МУҲАББАТ МАВЖУД


Жайронлар жуфтига боқар жавдираб, 
Оққуш қанот қоқар оққушни сўраб, 
Дегайман оятлар лабимда титраб..
 - Муҳаббат бор эди, муҳаббат мавжуд.

Дунё бахтли эди бизга қадар ҳам 
Албат бахтли бўлар биздан кейин ҳам, 
Абад юрак гуллар очилар там-там:
-   Муҳаббат бор эди, муҳаббат мавжуд.

Кўзимда ёш билан куларман мен ҳам, 
Тиласам муҳаббат тиларман мен ҳам:
Ишқ билан дунёни оларман мен ҳам.
- Муҳаббат бор эди, муҳаббат мавжуд. 

Муҳаббат пойида гул бўлажакмиз, 
Юрак эшигида қул бўлажакмиз, 
Биз муҳаббатлилар эл бўлажакмиз,
-   Муҳаббат бор эди, муҳаббат мавжуд.

Ким айтар Мажнун йўқ, Лайли бўлмагай, 
Йиғладим, кўз ёшим ичган сўлмагай.
Муҳаббат ўлмагай, ҳаргиз ўлмагай,
Муҳаббат бор эди, муҳаббат мавжуд.

Зулфия МЎМИНОВА шеъри.
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР ижросида ўқилди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот