Ота-онам ёнимда турсин


    Ойда бир синфдош қизлар йиғилишиб турамиз. Мактабни ўникки нафар қиз битирганмиз, бироқ оилавий-маиший сабабларга кўра, тенг ярмимиз дийдорлашиш бахтига муяссармиз. Учрашувга қадами етмаётганлар Синфдошлар онлайн группасида фаол. Бизнинг пайтларда мактабни 9 синфда якунлаб, ўқишни техникумларда давом эттириш имконияти бўларди. 9 синфдан айро тушган қизларга негадир "эски синфдошлар", деб мурожаат қиламиз.
    Шукр, ёшимиз улғайиб қолди. Орамизда қуда-андали, наварали қизлар ҳам бор. Яна бир бора шукр, кўпгина қизларимиз бахтидан тинган. Битта замонавий аёл қандоқ бўлиш керак, деган саволга синфдош дугоналаримдан жавоб топаман. Очиқ айтаман, уларнинг орасида "бундайроғи", "пачоқроғи" ўзимман. 
    Афсуски, қизлар жамоасида бағри бутунлар икки-учтагина қолибмиз. Кўпчиликнинг ё отаси, ё онаси қазо қилган. Орамизда ғирт етимлар ҳам бор. Деярли барчамизнинг ота-онамиз тенгқур, даврдош. Ҳеч биримизнинг ота-онамиз ҳали етмиш зинасига етмаган. Эллик ёшлардан эланиш бошланди, олтмиш ёшлардан ошганда барака янаям учди. Ҳаттоки, пайғамбар ёшига етмаган ота-оналар анча бўлди.
   Худодан доим сўрайман: "Худойжоним, Меҳрибоним, пайғамбар ёшига етганимда, ота-онам ёнимда турсин. Сендан тўқсон-юзни сўраётганим йўқ. Бор-йўғи пайғамбар ёшига етганимда, ота-онам ёнимда турсин, деб сўраяпман".

Озода ШОБИЛОЛОВА.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот