ШАХС ШЕЪРНИ ЯРАТАДИ
ШАХС ШЕЪРНИ ЯРАТАДИ (бир шеър таҳлили)
Шеър ёзган одамнинг қалбидаги эзгулик доим қалдирғочдек “тинимсиз” “чуғ-чуғлайди”. Шеър ёзган одамнинг ўзи ҳам ва ўзгаларни ҳам мамнун айлайди. Шеър ёзган одамнинг ҳайратлари чексиз, орзулари осмон қадар юксак, Ҳақ таолонинг зикру ёди билан пайвандлайди! Дин ва дунё илмлари билан саодатманд этади! Мен ўзим шундай шоирларни ҳаёт ва ижод йўли ҳақида кўп ўйлайман: кўнглидан яна қандай оғриқлар ўтаркан? Изтиробларининг шаклу шамойил қандай? Муҳаббатининг жилваланаётган ва қуёш нурларида жимирлаётган ранглари-чи? Ҳа, аслида, ҳам ШАХС шеърни яратади. Бу янги ўзбек адабиёти, аниқроғи ўзбек шеъриятининг фидойи ижодкори Сирожиддин Рауфдир!
Сирожиддин Рауф – тарихий ва замонавий мавзуларни бир-бирига уйғунлаштириб, қатор туркум шеърлар ёзган ва ёзмоқда. Мен шоирнинг “Ташриф” номли шеърий манзумасига, тўпламига кириб, синчиклаб мутолаа қилдим. Ўзимга кўп ибратли ҳикматлари олдим. Амир Темур шахси ва шеърий байтлардаги шахсияти ҳақида тўлқинландим. Азим Қашқадарё воҳасининг руҳини янада қайта кашф қилдим:
Сирли мактуб каби йилларни йўллар
Ва бўшаб боради чархнинг садоғи.
Тусланиб лаҳзалар ўзича аврар,
Беш кунлик дунёнинг йўқ деб адоғи.
Шоирнинг безовталиги нимада? Ўз нафсини тия олмаган замондошларимизнинг адашишларидан ҳам бир ҳикмат топганида кўринади. Турланиб-тусланиб бораётган лаҳзаларни одамнинг ўз қўли билан яратиши, бир бутун жамият аҳлига юкунади. Демак, Лирик қаҳрамон ўзининг дарди билан, исёни билан олишади:
Ялт этиб ўтади шодумон кунлар,
Қайғули онларнинг қадами оғир.
Эзгулик ҳамиша яшашга ундар,
Қабоҳатдан юрак симиллаб оғрир.
“Қайғули онларнинг қадами оғир” сатрида елкасига бутун миллат дардини ортган инсонга тан эканлиги аёнлашади. Қайғу – шеърнинг юраги! У ҳамиша шоирни ўткир сўз айтишга ундайди. Қайғурган одамгина эзгулик ҳақида тинимсиз мушоҳада қилади. Ана шу метин қалбнинг қабоҳатдан жароҳат топиши, уни эзгу амаллар билан безаши эса осон эмас! Чунки атрофда сонсиз-саноқсиз қабоҳат ботқоғига ботганлар кўп. Уларни бир яхши томонга “ўзгартириш” асло мумкин эмас:
Мўмин солим турар- исён қилмайди,
Қанча чулғамасин ранж-алам доми.
Эрта не кутмоқда ахир билмайди,
Машрабнинг дорими ё Жамшид жоми?!
Мўминнинг исёни ҳам аслида яхшиликдир. Яхши бўлишликка даъват қилишдир. Чунки инсоннинг ҳар қандай вазиятдаги руҳияти уни ўраб турган атроф-жавонибга бўлган муносабатидан туғилади. Руҳият – шеър билан юксалади. Шеър орқали ўзини таний бошлайди. Бугун ана шу шеър бахтини ҳис қилиш қалбларнинг очиқлиги билан ўлчанади:
Шунда бу дунёнинг эртаси азиз,
Кўзларга тўтиё тоғу дашти ҳам.
Яхшиям, бандаси билмайди ҳаргиз-
Эрта не кутмоқда?.. Билмас яхшиям!
Эртага билиш одамга буюрилганида ҳамма ўзининг келажагини белгилаб, чизиб, таҳрирлаб оларди. Лекин Аллоҳ одамнинг кўзи олдига парда тутганки, шу истак ва хоҳишлар бизни парда орқасидаги жимликни англашга етаклайди. Жимликда гап кўп аслида. Мана шу жимликлар ичра шоир ўзини топишга интилар экан, бахти ва бахтсизлиги ҳам ўша ерда қоимдир. Демак, шеърнинг структурасидаги икки қарама-қарши куч, эзгуликнинг ёвузлик олдида таслимияти, вақти келиб, ҳар қандай ёмонлик ўзининг жазосини олишига инонтириш фалсафаси шеър руҳиятида акс-садо бермоқда. Машрабнинг куни ҳар қандай вазиятда бошга тушиши шоирга оғриқлар олиб келади. “Жамшиднинг афсоналардаги майи ҳеч тугамайдиган жоми ёрнинг лабидаги болига; паривашнинг юз ифодаси, мимикаси, қарашлари эса Искандарнинг олам сирларидан воқиф этувчи кўзгусига ташбеҳ қилинади. Байтда айтилишича, ёрнинг лабидаги болидан қанча баҳраманд бўлса ҳам, ҳеч тамом бўлмайди. Гўёки унинг лаби жоми Жам, туганмас боли эса майдур”(М. Жаббарова)
Аслида, мазкур шеърдаги мантиқни икки жиҳатга бўлиш мумкин: биринчиси, шоир тарих ва бугун билан ҳисоблашмоқда. Бугунидан катта бир мантиқ топган инсон учун шеърнинг сюжетида қатор саволларнинг туғилишига замин яратмоқда. Шеърдаги бир қатор ташбеҳлар зиддиятли равишда алоқага киришади. Бир-бирини тўлдирувчи образларда шоирнинг оламга айтган ва айтмоқчи бўлган муҳим инсон бўлишлик ҳақидаги концепцияси ёрқин рангларда қабариб кўринади.
Хурсандбек Тўлибоев.
29.08.2024 йил.