ДИЛ СОҒИНГАН ИНСОНЛАР
ДИЛ СОҒИНГАН ИНСОНЛАР
Муҳаббат – олтин-кумуш,
Қадрин билмас ёмонлар.
Эсласа йиғлар эмиш,
Дил соғинган инсонлар.
Боғингда бир райҳонман,
Унутману пайҳонман.
Гул узгани кечикма,
Куз келса мен тамомман.
Гарчи ўша ой-қуёш,
Ўша-ўша осмонлар.
Мижгонлари эмиш ёш –
Дил соғинган инсонлар.
Бахтсизликнинг тотидан
Кўп одамлар омонлар.
Ҳар куни хат битармиш,
Дил соғинган инсонлар.
Ишқ нелигин билармиш,
Ранги-рўйи сомонлар,
Гулзоримга келармиш,
Дил соғинган инсонлар…
***
Дилкаш давраларнинг ярашиғисан,
Кулсанг кулгинг каби шарқироқ сой йўқ,
Йўлларда гул тутган ошиғинг қанча,
Фақат ҳаётингда мен учун жой йўқ.
Кошки эшигингда бир занжир бўлсам,
Ўтган-қайтганингда қўнсам қўлингга.
Кошки бир сўз бўлсам тансиқ ва сўлим,
Титрардим япроқдай олсанг тилинга.
Осмондай муҳаббат билан келсам ҳам,
Заминдай залворли бўлса ҳам туйғум,
Не қилай, сен кутган ул ёр эмасман,
Кўнглингнинг дардини ололмас севгим.!
Ҳар куни совғалар улашасан сен,
Ҳатто йўлингдаги болачаларга,
Мен эса рашк билан қараб қоламан,
Улар қўлидаги кулчачаларга.
Умидим, армоним, толейи бекам,
Бахтим осмонида бир сен-ҳумой йўқ.
Ёнингда солланиб юрайин десам,
Сенинг ҳаётингда мен учун жой йўқ.
Йиғлаган кўзлар ҳам қораймас энди,
Ҳижрон бойлик бўлса, мендайин бой йўқ.
Йўлинг тўлиб-тошган севганларинга,
Фақат ҳаётингда мен учун жой йўқ….
Арзи ҳол
Байрамлар кўчамдан ўтмай ҳам қўйган,
Энди дил сендан сўз кутмай ҳам қўйган,
Эртакда экан-ку ёрилтошлари,
Ҳозир тош ҳеч кимни ютмай ҳам қўйган.
Баҳорда куртакдай кетгайман яшнаб,
Кузда япроқ каби бўлгайман хазон.
Қанийди шу тошлар ютсайди мени,
Қадрсиз бўлмасдим балки ҳеч қачон.
Ҳозирча… Заминда борман, омонман,
Ким учун бахтману ёлғиз имконман.
Сенга ёқмаса ҳам шу мавжудлигим
Ўзимча кимгадир таянч-осмонман.
Осмон-чи булутсиз бўлмайди асло,
Кезади дарбадар унда ҳам ҳам чақин.
Бу чақин сени ҳам этгай мубтало-
Менинг кўчамда ҳам байрамлар яқин!
Гуландом Тоғаева