ҲАР КУНИ ЎҚИЛАДИГАН ҲИКМАТЛАР


ҲАР КУНИ ЎҚИЛАДИГАН ҲИКМАТЛАР
Сенека: Мактублар


Нома 1
   (1) Шундай қила қол, азизим Луцилий! Ўзингни ўзинг учун сақла, шу пайтгача сендан тортиб олинаётган ёки ўғирланаётган, бехуда кетаётган вақтингни бундан буён асра ва жамлаб ол. Менинг ёзаётганим ҳақ эканига ўзинг ишонч ҳосил қил: бизнинг вақтимизнинг бир қисмини куч билан тортиб олишади, бир қисмини ўмаришади, бир қисми дангасалигимиздан бекорга оқиб кетади.
   Ўзимизнинг эҳтиётсизлигимиз туфайли йўқотишларимиз ҳаммадан ҳам кўра шармандалидир. Диққат қилиб назар сол: ахир ҳаётимизнинг каттагина қисмини ахмоқона ишларга сарфлаймиз, бекорчиликда ўтадиган вақтимиз ҳам – оз эмас, қолаверса, обдон қарасак, ҳаётимизнинг ҳаммасини қилишимиз керак бўлган ишларга эмас, бошқа нарсаларга сарфлаганмиз.
   (2) Менга вақтни қадрлайдиган, бир куннинг ҳам қанчалар қимматли эканини биладиган, ҳар бир соат сайин ўлаётганимизни тушунадиган бирор-бир одамни топиб кўрсат-чи?!
   Бизнинг фожиамиз шундаки, биз ўлимни олдинда кўрамиз; ҳолбуки унинг аксарият қисми аллақачон ортимизда, – ахир умримиздан қанча йиллар ўтди, ўтиб кетган йилларимиз энди ўлимга тегишлидир.
   Азизим Луцилий, худди менга ёзганингдай қил: бирор соатингни ҳам қўлдан берма. Бугунги кунингни қўлингда тутиб туролсанг – эртанги кунингга камроқ асир бўласан. Агар шундай қилмасанг, қиладиган ишингни эртага қолдираверсанг, бутун ҳаётинг шу йўсинда ўтади-кетади.
   (3) Луцилий, бизнинг ҳамма нарсамиз аслида бизники эмас, бизга бегона, фақатгина вақтимиз бизга тегишлидир. Табиат бизга фақат мана шу қўлимиздан сирғалиб чиқиб кетаётган ва шувиллаб оқиб бораётган вақтнигина берган, аммо уни ҳам биздан ким истаса тортиб олади. Бандалар гумроҳдирлар: қандайдир бўлмағур, арзон ва ўрни осон тўлиб кетадиган нарсани олган-берганлари учун ҳисоб-китоб қиладилар; аммо вақтингни олганликлари учун ўзларини қарздор деб билмайдилар, ҳолбуки энг миннатдор банда ҳам вақтни бизга қайтариб беролмайди. (4) Балким сен мендан: «Насиҳат қилишни-ку биласан, аммо ўзинг нима қиляпсан?» – деб сўрарсан? Чин кўнгилдан тан олишим керак: мен ҳисоб-китобни яхши биладиган чиқимдор сифатида қанча вақтни бехуда йўқотганимнинг ҳисобини биламан, холос. Ҳеч қанча вақтни бехуда йўқотмайман деб айтолмайман, аммо қанча вақт йўқотганимни, нимага йўқотганимни ва қандай қилиб йўқотганимни айтиб бера оламан ҳамда қашшоқлигимнинг сабабларини ҳам тилга олишим мумкин. Мен ҳам ўз иллати туфайли қашшоқлашмаган бошқа аксарият одамлар сингари аҳволдаман; ҳамма менга гўё раҳм қилади, бироқ ҳеч ким менга ёрдам бермайди. (5) Хўш, начора? Менингча, энг озгина қолган нарсага ҳам қаноат қила оладиган инсон қашшоқ эмас. Сен ўз бойлигингни ҳозирдан асраганинг дуруст: ҳозир бошлашнинг айни пайти! Аждодларимиз айтганларидай, қозоннинг таги кўриниб қолгандан кейин тежамкор бўлишдан фойда йўқ. Қолаверса, вақтимиз нафақат оз қолган, жуда оз қолган. Саломат бўл, биродар.
Нома II
    Сенекадан Луцилийга саломлар бўлсин!
   (1) Сен менга ёзган нарсалар ва мен сендан эшитганлар сендан умидвор бўлишим мумкинлигини билдиради. Сен сайру саёҳат қилмайсан, тез-тез турар жойингни ўзгартиравермайсан. Ахир кўчишлар, сарсон-саргардонликлар – бемор қалбнинг белгиларидир. Мен ўйлайманки, руҳ хотиржамлигининг биринчи далили – муқим яшаш ва ўзлигини сақлаб қола олишдир. (2) Аммо бошқа нарсага ҳам диққат қил: турли-туман ёзувчиларни ва ҳар хил китобларни ўқишвериш ҳам саёқликка, кўчманчиликка ўхшамайдими? Агар қалбимда бирор-бир нарса ўрнашиб қолсин десанг, буюк аҳли донишларнинг униси ёки буниси билан узоқ вақт мулоқотда бўлиш, уларнинг қувваи ҳофизаси билан қалбни суғориш лозим бўлади. Ҳамма жойда ҳозир инсон – аслида ҳеч бир жойда йўқ инсондир. Ҳаётини саёқликда ўтказган одамнинг мезбони кўп бўлади, аммо чинакам дўстлари бўлмайди. Буюк донишмандларнинг ҳеч бири билан яқинлаша олмаган, ҳаммасини шошилиб, юзаки ўтказиб юборган кимса ҳам шундай бўлади. (3) Ютиб улгурмасданоқ қусиб ташланган овқат фойда келтирмайди ва вужудга ҳеч нарса беролмайди. Дори-дармонни тез-тез алмаштириб турадиган бемор асло тузалмайди, соғлиғига зарар келтиради. Турли-туман дорилар суркаладиган яра сира битмайди. Ҳадеб у ёқ-бу ёққа кўчирилиб ўтказилаверадиган ниҳол кўкармайди. Энг фойдали нарса ҳам юзаки ҳолда фойда келтирмайди. Китоблар ҳам кўпликда бизни сочиб юборади. Шунинг учун, агар эгалигингдаги китобларнинг ҳаммасини ўқий олмасанг, ўқий оладиганингча китобга эга бўл – етади. (4) «Аммо, – дейсан сен, – гоҳида у китобни ўқигим келади, гоҳида – бошқасини». Турли-туман таомларга қўл уриш – тўқчиликнинг белгиси, овқатларнинг турли-туманлиги ошқозонни тўйдирмайди, бузади. Шунинг учун ҳамиша тан олинган ёзувчиларни мутолаа қил, агар гоҳида бошқа нарсага чалғигинг келса, аввал ташлаб қўйган нарсангни ўқи. Ҳар куни қашшоқликка, ўлимга, бошқа бирор офатга қарши билим жамла ва, бошқа кўп нарсаларни кўздан кечириб, бугун сен ҳазм қила оладиган бирортасини танла. (5) Менинг ўзим ҳам шундай қиламан: кўплаб ўқиган нарсаларимдан бирор-бир нарсанигина эслаб қоламан. Бугун мен Эпикурни мутолаа қилаётиб (мен шундай тез-тез бегоналарнинг боғига тушиб тураман, қочқин сифатида эмас, меҳмон сифатида тушаман), қуйидаги ҳикматга дуч келдим: (6) «Шодумон қашшоқлик, – дейли у, – хусусий нарса». Агар шодумонлик бўлса, бу қанақа қашшоқлик бўлди экан? Оз нарсага эга бўлган инсон қашшоқ эмас, кўп нарсага эга бўлишни истайдиган, борига қаноат қилмайдиган инсон қашшоқдир. Хазинасида ва хирмонида қанча нарсаси борлигга, қанча сурувлари борлиги ва яна қанчаси қўшилаётганига қарамаса, кўзлари бошқаникига қадалган бўлса, топганини эмас, ҳали яна топиши кераклигини ўйласа? Бойликнинг чегараси борми, деб сўрарсан? Қуйи чегараси – зарур нарсаларгагина эга бўлиш, юқори чегараси – етарлича нарсага эга бўлишдир. Саломат бўл, биродар.
Нома III
   Сенекадан Луцилийга саломлар бўлсин!
   (1) Сен мен учун ёзган хатингни менга бериб қўйиши учун дўстингга берганингни ёзибсан ва кейин огоҳлантирибсан: мен сенга тааллуқли ҳамма нарсани ҳам унга айтавермаслигим керак экан, чунки сенинг ўзинг ҳам одатда бунақа қилмайсан. Аён бўладики, битта хатнинг ўзида сен уни ҳам дўст деб эьтироф қиласан ва ҳам унинг дўстлигини тан олмайсан. Агар сен «дўст» сўзини шунчаки тил учида тилга олган бўлсанг ҳам майли эди, ахир биз ҳам сайловларда номзод бўлганларнинг барчасини шунчаки «жасур жўмардлар» деб атаймиз ёки қаршимиздан чиқиб қолган, биз исмини эслай олмаётган ҳар бир кишига «жаноб» деб мурожаат қиламиз. (2) Аммо, агар сен кимнидир дўст ҳисобласанг ва айни пайтда унга ўзингга ишонгандай ишонмасанг, демак, сен хато қиляпсан ҳамда ҳақиқий дўстлик қандай бўлишидан бехабарсан. Ҳамма нарсани дўстинг билан бирга ҳал этишга ҳаракат қил, аммо аввало дўстингнинг ўзини таниб ол. Дўст бўлсанг, унга ишон, аммо дўст бўлишдан аввал уни билиб ол. Кимки Феофрастнинг насиҳатига риоя қилмаса, аввал фикрлаб, кейин севиш ўрнига, аввал яхши кўриб қолиб, кейин мулоҳаза қилса, демак, у нима аввалу нима охирлигини адаштириб қўйгандир. У ёки бу кимса билан дўст бўлишдан олдин узоқ ўйла, аммо дўстликкка қарор қилганингдан сўнг дўстингни бутун қалбинг билан қабул эт ҳамда у билан худди ўзинг билан сўзлашгандан дадил сўзлашавер. (3) Шундай яшагинки, ҳатто душмангга айтиб бўлмайдиган бирор нарсани ўзинг ҳам тан олишингга тўғри келмасин, аммо сир сақлаш лозим бўлган нарсалар барибир ҳам мавжуд бўлса, барча ташвишларингни, фикрларингни дўстинг билан бўлишгин. Агар унга ишонсанг – уни ишончли дўстга айлантирасан. Кўпинча алданишдан қўрқиш орқали алдовга ўргатишади ва шубҳаланишлари натижасида шубҳаланган кимсаларига ёвузлик қилиш ҳуқуқини бериб қўйишади. Нега мен у ёки бу сўзни дўстим олдида айтолмаслигим керак? Нега мен дўстим ҳузурида турганда ўзимни худди ўзим билан яккама-якка тургандай сезмаслигим лозим? (4) Бировлар фақат дўстгагина айтиш мумкин бўлган нарсани дуч келган ҳар қандай одамга айтаверишади, фақат у жимгина эшитса бўлди, кўнгилларидаги ҳамма нарсани тўкиб солишади. Бошқалар ўзлари ҳақида энг яқин одамлари ҳам ниманидир билишини истамайдилар; улар, агар қўлларидан келганда, ҳаттто ўзларига ҳам ишонмаган бўлардилар, шунинг учун улар ҳамма нарсани ичларига ютишади. Унисини ҳам бунисини ҳам қилмаслик керак: ахир иккиси ҳам – ҳаммага ишониш ҳам, ҳеч кимга ишонмаслик ҳам – иллатдир, фақат шуни айтишим мумкинки, биринчи иллат – хайрлироқ, иккинчиси – хавфсизроқ. (5) Худди шундай доим хавотирда яшайдиганлар ҳам ва доим хотиржам яшайдиганлар ҳам ғазабга лойиқдирлар. Зеро ҳар нарсадан талвасага тушиш фаолликдан эмас, доимий ҳаяжонда бўлган кўнгил безовталигидандир ҳамда, худди шунингдек, ҳар бир ҳаракатни оғир, оғриниб қабул қилиш – хотиржамликнинг белгиси эмас, дангасалик ва инжиқликнинг нишонасидир. (6) Шунинг учун мен Помпонийдан ўқиган қуйидаги сўзларни кўнглингда сақла: «Айримлар шу қадар зулматга ботганларки, ёруғликдаги ҳамма нарсани ноаниқ кўрадилар». Ҳаммаси мутаносиб бўлиши керак: ҳузур-ҳаловат асири ҳаракат ҳам қилишни бошлаши керак ва тиним-тинчимас киши – бироз тин олишни, фикрлашни ўрганмоғи лозим. Табиатдан маслаҳат сўра: у сенга кун ва тунни яратганини айтади. Саломат бўл, биродар.
Нома IV
    Сенекадан Луцилийга саломлар бўлсин!
   (1) Азизим, бошлаган ишингни изчил давом эттир ва қалбингнинг камолоти ва халоватидан роҳатланиш учун имкон қадар шошилгин. Руҳни комиллаштиришда ва кўнгил хотиржамлигига интилишда ҳам ҳузур-ҳаловат бор; аммо иллатлардан холи ва нуқсонсиз руҳга разм солсанг, буткул ўзгача роҳат оғушига чўмасан. (2) Аниқ ёдингда бўлса керак, одми лаш-лушингни ечиб, эракаклик кийимларини киганингда ва форум даврасига чиққанингда қанчалар қувонган эдинг? Болаларча хулқ-атворингдан қутилиб, фалсафа сени эрлар қаторига қўшганда бундан-да каттароқ қувончни ҳис этасан. Ахир бу пайтгача бизда болаликнинг ёши қолмаса-да, энг ёмони, болаларча гўллик қолган бўлади. Бу шуниси билан ёмонки, бизни доно кексалар сифатида ҳурмат қилишади, аммо бизда болаларнинг, нафақат болаларнинг, ҳатто гўдакларнинг иллатлари сақланиб қолган бўлади; ахир гўдаклар арзимас нарсалардан қўрқишади, болалар – ўткинчи нарсалардан ҳайиқишади, биз эса – унисидан ҳам, бунисидан ҳам хавотирдамиз. (3) Олдинга қадам ташла – ва сен тушунасанки, кўп нарса айнан ҳаммадан кўп қўрқитиши туфайлигина қўрқинчли эмас. Охиргиси бўлган ҳеч бир ёвузлик улкан бўлолмайди. Ўлимга дуч келмоқдамисан? Агар ўлим сен билан қолганда эди, у қўрқинчли бўларди, ўлим эса ё сенга ҳали келмайди ёки, келса, тезда ўтади, орқада қолиб кетади, бошқача бўлиши мумкин эмас. – (4) «Руҳ ҳаётдан нафратланишига эришиш, – дейсан сен, – осон иш эмас». – Бироқ сен одамлар қандайдир арзимас сабаблар туфайли ҳаётдан юз ўгираётганини кўрмаяпсанми? Биттаси севганининг дарвозасига ўзини осиб қўйибди, бошқаси уй эгаси қичқирганини эшитмаслик учун ўзини томдан ташлаган, бошқа қочиб кетган бир кимса қайтариб келмасликлари учун ўз қорнига пичоқ тиқиб қўйибди. Наҳотки хаддан ошган қўрқув қилган ишни фазилатимиз қила олмайди? Ҳаётни узайтириш хақида кўп ўйлайдиган одамнинг ҳаётида ҳаловат йўқ, кўп консулликларни бошдан кечиришни буюк эзгулик ҳисоблайдиган одам хотиржам бўлолмайди. (5) Ҳар куни, ҳар лаҳза шу ҳақда ўйлагин, токим ҳаётдан кетишни фожиа билма, ўлимга хотиржам қара, кўпчилик кишилар уммон оқими тортиб кетаётган киши тиканак буталарга ва қиррадор тошларга тармашгани сингари ҳаётга тармашишади ва ёпишиб олишади. Кўпчилик шундай – ўлим қўрқуви ва ҳаёт азоб-уқубатлари ўртасида аросатда яшайди; уларга раҳминг келади, яшашни истамайдилар, ўлиш ҳам қўлларидан келмайди. (6) Яшаш учун, ҳаёт учун қайғуришни тўхтатсанггина ҳаётингда ҳаловат бўлади. Агар инсон бирор-бир эзгуликни охир-оқибат муқаррар йўқотишига ҳамиша ич-ичидан тайёр турмаса, ундан роҳатлана олмайди ҳамда, айтиш керакки, йўқотганда ачинилмайдиган нарсани йўқотиш оғриқсиз бўлади. Шунинг учун ўлим қаршисида руҳингни жасорат билан мустаҳкамла ва чиниқтир, билгинки, ўлимдан бу дунёнинг энг қудратли шахслари ҳам қутилиб қололган эмас. (7) Помпейга ўлим ҳукмини бир болакай ва скопчи чиқарганлар, Крассга – бир шафқатсиз ва шарттаки парфиялик. Гай Цезарь Лепидага бўйнини нотиқ Декстрнинг қиличига тутишни буюрган – ўзининг боши эса Хереянинг зарбасига дучор бўлди. Ҳеч кимни омад юқорига кўтарганидан кўра камроқ хавфга қўймаган. Сокинликка ишонма: денгиз бир лаҳзада қўзғалиши ва ҳозиргина бир маромда кезиб юрган кемаларни ютиб юбориши мумкин. (😎 Шуни ўйлагинки, сенинг томоғингга қароқчи ҳам, ғаним ҳам қилич тираши мумкин. Майли сен юқори ҳокимиятда эмасдирсан – барибир ҳар қандай қул сенинг ҳаётингга ҳам, ўлимингга ҳам тажовуз қилиши мумкин. Мен сенга шу гапни айтаман: ўз ҳаётидан тўйган ҳар қандай одам сенинг ҳаётингга хўжайин бўла олади. Уй-рўзғор фитналаридан ҳалок бўлганларни эсла, – улар ё куч билан, ё маккорлик билан махв этилганлар, – шунда тушунасанки, қулларнинг ғазабидан ҳалок бўлганларнинг сони шоҳларнинг ғазабидан қурбон бўлганларнинг сонидан кам эмас. Сен қурқаётган қудратли ҳокимиятнинг кучи нима бўпти, ахир сен қўрқаётган ўлимни бошингга бошқа ҳар ким ҳам сола олади? (9) Мана, дейлик, сен ғаним қўлига тушдинг ва у сени ўлим кундасига олиб боришни амр этди. Ахир сен ўзи шундайига ҳам ўлим томон бораётибсан! Туғилган ҳар бир инсон ўлимга томон бораётир. Нега ўз-ўзингни алдайсан, гўё доимо юз бериб турган нарсага энди тушунгандайсан? Сенга айтай: туғилган соатингдан бошлабоқ ўлимга томон бораётирсан. Агар биз бутун умримизнинг ҳамма соатлари мобайнида қўрқиб яшаётган охирги соатни хотиржам қарши олишни истасак, бу ҳақда ҳамиша ўйлашимиз ва ҳамма вақт буни ёдда тутишимиз керак. (10) Мактубимни тугатишим учун бугун менинг кўзим тушиб қолган (менга бегона бир боғдан узган) бу ҳикматни билиб ол: «Табиат қонуниятига монанд қашшоқлик – катта бойликдир». Сен мазкур табиат қонуни бизга қандай чегаралар қўйишини биласанми? На ташналикдан, на очликдан, на совуқдан уқубат тортишимиз шарт эмас. Очлик ва ташналикни даф қилиш учун димоғдорларнинг остонасига бош уриш, худбинларнинг қош-қовоғига қарашимиз ёки ҳақоратомуз муомалага чидашимиз шарт эмас, бахтимизни излаб денгизга талпинишимиз ёхуд қўшин кетидан боришимиз ҳам керакмас. Табиат талаб қиладиган нарсага имконимиз етарли, бунга эришса бўлади, биз фақат керагидан ортиғига эришиш учун қон ва терга ботамиз. 11) Ортиқча ҳавас учун биз нечталаб кўйлак йиртамиз, жанг-жадал ўтовларида умиримизни ўтказамиз, қариймиз, бегона юртларга, бегона қирғоқларга юзланамиз. Бизга етарлиси эса ёнимизда, шундоқ қўлимизнинг остида зоҳирдир. Қашшоқлигида ҳам сабр-тоқат қилган, кўзи тўқ инсон аслида бойдир, бой бўла туриб, яна бойлик излаб изғиётган, ҳеч нарсадан тап тортмаётган кўзи оч бой аслида жуда қашшоқдир, очдир. Саломат бўл, биродар.
Нома V
   Сенекадан Луцилийга саломлар бўлсин!
   (1) Сенинг тиришқоқлигиндан ва машғулотлардаги ҳаракатчанлигингдан қувонаман, сен ҳамма нарсани йиғиштириб, ўзингни кун сайин изчил комил этиш истагида ҳаракат қиляпсан ва мен сени бу учун шарафлайман. Бундан кейин ҳам шундай тиришқоқ бўлгин, мен бунда сени нафақат қўллаб-қувватлайман, балким ўтинаман ҳам. Сени фақат бир нарсадан огоҳлантиришни истайман: комилликка эришишни эмас, одамларнинг кўз ўнгида бўлишни истайдиганлардан ўрнак олма ҳамда на кийим-кечагингда ва на ҳаёт тарзингда ҳеч нарса ярқ этиб кўзга ташланмасин. (2) Афтода ҳолда, текисланмаган соч ва ўсиқ соқол билан кўчага чиқма, ясама дарвишона кўринишга уринма, олтин-кумушга нафратингни, керак бўлса қуруқ ерга тўшак ташлаб ётаверишингни – бир сўз билан айтганда, худбинликни қондириш учун қилинадиган ҳар қандай ҳаракатни намойишкорона кўрсатма. Ахир ўзимизни камтарона тутишимизга қарамасдан, файласуф, сўфий номининг ўзиёқ бу гумроҳ оломонда етарлича нафрат уйғотаётган бир пайтда, биз ўзимизни одамларнинг урф-одатларига зид тутсак, оқибати нима бўлади? Майли қалбимизда биз ўзгача бўлайлик – ташқи томондан биз одамлардан ажралиб турмаслигимиз керак. (3) Майли, кийим-кечагимиз ярқироқ бўлмасин – аммо кир-чир ҳам бўлмасин; майли қуйма олтиндан безалган кумуш идиш-товоқлар бизники эмасдир – аммо олтину кумушнинг бизда йўқлигининг ўзи ҳали кўзи тўқликнинг белгиси эмас. Оломондан яхшироқ яшаш учун балким ҳамма нарсани қилармиз, аммо буни оломонга ўчма-ўч қилмаслигимиз керак, акс ҳолда биз ўзимиз комил қилмоқчи бўлганларни қўрқитиб қўямиз ва ўзимиздан йироқлаштирамиз. Бизга монанд бўлишга тўғри келишидан қўрқишлари оқибатида улар ҳеч нарсада бизга ўхшашни истамай қоладилар – биз фақат шунга эришамиз. (4) Фалсафа ҳавола этишни ваьда қиладиган биринчи нарса – одамлар орасида яшаш қобилияти, хушмуомалалик ва мулоқотга мойиллик; аммо бизнинг ҳашамдорлигимиз, одамлардан ажралиб туришимиз бу ваьдани бажаришимизга халақит беради. Шу ҳақда ташвишланишимиз лозимки, токим биз одамларда ҳайрат уйғотишни истаган нарса уларда кулгу ва нафрат уйғотмасин. Ахир бизнинг табиат билан уйғунликда яшашдан ўзга мақсадимиз йўқ. Аммо табиат ўз вужудини қақшатмайди, осон эришиладиган батартибликдан юз ўгирмайди, бокираликни севади, нафақат арзон емакдан, балким қўпол ва бадхўр таомдан ҳам юз ўгиради. (5) Фақатгина ҳашамдорликка муккасидан кетганлар камёб нарсаларга қизиқадилар – фақат ақлидан мосуво кимсалар арзон ва ҳаммабоп нарсалардан ўзларини тортадилар. Фалсафа кўзи тўқликни тақозо этади, аммо бу – азоб-уқубат чекиш дегани эмас; камсуқумлик албатта кўримсизликни билдирмайди. Мана, менинг кўнглимга мақбул мезон: бизнинг ҳаётимизда эзгу фазилатлар, хулқ-атворлар кўпчиликнинг хулқ-атвори билан қоришиқ бўлиши лозим, одамлар бизнинг фазилатларимиздан ҳайратланишсин, шу билан бирга уни тан ҳам олишсин. – (6) «Қандай? Наҳотки биз ҳам бошқалардай бўлсак ва биз ҳамда уларнинг орамизда наҳотки фарқ бўлмаса?» – Фарқ бўлади ва бу фарқ жуда катта бўлади. Майли, бизга яқиндан разм солган кимса биз оломондан қанчалик фарқ қилишимизни билсин. Майли, бизнинг уйимизга кирган кимса биздан ҳайратлансин, аммо уйимиздаги идиш-товоқдан ҳайратланмасин. Лойдан бўлган сопол идишдан худди кумуш идишдан фойдалангандай фойдаланувчи инсон буюкдир, аммо кумуш идишдан худди лойдан бўлган идишдан фойдалангандай фойдаланувчи инсон ҳам буюкликда ундан кам эмас. Бойликка кучи етмаган, бойликдан ўзини йўқотиб қўйган, бойликни кўтаролмаган кимса руҳан заиф кимсадир. (7) Бугун ҳам сен билан ўзимнинг кичкинагина даромадимни бўлишмоқчиман: мен ўзимизнинг Гекатондан барча истакларимиздан воз кечсак, қўрқувдан ҳам холос бўлишимиз ҳақидаги ҳикматни топдим. «Агар умид қилишдан тўхтасанг, – дейди у, – қўрқишдан, титраб-қақшашдан ҳам тўхтайсан». Бу турли-туман икки нарсани қандай қиёслаш мумкин, деб сўрарсан?! Аммо ўзи шунақа, азизим Луцилий: гарча улар ўртасида ҳеч қандай умумийлик йўқдай туюлса-да, аслида улар бир-бири билан ўзаро боғлиқдир. Битта занжир қоровул ва у қўриқлайдиган асирни боғлаб тургани сингари, бир-бирига умуман ўхшамайдиган қўрқув ва умид биргаликда келишади: умиднинг ортидан қўрқув пайдо бўлади. (😎 Мен бунга ҳайрон бўлмайман: ахир уларнинг иккиси ҳам ишончи мустаҳкам бўлмаган, истиқболни хавотир билан кутаётган қалбга дохилдир. Умид ҳамда қўрқувнинг бош сабаби – бизнинг бугунги кунга мослашолмаслигимиз ва ўз ният-истакларимизни ҳамиша олис келажакка томон йўллашимиз, бугунни яхшилаш ўрнига эртага албатта яхши бўлар, деб яшашимиздир. Шундай қилиб, инсонга берилган энг буюк эзгуликлардан бўлмиш башорат қилиш ҳаётда ёмонликка эврилади. (9) Ҳайвонлар, жониворлар хавфни кўргач, қочадилар, хавфдан қочиб қутилгач, бошқа қўрқмайдилар. Бизни, инсонларни эса ҳам ўтмиш эзади, ҳам келажак азоблайди. Бизга берилган эзгу фазилатларнинг кўпи ўзимиз туфайли бизга зарар келтиради: хотира бизни қўрқувдан титраган кунларимизни яна бошдан кечиришга мажбур қилади, башорат қилиш ҳислатамиз келажакда чекадиган азоб-уқубатларимиздан дарак беради. Ва ҳеч ким фақат бугунги сабабларнинг ўзи туфайлигина бахтсиз эмас. Саломат бўл, биродар.
Нома VI
   Сенекадан Луцилийга саломлар бўлсин!
   (1) Тушунман, Луцилий, мен нафақат яхши томонга ўзгаряпман, балким бошқа одамга айланиб бормоқдаман. Менда ўзгартирадиган ҳеч нарса қолмади деб айтолмайман, бунга умид ҳам қилмайман. Тузатилмайдиган, камайтириш ёки кўтариш лозим бўлмайдиган нарсанинг ўзи бормикин? Ахир қалб аввал билмаган камчиликларини кўра олса, демак у янада яхшиланишга томон юз тутаётган бўлади. Айрим беморларни касал эканликларини сезганликлари учун ҳам табрикласа бўлади. (2) Мен ўзимда шиддатли тарзда юз бераётган бу ўзгаришлар сенга ҳам ўтишини истайман: шунда мен бизнинг дўстлигимизга – на умид, на қўрқув, на таьма парчалай олмайдиган, то ўлим кунигача сақланиб қоладиган, унинг учун ўлимга ҳам тик бориладиган ҳаққоний дўстликка янада мустаҳкам ишонч ҳосил қилардим. (3) Мен сенга дўстлари бору, аммо дўстликнинг ўзидан мосуво кўп одамларни санаб бера оламан. Қалбини умумий ирода ва ҳақиқат истаги чамбарчас боғлаган дўстлар бундай бўлмайдилар. Бошқача бўлиши мумкинми? Ахир ҳақиқий дўстлар ҳамма нарсалари, айниқса ташвишлари муштараклигини биладилар. Ҳар бир кун, менинг сезишимча, мени қанчалик олдинга ҳаракат қилдираётганлигини сен тасаввур ҳам қила олмайсан. – (4) «Агар сен бирор нарсани топган бўлсанг ва унинг фойдали эканини тажрибада кўрган бўлсанг, мен билан баҳам кўр», – деб айтасан сен. – Мен ҳам ҳамма билганимни сенинг шуурингга қуйишни истайман ва бирор нарсани ўрганар эканман, уни сенга ҳам ўргата олишимдан қувонаман. Ва ҳар қандай билим, қанчалик юксак ва фараҳбахш бўлмасин, агар бир менинг ўзим учун бўлса, менга ҳаловат бермайди. Агар менга бирор ҳикматни берсалар ва шарт қўйсалар: уни мен ўзимда сақлашим ва ҳеч кимга айтмаслигим лозим бўлса, – мен бу ҳикматдан воз кечар эдим. Агар бир ўзимиз учун бўлса, ҳеч бир эзгулик бизни қувонтирмайди. (5) Мен сенга китобларни жўнатаман ва сен ундаги фойдали ўринларни излашга вақт сарфламаслигинг учун белгилар қўйиб қўяман, токим сен бу белгилар орқали мен тавсия қиладиган ва ўзим ҳайратланган нарсаларни осон топа оласан. Бироқ доноларнинг тирик овози ва улар билан бирга яшаш уларнинг сўзларини ўқишдан кўра кўпроқ фойда келтирган бўларди. Келиб, ҳаммасини ўз жойида кўрган афзал, чунки, биринчидан, одамлар қулоқлари эшитгандан кўра кўзлари кўрганига кўпроқ ишонадилар, иккинчидан, насиҳатнинг йўли – узун, намуна кўрсатишнинг йўли қисқа ва ишонарлидир. (6) Агар фақат тинглаганида эди, Клеанф Зеноннинг аниқ нусхасига айланмаган бўларди. Ахир у Зенон билан бирга ҳаёт кечирди, яширин нарсаларни ҳам кўрди, Зенон ўзи чиқарган қоидаларга монанд яшаётган-яшамаётганлигини кузатди. Афлотун ҳам, Арасту ҳам ва кейин турли томонга тарқалиб кетган бошқа аҳли донишлар ҳам Суқротнинг сўзларидан кўра, кўпроқ унинг хулқ-атворидан ўргандилар. Метродора, Гермарха ва Полненани Эпикурнинг дарслари эмас, у билан ҳамнафасликда кечирилган ҳаёт буюк инсонларга айлантирди. Дарвоқе, мен сени оладиган фойданг учунгина мен томонга даьват қилмаяпман, балким сен ҳам менга берадиган фойдани ўйлаяпман; биз биргаликда бир-биримизга кўп нарса бера оламиз. (7) Айтгандай, мен ҳар куни ниманидир туҳфа қилишим керак. Мана, мен бугун Гекатондан ўқиб олган ҳикмат: «Нимага эришдинг, деб сўрарсан? Ўзимга ўзим дўст бўлдим». У эришган нарса оз эмас, чунки ўзини топган, ўзини ўз дўстига айлантирган одам энди ҳеч қачон ёлғиз қолмайди. Ва шуни билгин: ўзини ўзига дўст тутолган одам бошқаларга ҳам дўст бўла олади. Саломат бўл, биродар.
Нома VII
    Сенекадан Луцилийга саломлар бўлсин!
  (1) Сен кимдан ўзимни четга тортишим керак, деб сўрабсан? Оломондан-ми? Ахир оломонга бехавотир яқинлашишнинг иложи йўқ! Мен сенга ўзимнинг заиф томонимни айтишим керак: ҳеч қачон кўчага қандай чиққан бўлсам, шундай қайтмаганман. Нени хотиржам қилган бўлсам, у яна ҳаяжонга тушган, нимани ўзимдан йироқлаштирган бўлсам – у яна қайтган. Худди узоқ ётган бемор ўзини хавф остига қўймасдан кўчага чиқолмаганидай, биздай узоқ чекилган изтиробдан дили беморлар ҳам одамлар олдига чиқишдан безиллаймиз. (2) Ўзингни қаьрига уриб бораётган оломондан ёмонроқ ғаним йўқдир. Ҳар бири муқаррар ўз иллатини сенга жилвадор қилиб кўрсатади ёки юқтиради ёхуд билдирмай сингдиради. Бу тўдада одам қанчалар кўп бўлса, у шунчалар хавфлироқдир. Яхши хулқлар учун томошодан кўра дахшатлироқ нарса йўқдир: зеро бизга иллатлар ҳузур-ҳаловатлар орқали осон юқади. (3) Сенингча, мен нима деяпман? Одамлар орасида бўлганимдан сўнг мен уйга янада хасисироқ, иззатталаброқ, бойликка хавасмандроқ ва, албатта, шафқатсизроқ ва ноинсонийроқ бўлиб қайтаман. Мен тасодифан кундузги томошога дуч келиб қолдим, истагим инсоннинг қонига кўзи тушган одамни тинчлантирадиган ўйинлар кўриб ва ҳазил-мутойибалар тинглаб ҳордиқ чиқариш эди. Ажабо! Авваллари кўрганларимизнинг ҳаммаси жанг эмас, бағрикенглик бўлган экан, бугун – ҳазилдан асар ҳам йўқ – ҳақиқий қонхўрлик авжида! Ёпинчлар йўқ, бутун вужуд зарбага очиб қўйилган, ҳеч кимнинг қўли бехудага кўтарилмайди. (4) Кўпчилик айнан шуни хуш кўради, аввалги одатий жуфтликлар ва севимли жангчилардан афзал билишади! Нега шундай бўлмасин? На бошда ниқоб бор, на қилични қайтарадиган қалқон бор! Лаш-лушлар нега керак? Усуллар нимага зарур? Уларнинг барчаси ўлим лаҳзасини узайтиради. Эрталаб одамлар қашқирлар ва айиқларга едирилади, тушликдан сўнг – томошабинларнинг ғажишларига дучор қилинади. Томошабинлар ўлдирганларни уларни ҳам ўлдирадиганлар зарбасига бош тутишга буюрадилар, ғолибларни эртанги янги жанг учун қолдириш мақсадидагина аяйдилар. Жангчилар учун ўлимдан бошқа чора йўқ. Олов ва темир ишга тушади, саҳна бўшаб қолгунча шу аҳвол. – (5) «Ахир у қароқчи эди, қотил эди». – Одам ўлдирган киши ўлимга лойиқ. Аммо сен, шўрлик томошабин, қайси айбинг учун буни кўришга мажбурсан? – «Кес, ур, ёндир! Нега у бу қадар қимтиниб тиғга боради? Ана униси нима учун қўрқа-писа ўлдиради? Буниси нега истар-истамас ўлади?» – Ҳакамлар ғанимларни қилич тиғига ҳайдашади, яланғоч кўкраклари билан тиғга боришларини исташади. Танаффус пайтида-чи? Бу вақтда одам ўлдиришади, уларга нимадир юз бериб турса бўлди. Нега тушунишни истамайсиз, ёмон намуналар уларни намойиш қилаётганларнинг ўзларига қайтади? Ўлмас худоларга шукр қилингким, сиз ўрганишга ноқобилларга шафқатсизликни ўргатяпсиз. (6) Ҳали дийдаси қотмаганлар, қалби шафиқлар, эзгуликда барқарор бўлиб улгурмаганлар ўзини халқдан узоқроқ тутсин: бундайларнинг кўпчилик томонига ўтиб кетиши осон. Ҳатто Суқрот, Катон ва Лелий ҳам ўзларига ўхшамаган оломон орасида эзгу хулқларидан чекинган бўлардилар, биз бандаи ожизлар эса, ўз табиатимизни қанчалар такомилаштирмайлик, ҳар тарафдан хамла қилиб келаётган иллатлар босимига чидаш беролмаймиз. (7) Исрофгарчилик ва хасисликнинг битта намунаси ҳам кўплаб ёвузликларни олиб келади; эркатой ошнамиз бизни ҳам заиф ва танбал қилиб қўяди, бой-бадавлат қўшнимиз феьлимиздаги очкўзликни гиж-гижлаб юборади, маккор ўртоқ энг бокира ва содда биродарининг дилини ҳам занглатишга қодирдир. Хўш, агар бизнинг хулқ-атворимизга бутун-бир оломон ҳамла қилса, нима бўлади? Ё сен уларга тақлид қиласан ёки ҳаммани ёмон кўриб қоласан. (😎 Айни пайтда унисидан ҳам, буничидан ҳам йироқ бўлиш лозим: ёмонлар кўп бўлгани учунгина уларга қўшилиш, тақлид қилиш керак эмас ёки уларга ўхшамаганинг учун кўпчиликни ёмон кўриш ҳам керакмас. Узлатга чекин, имкон қадар ўз ичингга беркин; вақтингни фақат сени комиллаштирадиганлар билан ўтказ, ёнингга фақат ўзинг яхшилашинг мумкин бўлганларни яқинлаштир. Униси ҳам, буниси ҳам ўзароликда амалга ошади, зеро одамлар бировни ўқитар экан, ўзи ҳам ўсади, ўрганади. (9) Демак, сен иззатталаблигинг истаги туфайлигина ўзингни оммага намойиш қилишинг, оломон ўртасига чиқиб, ниманидир овоз чиқариб ўқишинг ёки фикрлашинг шарт эмас; менинг назаримда. Агар сенинг бераётган маҳсулинг оломоннинг қалбига яқин бўлсагина уларнинг олдига чиқиш мумкин, акс ҳолда оқил одамни улар тушунмайди. Эҳтимол, бир-иккита тушунадиган одам сенга учраб қолар, аммо сени чуқур ва тўғри тушунишлари учун уларни ҳам ўқитиш ва йўллаш лозим бўлади. «Аммо мен нима учун илм олдим, ўқидим?» – Меҳнатим зое кетди деб ачинма, хавотирланма: сен ўзинг учун илм олдинг. (10) Бироқ мен бугун фақат ўзим учунгина ўқимадим ва шунинг учун сенга буюклар бисотидан бугун кўзим тушган учта ҳикматни етказаман – уларнинг ҳаммаси айнан битта нарса ҳақидадир. Биринчиси шу номамнинг қарзини узсин, қолган иккитаси кейинги хатларимнинг ҳақи бўла қолсин. Демокрит ёзади: «Мен учун битта инсон –ҳалқдир, халқ – битта инсондир». (11) Ва яна бир донишманд шуғулланаётган саньати фақат бир неча одамгагина етиб борадиганлигини, нега бу натижасиз иш билан бу қадар тиришиб шуғулланишини сўраганларида, айтган: «Менга бир неча одам ҳам етади, менга битта одам ҳам етади, ҳеч ким тушунмаса ҳам етади», – бу донишманд ким бўлмасин (бу ҳақда турли фикрлар мавжуд), яхши айтган-да, биродар. Учинчи ҳикмат ҳам жуда гўзал – Эпикур ўқув машғулотларидаги ўртоқларидан бирига ёзган: «Буни мен оломонга эмас, сенга айтяпман: ахир бизнинг ҳар биримиз бошқа биримиз учун бир театр тўла одам баробаридамиз». (12) Мана, азизим Луцилий, кўпчиликнинг мақтовларидан келадиган сархушликдан сақланиш учун ана шу ҳикматларни қалбда асраш керак. Сени кўпчилик қўллаб-қувватлаши мумкин. Кўпчиликка тушунарли бўлсанг, демак, ўзингдан рози бўлишингга сабаб бормикин? Сенинг фазилатларинг қалбингга қаратилган бўлиши керак! Саломат бўл, биродар.
Нома VIII
    Сенекадан Луцилийга саломлар бўлсин!
   (1) «Сен менга оломондан йироқ бўлишни, узлатга чекинишни ва ўз виждонинг билан қаноатланишни буюрасан, – деб ёзасан. – То ўлгунча меҳнат қилиш ҳақидаги насиҳатларинг-чи?» – Сенга буюрган нарсамни – одамларга фойда келтириш учун улардан яшириниш ва эшикни тамбалаб олишни – ўзим ҳам қилганман. Бир кунни ҳам бекорчиликда ўтказмайман, ҳатто туннинг ҳам бир қисмини машғулотларга бағишлаганман. Озод бўлганимдан кейин ҳам ухлашга ётмайман: йўқ, уйқу мени ўз домига тортади, мен эса тиришганимдан чарчаган, юмилиб бораётган, ториққан кўзларимни ишимга тикканча, ўтираверман. (2) Мен нафақат одамлардан узоқлашдим, балким ишлардан, энг аввало – ўз ишларимдан ҳам узоқлашдим ва авлодларнинг ишлари билан шуғулландим. Мен келажак авлодлар учун уларга ёрдам бериши мумкин бўлган нарсаларни ёзиб бораман. Худди табиблар дори-дармонларни қандай тайёрлашни ёзиб борганларидай, мен ҳам ўз қалб яраларимни даволашда фойдаланиб, ишонч ҳосил қилган холоскор насиҳатларни қоғозга тушираман: яраларим битмаган бўлса-да, газак олиб кетмади. (3) Мен бошқаларга ўзим узоқ адашишлардан кейин, кечикиб бўлса-да топган ягона тўғри йўлни кўрсатаман. Қичқираман: «Оломон севадиган, тасодиф ҳадя қилган нарсалардан йироқ бўлинглар! Тасодифан келган ҳар қандай бойлик, ҳаловат қошида шубҳа ва қўрқув билан тўхтанг! Ахир балиқлар ҳам, жониворлар ҳам ширин умид илинжида қармоққа, қопқонга тушадилар! Сиз бу нарсалар тақдир иноятлари, деб ўйлайсизми? Йўқ, бу тақдир тузоқларидир. Ҳаётини имкон қадар хавфсизроқ яшаб ўтаман деганлар бу қуш елими суртилган ҳаёт бойликларидан, бу дунёнинг биз шўрликларни алдаш учун жилваланган нафсидан, бу ўлжага эга бўлдим, деб сархуш бўлганимизда ўзимизни ўлжага айлантирадиган неьматларидан қочсин. Бу неьматлар кетидан қувиш бизни чоҳга тортиб боради. (4) Юксакка ҳаволанган ҳаётнинг охири аниқ – қулашдир. Бунинг устига, бахт-саодат бизни ўнгу сўлга тортган пайтда қаршилик қилиш мумкинмас. Ё тўғри сузиш керак ёхуд бирдан тубсизликка қулайсан! Аммо толе йўлдан қайтмайди – у ағдар-тўнкар қилади ва қояларга уради. (5) Шунинг учун вужуд майлларига унинг мустаҳкамлигини қувватлайдиган даражадагина хоҳиш билдиринг ва шундай ҳаёт тарзини ягона соғлом ва шифобахш тириклик, деб билинг. Вужудни итоатда сақланг, токи у қалбга бўйсунишдан чекинмасин: овқат фақат очликни қондирадиган даражада кифоядир, сув – чанқоқни босса бўлди, кийим баданни совуқдан асрасин, уй-жой – вужудга бўладиган хавф-хатарлардан ҳимоя қиладиган бўлса, бас. Уйи лойдан бўлганми ёки хориждан келтирилган қимматли тошданми, бунинг фарқи йўқ: билингки, қамиш том остида инсон олтиндан ёпилган том остидагидан ёмон яшамайди. Кераксиз заҳмат ортидан келадиган, зеб бериш ёки кўз-кўз қилиш учун яратилган нарсалардан тортининг. Ёдингизда тутинг: руҳдан бошқа ҳеч нарса фахрланишга арзимайди, буюк қалб учун ҳамма нарса ундан кичикдир». (6) Мен ўзимга билан шундай суҳбат қурар эканман, айни пайтда буни авлодларга айтаётган бўламан, наҳотки, сенингча, мен бу билан судга қўллаб-қувватловчи бўлиб боргандан ёки узук муҳри билан мерос қоғозларини зарблаётгандан ёхуд сенатда қайсидир мансабдорга қўл кўтариб, овоз бергандан камроқ фойда келтираётирман? Шунга ишонгинки, сенга бекорчи бўлиб кўринаётган одам аслида муҳим юмушлар билан – ҳам илоҳий, ҳам инсоний ишлар билан машғулдир. (7) Дарвоқе, мактубни хотималашнинг айни пайтидир ва мен, қоида тариқасида, бу номамда ҳам нима биландир сени рози қилишим керак. Мен сенга ўз заҳираларимдан тўламайман; ҳали-ҳануз Эпикурни мутолаа қилаяпман ва бугун ундан шундай сўзларни ўқидим: «Ҳаққоний эркка эришиш учун фалсафага қул бўлгин». Аган сен бу ҳикматга ўзингни бахш этсанг, эркинлигинг кундан-кун ортга сурилавермайди: дарҳол эркка ноил бўласан. Чунки, фалсафага қуллик – бу дунёдан эркинликдир. (😎 Эҳтимол, сен нега бу гўзал сўзларни ўз замондошларимиздан эмас, Эпикурдан келтиришимнинг сабабини сўрарсан. Нега бу сўзлар ҳамма инсонларга эмас, фақат Эпикурга тегишли, деб ўйлайсан? Ахир, бугунги шоирларинг айтаётган кўпгина фикрлар аллақачон файласуфлар томонидан айтилган ёхуд айтилган бўлиши керак! Мен на трагедияларни, на бизнинг трагедия ва комедия ўртасида турган, жиддийликдан холи бўлмаган тогаталаримизни айтаётганим йўқ; ҳатто мимларда ҳам қанчалар муаззам сатрлар бор! Публилийнинг кўплаб шеьрларини ҳам кишанини судраб юрганларгина эмас, минбарларда нутқ сўзлаётганлар шавқ ила ўқиса арзийди. (9) Мен унинг фалсафага, хусусан фалсафанинг ҳозиргина мен айтган ва мен шуғулланган қисмига тегишли бўлган битта сатрини келтираман; унда шоир тасодифан қўлга тушган нарсани ўзиники ҳисоблаш мумкин эмаслигини ёзади:
Бегонадир ул, агар истагимизга кўра бирдан
Ёприлиб келса биз томон.
    (10) Ёдимда, сен менга меҳнатсиз келган бойлик ҳақидаги бундан ҳам қисқа ва лўнда бир сатрни келтирган эдинг:
    Омад берган нарса бизники эмас.
    Сенинг мана бу ҳикматинг (мен уни ҳам тилга олмай қўймайман) ундан ҳам ёмбидир:
   Бизга осон берилган нарса осон қайтиб олиниши ҳам мумкин.
   Мен бу ҳикматни қарзимни узиш учун бермаяпман: мен сенга ўзингникини қайтаряпман. Саломат бўл, биродар.
Нома IX
   Сенекадан Луцилийга саломлар бўлсин!
   (1) Сен билишни истайсанки, Эпикурнинг бир мактубида донишманд инсонга ўзидан бошқа ҳеч ким керакмас, донишманд ҳеч кимнинг дўстлигига муҳтожмас, деб таькидлайдиганларни қоралаши адолатданмикин?! Эпикур бу таьнани Стилпонга ва бошқа қалбни ҳар қандай таьсирга чидашдан асрамоқ – олий неьматдир, деб биладиганларга йўллаган. (2) Дарвоқе, агар биз қисқаликка эришмоқ учун awa&eia сўзини «чидамоқ» деб таржима қилсак, Эпикурни турлича талқинлашга йўл қўйган бўламиз. Ахир, бунда биз ўзимиз назарда тутганимиздан бошқача, буткул тескари маьноларни ўйлашимиз мумкин. Биз: «ҳар қандай оғриққа бепарво қалб» дейишни истаймиз, аммо: «ҳар қандай оғриққа чидамайдиган қалб» деб ҳам тушуниш мумкин. Ўзинг диққат қил, «дахлсиз қалб» ёки «ҳар қандай азоб-уқубатлар забт этолмайдиган қалб» дейиш яхшироқ эмасми? (3) Биз ва улар ўртасидаги фарқ ҳам шунда: бизнинг донишмандимиз ҳамма ноқулайликларни сезади ва енгади, аммо уларнинг аҳли донишлари ҳатто сезмайди ҳам. Биз ва улар ўртасидаги умумийлик эса мана бунда: донишимандга унинг ўзидан бошқа ҳеч ким керак эмас. Донишмандга унинг ўзи етарли бўлса-да, барибир у ҳам дўсти, қўни-қўшниси ва биродари бўлишини истайди. (4) Ўзинг мулоҳаза қилиб кўр, ўзининг бир қисми билан ҳам фараҳлана оладиган одам қанчалик ҳаловатланиши мумкин. Агар касаллик ёки ғаним уни қўлидан айирса, агар тақдир уни кўзларни кўр қилиб қўйса, донишмандга қолган қисми ҳам етарли бўлади, у мажруҳ вужуди билан ҳам жароҳатдан олдингидай тафаккур қилади, қувонади. Гарчанд у йўқотилганларини соғинмаса-да, йўқотишларсиз яшашни афзал билган бўларди. (5) Худди шундай, донишмандга дўстларсиз яшашни исташи туфайли эмас, дўстларсиз ҳам яшай олиши мумкинлиги туфайли ўзидан бошқа ҳеч ким зарур эмас. «Мумкин» дер эканман, мен шуни назарда тутаман: йўқотишни хотиржам қабул қила олишга қодир инсонгина донишманддир. Ахир, донишманд ҳеч қачон дўстсиз қолмайди ва бошқа бир дўстни қанчалик тезроқ топиш унинг амридадир. Агар Фидий ўзи ясаган ҳайкални йўқотиб қўйса, дарҳол бошқасини яратиб олган бўларди. Худди шундай, донишманд – дўстлик ришталарини боғлашга уста инсон – йўқотилган дўстнинг ўрнини янгиси билан тўлдиришга қодирдир. (6) Сен кинингдир дўстлигига қандай қилиб тезроқ эришиш мумкинлигини сўрайсан; агар мен қарзимни ҳозир қайтаришимга келишсак, мен жавоб бераман ва биз бу мактуб учун ҳисоблашган бўламиз. Гекатон айтади: «Мен дори-дармонларсиз, гиёҳларсиз, жодугарнинг дуойи-бадларисиз ҳам бошқаларни мойил этадиган воситани кўрсатаман. Агар сени севишларини истасанг – ўзинг ҳам сев». Нафақат кўҳна, синалган дўстлик бизга олий ҳузур-ҳаловат беради, балким янги, энди топилган дўстликнинг бошланиши ҳам бундан кам эмас. (7) Дўстга эга киши билан энди унга эришаётган киши ўртасидаги фарқ ўроқчи билан дон сепувчи ўртасидаги фарққа ўхшайди. Файласуф Аттал мусаввир учун расм чизиб ўтириш уни чизиб бўлгандан кейинги дамдагидан кўра ҳузурбахшлиги сингари, дўстликка эришишга ҳаракакат қилиш унга эришиб бўлишдан кўра роҳатли эканини кўп марта айтганди. Ўз асарини руҳий хотиржамлик билан ишлаётган одам ўз машғулотидан олий ҳузур-ҳаловат олади. Тугал асарни қўлдан чиқарар экан, энди у аввалгидай роҳатланмайди: энди у бор-йўғи саньатининг маҳсулидан қувонади, асар устида ишлаётганда у буюк яратувчилик саньатининг ўзидан шодланар эди. Болаларимизнинг ўсмирлиги сермаҳсулдир, аммо бизга уларнинг гўдаклик пайтлари лаззатлироқдир. (😎 Дарвоқе, суҳбатимизнинг мавзуига қайтсак. Майли, гарчанд донишманд одамга унинг ўзидан бошқа ҳеч ким керак бўлмасин, у барибир, дўстлик сингари олий фазилатдан мосуво яшамаслик учун, буюк дўстлик ҳурмати учун дўсти бўлишини истайди ва буни, Эпикур ўша мактубида айтганидай, «касал бўлганида қараб турадиган одам бўлиши, муҳтожликда ёки асирликда ёрдам олиш учун» истамайди, аксинча, дўсти бемор бўлганда, унга қараш учун, душманга асир тушган биродарини қутқариб олиш учун хоҳлайди. Фақат ўзини ўйлаб дўст тутинганларнинг фикри ожиздир; қандай бошлаган бўлса, шундай тугатади. Занжирбанликдан холос бўлиш учун дўст тутинган одам, занжирлар узилган заҳоти ғойиб бўлади. (9) Халқ вақтинчалик деб атайдиган дўстлик иттифоқлари шундайдир. Фойда илинжида топган дўстларимизнинг дўстлиги фойдамиз тегиб турганича давом этади, холос. Шунинг учун иши ўнгидан келиб турганларнинг атрофида дўстлари тўда-тўда юради, иши чаппа кетганлар, ҳалокатга дучор бўлганларнинг атрофи – саҳродай ҳувиллаб қолади. Дўстлик синаладиган пайтда дўстларнинг аксарияти қочиб кетади. Мана, худди шунинг учун биз бировлар қўрқувдан дўстини ташлаб кетаётганига, бошқалар қўрқувдан дўстларини сотаётганига кўплаб шармандали мисолларни кўриб турибмиз. Ибтидо қандай бўлса, интиҳо ҳам шундай бўлади, бошқача бўлиши мумкин эмас. Ўз фойдаси учун дўст бўлган одам бу дўстликка хиёнат қилиш учун қимматроқ тўлайдиган кимсани топса, дўстликни сотади, зеро унинг учун дўстликдан қимматлироқ нарса бордир. (10) Мен нима учун дўст орттираман? Мен дўстимни деб ўлиш учун, дўстимни деб сургун-саргардонликка кетиш учун, унинг ҳаётини сақламоқ йўлида курашиш ва ҳаётимни тикиш учун дўст орттираман. Сен ёзаётганингдай, манфаат учун, бирор фойда олиш учун тузилган дўстлик – дўстлик эмас, бу тужжорлар тузадиган савдо шартномасидир. (11) Шубҳасиз, севишганларнинг эҳтироси ва дўстлик ўртасида боғлиқлик бор, муҳаббатни ақлидан мосуволарнинг дўстлиги, деб ҳам аташ мумкин. Ахир севган одам фойдаси учун севадими? Ёки иззатталаблик ва шон-шуҳрат учун севадими? Ишқ қолган ҳамма нарсадан юз ўгириб, гўзалликка талпиниш ҳиссини қалбда оловлантиради, жавобан бўладиган меҳру муҳаббатдан умидворлик унда яшириндир. Нега бўндай? Наҳотки жуда ҳалол бир сабаб уятли эҳтиросни тўғдирса? – (12) Сен мени инкор қиласан: «Ҳозир гап бу ҳақда эмас, наҳотки дўстликнинг ўзи учун ёки бошқа бирор мақсад билан дўст орттирилади». Аксинча, шуни исботлаш лозим. Ахир, дўстликни дўстликнинг ўзи учун излаш керак бўлса, демак, ўзидан бошқага эҳтиёж сезмаган инсон ҳам дўстликни излаши мумкин. – «Хўш, у дўстликни қандай излайди?» – Фойдани кўзламай, омаднинг хиёнаткорлигидан чўчимай, энг гўзал нарсани ахтараётгандай излайди. Фойдаси тегиб қолар, дея дўст орттирадиган одам дўстликнинг юксак қимматини йўқотади. (13) Донишманд инсонга унинг ўзидан бошқа ҳеч ким керак эмас. Луцилий, кўпчилик одамлар бу фикрни тескари талқин қилишади: донишманд, ақлли одамни ҳамма жойдан ҳайдашади ва ўз қобиғига ўралиб яшашига мажбур қилишади. Айни пайтда мазкур ҳикмат кўп нарсани ваьда қиладими ва у нимани ваьда қилади – буни ойдинлаштириб олиш лозим. Донишманд одамлардай яшаши учун эмас, фозилона ҳаёти учун ўзи етарлидир. Тириклик учун унга кўп нарса керак, фозилона, фараҳбахш ҳаёт учун омадга термилиб турмаган, юксак ва соғлом руҳ кифоядир. (14) Мен Хрисиппга, унинг бўлиниш ҳақидаги фикрига мурожаат қилмоқчиман. У айтадики, донишмандга кўп нарса керак бўлса ҳам, у ҳеч нарсага эҳтиёж сезмайди, ахмоққа эса ҳеч нарса керак эмас, чунки у ҳеч нарсадан фойдалана олмайди, аммо унинг ҳамма нарсага эҳтиёжи бўлади. Донишмандга қўл ҳам, кўзлар ҳам, кундалик ҳаёт учун зарур бўладиган бошқа кўпгина нарсалар ҳам керак, аммо у ҳеч нарсага эҳтиёжманд эмас. Ахир, эҳитиёж – бу заруриятдир, донишманд учун эса зарурият йўқдир. (15) Демак, гарчанд донишманд учун унинг ўзи етарли бўлса-да, аммо унинг дўстларга талабгорлиги бор ва кўпроқ дўстлар орттиришни истайди, аммо бу дўстлар унга фараҳбахш яшаш учун керак эмас, у дўстсиз ҳам фараҳбахш ҳаёт кечира олади. Юксак эзгулик ташқаридан қурол-аслаҳа изламайди: эзгулик уйда яратилади ва ўзи-ўзидан келиб чиқади. Агар унинг бирор-бир қисми ташқаридан олинса, демак, унинг тақдири омадга боғлиқ бўлиб қолади. – (16) «Агар асирга тушса, бегона юртларга бориб қолса, узоқ сафарларда қолиб кетса, кимсасиз қирғоқларда қолса-ю, атрофида дўсти бўлмаса, донишманд қандай яшайди?» – Дунё жунбушга келиб, худолар яхлитлашганда, табиат қилт этмай, қотиб қолганда, Юпитер тинчланади ва хаёлларга берилади. Донишманд ҳам шундай қилади: ўз ичига сафар қилади, ўзлигига қайтади. (17) Токим ўз ишларини ўз билганича қила олар экан, у, гарчанд ўзидан бошқа ҳеч кимга муҳтожлик сезмаса-да, хотин олади, ҳеч кимга эҳтиёжи бўлмаса-да, фарзандлар туғдиради, бошқаларсиз яшай олса-да, агар бирор одамни кўрмасдан яшаш керак бўлса, яшамай қўя қолади. Дўстликка уни етаклаган нарса ўз манфаати эмас, бу табиий иштиёқдир. Ахир кўп нарсаларга, жумладан дўстликка иштиёқ бизнинг жону қонимиздадир. Ёлғизликк ҳаммани нафратини уйғотгани сингари, ҳамнафасликда яшаш инсонни инсон билан бирлаштиргани сингари бизни дўстликка интилишга мажбур қиладиган бир иштиёқ мавжуддир. (18) Аммо, гарчанд донишманд дўстини бошқалардан зиёда севса-да, дўстини ўзига тенг ва гоҳида ўзидан-да юқори қўйса-да, – ҳар ҳолда у шунга ишонадики, эзгулик унинг ўзида мужассамдир, шунинг учун у ўзича Стилпоннинг, ҳа, ўша Эпикур ўз мактубида ҳамла қилган Стилпоннинг сўзларини такрорлаб юради. Стилпоннинг жонажон шаҳри ғаним қўлига ўтганида, хотини, болаларидан айрилганида ва ҳамма нарсани ямлаб ютган олов ичидан бир ўзи тирик, аввалгидай хуррам чиққанида, кўплаб шаҳарларни вайрон этгани учун Полиоркет дея ном олган Деметрий Стилпондан бирор нарса йўқотган-йўқотмаганлигини сўрайди, файласуф жавоб беради: «Ҳаммаси ўзимда!» (19) Мана, жасур ва қатьиятли одам! У жангда ғолиб бўлган ғанимнинг ҳам устидан ғалаба қилар эди. У: «Мен ҳеч нарса йўқотмадим», – деб айтди ва ғаним ўз ғалабасига шубҳа қила бошлади. «Ҳаммаси ўзимда» – адолатим, фасоҳатим, оқиллигим, хотиним ва болаларим ёди, тафаккурим, тортиб олса бўладиган нарсаларни неьмат деб билмасликка бўлган қатьиятим ўзимда… Биз олов ичидан ўтиб, танаси куймай қолган жониворлардан ҳайратланамиз; қуролли қўшин сафидан, олов ва вайроналар ичидан ўтиб ҳам ўзини йўқотмаган бу инсон қанчалар ҳайратлидир! Кўряпсанми, бутун бошли халқни енгиш осондир, аммо бир инсонни енгиш қанчалар мушкул? Унинг нутқи ўз эзгулигини ёнаётган шаҳарлар аро бутун олиб ўтган жўмарднинг нутқидир. Ахир унинг ўзидан бошқа ҳеч кимга муҳтожлиги йўқ – унинг учун бахтнинг чегараси шудир. (20) Сен фақат бизнинг ўзимиз бу баландпарвоз сўзларни айтмаётганимизга ишонч ҳосил қилишинг учун айтаман – шуни билгинки, Стилпонга эьтироз билдирган Эпикурнинг ўзи ҳам шунга ўхшаш ҳикматни айтган, гарчанд бугунги қарзимни аллақачон узган бўлсам-да, бу ҳикматни ҳам қабул қилгин. «Бор нарсага қаноат қилмаган, борини тўкинлик деб билмаган киши, гарчанд дунёнинг ҳаммасига эга бўлса-да, қашшоқлигича қолади». Агар сен буниси яхши жаранглайди, деб ўйласанг, бошқача айтишим ҳам мумкин (ахир, биз сўзларга эмас, фикрга садоқатли бўлишимиз керак): «Дунёнинг эгаси бўлганда ҳам, ўзини ҳаммадан бахтли деб ҳис қилмаган одам, ҳаммадан бахтсиз бўлиб қолаверади». (21) Билгинки, бу фикрлар ҳаммага тегишлидир ва, демак, табиат томонидан донишмандларнинг қулоғига шивирлангандир, шунинг учун уларни сен ҳатто ҳажвчи шоирнинг ижодида ҳам учратишинг мумкин:
Бахтсиздир ўзини бахтли деб билмаган одам.
Ёмон яшаяпман, деб ҳисобласанг, қандай яшаётганингнинг аҳамияти борми?
   (22) «И-я, – дейсан сен, – ҳаром пул топиб бойиган, минглаб қулларга эга бўлган ва минглаб бошлиқларига қул бўлган қаллоб ҳам ўзини бахтли деб эьлон қилса, ўз ҳукмига биноан бахтли бўлиб қоладими?» – Йўқ, унинг нима деб айтаётгани муҳим эмас, нимани ҳис қилаётгани муҳимдир, фақат бугун ҳис қилаётгани эмас, ҳамиша ҳис қилиши муҳимдир. Шунинг учун сен ўзини фараҳбахш, бахтиёр ҳисоблаш бунга муносиб бўлмаганларга ҳам дохил бўлишидан хавотирланмасанг ҳам бўлади. Фақат донишмандларгина борига қаноат қила олади, қалби билан уйғунликда яшай олади, ахмоқлар эса борига қаноат қилмаганликларидан доимо эзиладилар, изчил азоб чекадилар. Бу хавотир, бу тинкақуритар азоб уларнинг қаноатсизлигига жазодир. Уларнинг жазолари ўзларидадир. Саломат бўл, биродар..
Нома Х
   Сенекадан Луцилийга саломлар бўлсин!
   (1) Айнан шундай, мен ўз фикримни ўзгартирмайман: оломондан узоқроқ бўл, айримлардан нари юр, бирорта одамга яқинлашма. Мен сенинг ёнингда ҳеч кимни ёнма-ён кўришни истамайман. Менга ишонгинки, мен сен ҳақингда юксак фикрдаман, шунинг учун ўзингни ўзингга ишониб топширишга жазм қиламан. Айтишларича, ўша аввалги мактубимда мен тилга олган Стилпоннинг тингловчиси бўлган Кратет бир куни ёлғиз сайр этиб юрган ўсмирни кўриб қолади ва ундан бу жойда битта ўзи нима қилиб юрганини сўрайди. – «Ўзим билан ўзим сўзлашяпман», – деб жавоб беради йигитча. Бу жавобга нисбатан Кратет шундай дейди: «Эҳтиёт бўл, йигитча, илтимос, яхшилаб разм сол: сенинг суҳбатдошинг – ёмон одам!» (2) Одатда биз фожиага дучор бўлган ёки қўрқув остида қолган одамлардан фалокат аригунча хабардор бўлиб турамиз, ёлғиз қолганда бирор бирор ёмон иш қилиб қўйишидан чўчиймиз. Умуман олганда, ақли такомилга етмаган ҳеч бир одамни ўз-ўзича қўйиб қўйиш мумкин эмас: ёлғизликда бундай одамларни ёмон фикрлар чулғаб олади, улар ўзларини ҳам, бошқаларни ҳам хавф-хатарга қўядилар, бундай пайтда уларга шармандали истаклар тўда-тўда ҳамла қилади. Шунда шу пайтгача уят ва қўрқув яшириб туришга мажбур қилган нарсалар кўнгил тубидан юзага қалқиб чиқади, шарттакилик авжига чиқади, ярамас майллар қутқуланади, ғазаб қўзиб кетади. Ёлғизликнинг битта афзаллиги бор: ҳеч кимга ҳеч нарсани ошкор қилмаслик ва фош бўлиб қолишдан қўрқмаслик имконияти; аммо бу неьмат аҳмоқ одамни адо қилади, чунки у ўзини ўзи фош қилади. Кўряпсанми, менинг сендан умидим қанчалар улкан, тўғрироғи, мен сенга кафилман (зеро «умид» деб биз ё амалга ошадиган, ё амалга ошмайдиган неьматни атаймиз): мен сен учун ўзингдан яхшироқ дўстни тополмайман. (3) Мен хотирамда сен юксак бир фасоҳат билан талаффуз қилган сўзларга қайтаман. Ўшанда мен сени табриклаб, шундай деган эдим: «Бу сўзлар шунчаки тилдан осонгина учиб чиққан сўзлар эмас, бу сўзларнинг мустаҳкам замини бор. Бу инсон – кўплардан бири эмас, у эркинликка интилади». (4) Шундай сўзла, шундай яша. Фақат диққат қилгинки, сени ҳеч нарса асир қилолмасин. Ўзингнинг аввалги тилакларинг ижобатини худоларнинг иродасига қолдир, энди ўзинг улардан янгидан илтижо қилиб сўра: ақлинг равшан бўлсин, хотиринг жам бўлсин, дилхаста бўлма, кейин – вужуд саломатлиги ҳақида сўрашинг мумкин. Нима учун бу ҳақда тез-тез илтижо қилишинг мумкин эмас? Худодан дадил сўрагин: сен ундан бировнинг нарсасини сўраётганинг йўқ. (5) Дарвоқе, одат қилганимиздай, бу нома билан ҳам сенга мўьжазгина туҳфа юборишни истайман. Афинодорнинг бисотидан шундай ҳаққоний сўзларни топдим: «Билгинки, агар сен худолардан ҳаммага эшиттириб сўраш, илтижо қилиш даражасига етсанг, яшириб сўрайдиган нарсанг бўлмаса, сен барча ҳавою ҳирслардан, нафсу истаклардан озод, ҳур бўлган бўласан». Ахир, одамлар қанчалар ақли ноқисдир! Одамлар худодан шивир-шивир қилиб, майда-чуйда, пасткаш нарсаларни сўрайдилар, биров қулоқ тутса – жимиб қоладилар, одамлардан яширадиган нарсаларни худога айтадилар. Диққат қил, токим бу насиҳат сенга ҳам тааллуқли бўлиб қолмасин: одамлар билан гўё сени худо кўриб тургандай яшагин ва худога гўё ҳамма одамлар эшитиб тургандай илтижо қилгин. Саломат бўл, биродар.

Карим БАҲРИЕВ таржималари.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот