъма қилмаганимни мақтаб сўзлаган.. Аммо ўша кишилар устимдан ариза ёзиб беришини талаб қилишган. У киши эса бунга кўнмаган экан...
Шундагина менга асл воқеа ойдинлашди. Ёш бўлишимга қарамай, “Ёшлар” телеканалининг Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари бўйича мухбири эканимни кўра олмаган ўша ғаламис нусҳалар кимлигини энди англаб етгандим.
Шу воқеаларни гоҳ-гоҳ эслаб, устоз Абдусаид Кўчимовнинг нақадар кенг феълли, мулоҳазали ва узоқни кўра биладиган раҳбар эканига амин бўлганман.
Аслида, ўша шикоят-ариза туфайли мени ҳеч қандай суриштирувсиз ишдан бўшатишлари ҳам мумкин эди. Негаки, менга ишониб, “Ёшлар” телеканалининг икки йирик вилоят бўйича мухбири қилиб тайинлашнинг ўзи катта таваккал эди. Энди яна қўллаш, ишониш олийжаноблик, мардлик, бағрикенглик намунаси эди. Устоз ўшанда қалб амрига қулоқ тутиб, шикоятчиларга эмас, менга ишонгандилар.
Бу — авлиёсифат инсон Абдусаид Кўчимовнинг масалани фаросат билан чуқур таҳлил қилгани, сув оқими қай томонга қараб кетаётганини англагани, бунинг ортида ғараз мақсадли кишилар борлигини ҳис этгани сабаб эди.
Мен эса ўша пайтда ана шу адолат ва ишонч туфайли бир балодан омон қолганман.
Ҳа, дарвоқе, “Ёшлар” телеканалига ишга киришим ҳақида ҳам икки оғиз.
1998 йил эди. Ўшанда “Ахборот” нинг вилоят мухбири бўлиб ишлаётган тоғам Абди Қодиров янги телеканал очилгани, бу ҳақда Абдусаид Кўчимовдан эшитганини айтдилар.
— Бориб учрашиб кўргин, балки ишга олишар. — дедилар.
Шу гап менга туртки бўлди. Тошкентга йўл олиб, устоз ҳузурига бордим. У киши мени очиқ чеҳра ва самимият билан қабул қилдилар.
Мен вилоят телевидениеси “Ахборот” бўлими муҳаррири эканимни, агар муносиб кўрилсам, янги ташкил этилган “Давр” информацион дастурида вилоят мухбири сифатида ишлаш ниятим борлигини айтдим.
Устоз:
— Ариза ёзиб келинг, — дедилар.
Қабулхонага чиқибоқ ариза ёздим ва яна ҳузурларига кирдим. У киши аризага розилик билдириб, уни қўлимга тутқаздилар.
Мен эса дарҳол канал директори Хуршид Даврон (устоздан жуда миннатдорман, умрлари узоқ бўлсин) олдига кирдим. У киши раис розилигини кўриб, аризамга имзо қўйдилар. Кейин бошқалар ҳам ҳеч қандай эътирозсиз имзо чекишди.
Кейинроқ билсам, аслида тартиб бўйича аввал “Давр” дастури раҳбари устоз Фурқат Зокировга,, кейин директор ва раис ўринбосарига учрашиб, энг охирида эса раиснинг розилиги олиниши керак бўларкан.
Рости, “Ёшлар” телеканалида иш бошлашим мен учун жуда катта ишонч, улкан имконият ва беқиёс рағбат бўлган Энг муҳими, бу воқеалик ҳаётимда туб бурилиш ясади Мамлакатимиздаги энг нуфузли ва катта ижодий жамоанинг аъзосига айландим.
Билдирилган ишончни оқлаш, хатога йўл қўймаслик учун доимо астойдил ҳаракат қилдим.
Бир йигит қирқ йилда камолга етади, деган гап бор. Дарҳақиқат, шундай! Ёшларнинг камол топиши, униб-ўсиши учун устозларнинг ўрни беқиёсдир.
Қадрли устоз, фурсатдан фойдаланиб, Сизни таваллуд айёмингиз билан чин қалбдан, самимий қутлайман, табриклайман!
Аллоҳ умрингизни зиёда қилсин, неъматларини ҳам. Ҳамиша соғ-саломат бўлинг. Қўша қариб, фарзанду набиралар бахту камолини кўринг, юз билан юзлашиб, муроду мақсадларингизга етишиб юринг, доим!!!
Илҳом Раҳматов, "Сурхондарё вилояти телерадиоканали" давлат муассасаси бош муҳаррири.