БУ ЖОЙДА...


Ғалати қушларнинг саси ҳам,
  Гўёки дарахтлар тортар ғам.
  Жилмайган майсанинг кўзи нам,
  Ҳурликдан маҳрумлар бу жойда...

 Нигоҳдан армонлар тўкилар,
 Исёну пушмонлар тўкилар.
 Қурт еган дарахту... тик улар,
 Бедоду мазлумлар бу жойда...
 
Симтўрлар тебранмас шамолда,
 Капалак қони бор деворда.
 Ҳаммаси бир хил кўк рўмолда,
 Қадардан ҳукмлар бу жойда.

 Бир аёл дард тутиб йиғлайди,
 Тўлғоқми ё алам қийнайди.
 Болалар бир четда ўйнайди...
Бир ёшли маҳкумлар бу жойда.
 
Қавмимсан, ўйласам оғрир жон,
 Бир қўлинг тавбада, бири қон.
 Қанийди, бўш қолса шу макон,
 Кўз ёшли маҳкумлар бу жойда,

Ҳурликдан маҳрумлар бу жойда... 

    Мунаввара УСМОНОВА – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, «Саодат» журнали бош муҳаррири.
24.04.2025 йил










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот