Шоирлик - нурга, маънавий ёруғликка интилишдир
Шоирлик — нурга, маънавий ёруғликка интилишдирМоҳигул Назарованинг шеъриятига назар
“Шоирлик — нурга, маънавий ёруғликка интилиш. Шоир – оламни ойдин ҳақиқатларда кўриб, ёруғ ҳиссиётларда қалам тебратадиган шахс, ташқи дунёнигина эмас, у инсоннинг ички олами ҳам нурли бўлиши дардида яшайди”,- деб ёзган эди йирик навоийшунос олим, ҳамюртимиз И. Ҳаққул.
Бугунги кунда Бухоро адабий муҳитига назар ташласак, “ёруғ ҳиссиётлар билан қалам тебратадиган” истеъдодли ижодкорлар сони ортиб бораётганининг гувоҳи бўламиз. Айниқса, аёл шоираларимиз шеърият бўстонини чаманзорга айлантириш йўлида изланаётганликлари ижобий ҳолатлардан биридир. Бухоро тарихини ўзига хос оҳангда, услубда куйлаётган Ибодат Ражабова, аёл қадри ва қалби нолаларини назмга тизаётган Лайло Шарипова, Гўзал Рўзиева каби истеъдодлар қаторида Моҳигул Назарованинг ҳам ўз ўрни борлиги шеърхонларни қувонтириб келмоқда.
Наср ва назмда ижод қилаётган шоира ижоди китобдан китобга ўтган сари ўсиб бораётгани кўринади. 1997 йилда нашр этилган “Юрагимда сўз”, 2008 йилда нашр этилган “Қалбим шабнами” номли шеърий китоблари, 2021 йилда нашр этилган “Заъфар кўзгу” тўпламидаги шеърларни ўқиган китобхон сўзларимизнинг ростлигига албатта, ишонади. Айниқса, “Заъфар кўзгу” шеърий тўпламини ўқир экансиз, самимий дил изҳорлари, аёл қалби кечинмаларининг ранго ранг товланишлари эътиборингизни тортмай қўймайди.
Сиз менга бахт эмас, битта сўз беринг,
Меҳр, муҳаббат-ла боққан кўз беринг.
Бухоролик шоиранинг ҳаёт ҳақидаги кузатишлари ўзига хос: у ҳаётни “бутун умр соҳил излаган”, кўз ёшига чўккан кемага ўхшатади.
Шоира шеърларида кўнгил образининг сувратини чизиш руҳи устувор. Унинг дастлабки шеърий китоблари сарлавҳасиданоқ (“Юрагимда сўз”, “Қалбим шабнами”) кўнгил билан боғлиқ кечинмалар, унинг изтироблари ёрқин ифодаланган кўзга ташланади. “Кўнгил” шеърида севгида нур топмаган лирик қаҳрамон кўнгилга мурожаат қилар экан, гоҳ узоқ-узоқларга кетишни қўмсайди, ишонч қалъаларининг нурагани қалбини ларзага солади, “унутмоқлик” куйини чалишга рози бўлса-да, шеър ҳаётсеварлик ғояси билан тугалланади. “Кўнглим қўйгин” шеъри эса ўксиган кўнгилни кўтаришга, ҳаётини севишга чақириши билан дилларга яқин:
Ишон, яна яшаш ишқидан,
Бир мунаввар бўлади, диллар.
Лирик қаҳрамон озурда кўнгилнинг гўзал ҳаёт, хушбўй ҳаволардан тирилишига, сеҳрли ғазал, наводан жон олишига ишонади, қишдан чиққан юракларнинг баҳорга интиқлиги, яхшиликка ишончи ортади:
Кўклам меҳри устун ташвишдан,
Яшаш расмин чизса Муҳаббат.
“Кўнглингизни қўлимга беринг” шеъри, айниқса, ўзига хослиги билан ажралиб туради.“Кўнглимни бер... Бошқа нарса сўрамайман” деб нола қилган, муҳаббат дардида ўртанган лирик қаҳрамон ,”Телба кўнгил майли дея, Йўлларингга тўкилган бор умрим ҳаққи” дея кўнглини сўрайверади. Ошиқ юрагидаги музли қоя эса ҳеч эримайди. Кўнглини, ишқини қайтиб беришини сўраган маъшуқа энди ошиқ дея йиғлашни истамайди. Кўнглини инжиқ болага ўхшатар экан, сўзларининг “ғамдарёга чўк”канидан ошиқнинг таскинлари энди уни овутолмайди.
Кўнглимни бер...
Йўлингга кет, қайтма энди,
Бегоналик тақдир ёзган ёзуқ экан.
Кўнгилгинам сен деб мудом куйди, ёнди,
Сўзларинг-чи совуқдан ҳам совуқ экан..
Кўнглимни бер...
“Кўнглимни алдадим”, “Кўнгилжон”, “Йиғла, дил...” каби шеърларида ҳам биллур кўнгил армонларини қоғозга тўкади. Ёлғизликка маҳкум лирик қаҳрамон “кўнгил қудуғида қолди фарёдим” дея фарёд чекади, шу билан бирга юрагига тиланмаслик, тиргак изламаслик, ўртанмаслик кераклигини қайта-қайта уқтиради. Баъзан эса кўнгли жим кўнади, исён қилмайди. “Йиғла, дил” шеърида кўнгил, юрак, қалб, дил каби синонимларни ишлатиш орқали муҳаббат изтиробларини, меҳрга зор туйғуларни табиий тасвирлашга эришади. Шу билан бирга шеърда икки хил ҳолат кўзга ташланади: дастлабки ва охирги қисмларда “туйғулари етим” дилига йиғла деб буюрган лирик қаҳрамон 2, 3, 4 – қисмларда уни мағрурликка чорлайдики, шу ўринда мувозанат бузилгандай туюлади шеърхонга.
Шоира шеърларининг мавзуси ранг-баранг. Унинг табиат лирикасига бағишланган шеърларида фалсафийлик, инсон ва табиат ўртасидаги боғлиқлик нурли рангларда тасвирланади. Масалан, “Куз” шеърида “ёмғирлар бирданига рақсга тушади”, қишнинг келишидан дарак бериб “шамол мунгли қўшиқ айтади”. Шоира кузни қайтарган баҳорга ўхшатади, ёмғиркуй каби оригинал сўзларни ишлатиш орқали табиат ҳодисаларини табиий тасвирлашга эришади.
Куз аслида сарғайган сурат,
Чақмоқ уни ташлайди йиртиб...
Куз барибир сени суяман...
Сен келганинг қалбим учун-тўй...
“Ёмғир ижро этар минг йиллик куйни” деб ёзади бошқа бир “Куз” шеърида. “Хазонми бу “ шеърида япроқни кузнинг заъфар кўзгусига, хазонни эса дарднинг исига ўхшатади. Куз, хазон, япроқлар образи лирик қаҳрамон қалбидаги армонлар билан уйғунлашиб кетади.
Шоира ижодида оҳорли ташбеҳлар кўплаб учрайди. Ҳижрон азобларини бошидан кечирган, ёлғизликка маҳкум ошиқ ўзи билан маъшуқасига “Баҳорга интилган интиқ ялпизмиз” дея баҳо беради. Унинг “Нечун шеър ёзаман....” сарлавҳали шеърини ўқир экансиз, ижод аҳлини қийнаб келадиган саволларга жавоб топгандек бўласиз. Ҳақиқатан ҳам шеър кимнингдир дилига нур таратса, шеърга ошно бўлмаган юракларга малол келиши мумкин. Аммо ижодкор учун шеър “қонида, жонида айланган нафас, кўнглининг мулки” ҳаётининг асоси, Аллоҳнинг инъомидир, шу боис ижодкор ҳеч кимга айтмаган дардларини шеърга солади.
Менга шеър туфайли ёруғдир очун.
Не деса десину, қалби сўқирлар,
Тўкилган юрагим заминидир шеър.
Эҳтимол, киноя билан ўқирлар,
Умримнинг боши-ю,якунидир шеър!
Бу сатрлар шоира ижодининг кредоси бўлиб хизмат қилади десак адашмаймиз. Шу билан бирга ҳижрон азоблари, муҳаббатга интилган қалб товланишлари, рад этилган туйғуларнинг тиниқ тасвири шоира шеърларига оҳор беради.
Дард, алам кўйлаги – тақдир берган сеп,
Кийганим шу бўлди, қара – енгсизман,
Ранглари заъфарон сомон, сенсизман…
Шоиранинг кўпчилик шеърларида заъфарон ранглар жилоси (“Заъфар ранг теварак олар боримни”) лирик қаҳрамоннинг туйғуларини ўзида ёрқин акс эттирганини кўрамиз.
Моҳигулнинг шеърларида ҳижрон, дард, алам, куйган кўнгил фарёдлари, ёлғизлик каби мавзудаги шеърлар кўпчиликни ташкил этса-да, унда ҳаётсеварлик, келажакка ишонч туйғуси билан йўғрилган сатрлар (“Кўнглим, ишон бу ёғи гўзал...”, “Доим бор бўл, яшагин ҳаёт”, “Шодликлар қулоч очди, қайғулар бўлсин озод!...) ҳам учраши шеърхонни шоира ижодига янада яқинлаштиришга хизмат қилади. Фикримизни яна шеършунос танқидчи И.Ҳаққуловнинг қуйидаги сўзлари билан тугатамиз :“Ҳақиқий шеър бир мўъжиза дейишади. Мўъжиза яратиш асосан даҳо санъаткорлар қўлидан келади. Бунга эса фақат талант ёки илҳом билан эришиб бўлмайди – кўп изланиш, қаттиқ заҳмат чекиш, тер тўкиб меҳнат қилиш ҳам зарур”. Биз ҳам мўъжиза яратиш йўлида бухоролик истеъдодли шоирамизнинг изланишдан, заҳмат чекишдан толмаслигини истаб қоламиз.
Шоира Ахмедова, Бухоро давлат Университетининг профессори, филология фанлари доктори.