ФАРИШТАЛИ АЁЛ ЭДИЛАР...


Азиз отам- қиблагоҳим,
Волидам-йўқотган моҳим,
Сизни излаб топмам роҳим,
Файз-тарингизни соғиндим...

   Мен ҳар гал Музаффар Муҳаммадназар билан телефон орқали гаплашганимда, суҳбатимизнинг бир учи, албатта, волидалари (охиратлари обод бўлсин) Малоҳатхон опа Мирзомуҳаммадга (01.02.1955 й. - 10.03.2019 й.) бориб тақалади. Беихтиёр юқорида келтирганим - раҳматли дадам ва аяжонимга атаб ёзган сатрларим ёдимга тушади...
  Малоҳатхон опа билан 90-йилларда "Саодат"журналида ишлаб юрган кезларим танишган эдим... Нозик дид билан кийинган, ним табассумли, хушбичим аёлнинг хонамга оҳиста қадамларда кириб келган ҳолатлари ҳануз эсимда. Опа ўзларини таништирарканлар, санъаткорлар ҳақида мақолалар ёзиб туришларини айтдилар. Анча суҳбатлашиб қолдик... Бир-биридан гўзал фарзандлари ҳақида... турмуш ўртоқлари Муҳаммадназар аканинг кўп йиллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида хизмат қилганлари сабабли бир неча вилоятларда яшаб, ишлаганлари тўғрисида гапириб бердилар. Опанинг самимийлиги мени мафтун қилганди!...
   Кейинги ташрифларида ҳам олиб келган мақолалари бош муҳарриримизга маъқул бўлиб, журнал саҳифаларида эълон қилинганда Малоҳатхон опа ўша ёқимли ним табассум билан мен билан хайрлашганлари эсимда...
  Орада мен кейинги фарзандимнинг парвариши билан бўлиб, Опа билан кўришолмадим...
   Ҳаёт ҳар дақиқада инсон ҳаётини ўзгартириб юбориши мумкин! Менинг ҳам кейинги хизматим радио, телевидение ва газета редакцияларида кечди. Баъзи хотиралар йиллар туманида рангсизлашди...
   Букун китобларимни нашриётларга топшириб, файзибоғ саҳифалари билан танишиш учун бу бепоён ҳудудга қадам босар эканман, ўша гўзал суҳбатдошим Малоҳатхон опанинг меҳр билан таърифлаган дилбандлари - оқкўнгил, яхшиликсевар инсон, истеъдодли ижодкор Музаффар Муҳаммадназар билан танишдим! Укамиздаги каттаю кичикка тавозе билан, камтарона ва энг асосийси, юксак маданият билан мурожаат қилишлари менга Малоҳатхон опани эслатади. Бугунги кунда "камёб" фазилатга айланиб бораётган КАМТАРлик Опанинг жигарбандларига мерос қолганидан жуда хурсанд бўлдим! Шу боис ҳам Музаффаржоннинг ота-оналарининг руҳлари боқий дунёда тинч ва шод эканлигига иймоним комил! Ўтганларнинг охиратлари обод бўлсин!
   Музаффаржон, Сизга Падари бузрукворингизнинг жасорати, Волидаи муҳтарамангизнинг истеъдоди ёр бўлсин!

Санобар ФАХРИДДИНОВА - шоира.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот