Ижтимоий тармоқнинг инсон тақдиридаги ўрни


   2014 йил илк бор facebook дастурини юклаб олдим ва журналистикадан бироз узилганим, матбуот саҳифаларида мақолаларим чиқмай, югур-югурлар билан куним, умрим ўтиб бораётган бир пайтда мазза қилиб ўзимни қийнаган, кўнглимга яқин мавзуларда мақолалар ёзиб, саҳифамга қўя бошладим. Ўшанда менга ёққани ижтимоий тармоқлар орқали мени йўқотиб қўйган, аллақачон узоқлашиб кетган, излаётган дўстлар, курсдошлар, танишлар топилди. Ҳатто хорижда яшаётган дугоналарим ҳам алоқага чиқди. Биз беҳад қувонч билан онлайн дийдорлашдик, ҳаётимиздаги янгиликлар, қувончлар, хушхабарлар билан ўртоқлашдик.
    Ушбу саҳифани мен ҳамон давом эттирмоқдаман, ўзгартирмадим, алмаштирмадим. Аввало, ўзгартиришга ҳожат ҳам бўлмади, кейин ўзгартирсам кимнидир йўқотиб қўйишдан қўрқдим. Турмуш ўртоғимни назорати сабаб  дўстлашиш борасида бироз эҳтиёткорман. Бу ерда мен ҳаётимдаги ютуқларим, баъзан хафаликларимни ҳам ёздим. Ютуғим – дўстларим мени сира ёлғиз қолдирмади. Пандемия пайтида саҳифам менга катта далда бўлди, ҳаётнинг ҳамма учун тушкун кунларида кўнглимизда борини шу ерга тўкдик. Дийдорларимиз шу ерда бўлди, суҳбатларимиз шу ерда мазмун топди, ниятларимизни, изҳорларимизни, соғлигимизни шу ерда айтдик. 
    Файзибоғда мақолаларимни бериб бордим, дедим юқорида. Бир гал совчилик ҳақида мақола ёздим ва саҳифамга жойладим. Эртаси куни мессенжерга хабар келди: "Қизим, телефон рақамингизни қолдира оласизми?", – деган. Ёши улуғ инсон эканлигини билиб, ёзиб юбордим. Амаки водийдан экан, мақоламда совчилик, унинг сир-асрорлари, совчиларнинг талаблари, ўткинчи орзу-ҳаваслари ҳақида бир неча воқеалар билан мисоллар келтирилганини айтиб, миннатдорчилик билдирди. 
– Тиббиёт институтида ўқийдиган бир қиз ҳақида ҳам ёзибсиз қизим. Ўғлим пойтахтда олий таълим даргоҳида ишлайди. Илмий иш қиляпти яна. Фақат тақдири ўхшамаяпти, ёши ҳам ўттиздан ошди, сиз ёзган қизни ёши ҳам, оиласи ҳам бизга мос экан. Майли десангиз шу оилани телефон рақамини берсангиз, балки тақдир насиб қилса тўй бўлар, – деди. 
    Менга таниш оиланинг рухсати билан телефон рақамини бердим. Орадан маълум вақт ўтиб, тўй бўлди! Мана, ижтимоий тармоқ сабаб бир оила бахтли бўлди. Яна "Узр сўрашни билинг" номли мақолам Muzaffar.uz сайтида берилди. Саҳифамга жойладим. Бир неча кундан кейин журналист ва қадрдон опам Холида Қобулова телефон қилиб: – Сингилжоним, мақолангизни мазза қилиб ўқидим, мавзу зўр, биз баъзан узр сўрашни билмаганимиз учун катта йўқотишлар қиламиз. Афсуски, кейинги пушаймондан фойда йўқ. Сингилжоним, мақолангизни арзимаган сабаб билан хафалашиб, бир-биридан узоқлашган танишларим бўлган опа-сингилларга юбордим. Иккисиям тўғри хулоса чиқариб, араз гиналарни йиғиштириб, кўз тегмасин, жигарчилик ришталарини узмадилар, деди. Ўйласам, файзибоғ билан боғлиқ ҳаётий воқеаларим, ижобий натижаларимни санасам, бармоқларим етмас экан. 
   Ижтимоий тармоқлар бўйича катта тажриба эгаси, қадрдоним Музаффар Муҳаммадназар, ижтимоий тармоқларда жудаям фаол дугонам Зилола Темирова, жудаям жонкуяр, изланувчан журналист синглим Нигора Уралова, Андижонда ижод қилаётган фаол журналист қадрдонларим Зилола Абдуллаева, Нурилло Нўъмонов медиа майдонида ўз ўрнига эга бўлган ижодкорлардан.
    Биз кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларнинг салбий томонларини кўп муҳокама қиляпмиз, аммо унинг ижобий томонларидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Фақат масалага ким қандай қарашига боғлиқ. 

Феруза ОРИПОВА, журналист.
2023 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот