Севардим
Ҳозирги ўзбек шеърияти аъло даражада эмас. Абдулла Орипов кетди. Эркин Воҳидов кетди. Улар уникал шоир эдилар. Чунки, аксар назмий асарларида фалсафий фикр мавжуд бўлар эди. “Танқидга ҳеч ким ош қилиб берган эмас!” дер экан, ўз пайтида, шоир Мақсуд Шайхзода. Шу сабаб, ҳеч кимни қофиябозликда айбламайман. Умид қиламанки, кимдир яна ўзбек шеъриятини юксакликка кўтаради. Иқтидорли ижодкорларимиз мўл.
Ўтган асрнинг 60-, 70-йилларидан адабиётимизда лотин америкаси шеърияти улуғлана бошлади. Уларга тақлид қилувчи, модернистик шеърият битишга уринувчилар пайдо бўлди. Туроқ қоидаси унутилди. “Етук шеър ҳеч қачон қўшиққа тушмаслиги керак!” деган ақида пайдо бўлди. Лекин, бундан Ҳазрат Навоий руҳи хафа бўлгани йўқ. Бошқа, мумтоз шоирларимиз руҳлари ҳам пинак бузмадилар. Сабаби, модернистик шеърларни халқимиз қабул этмади.
Жаҳонда бошқа, оддий одамларга ёқадиган шеърият ҳам бор эди. Уларга, негадир, кўп қиё боқилмасди. Мен эса қидирардим. Ўша вақтда, менга, шахсан, бельгиялик шоир ва қўшиқчи Жак Брель ижоди ёққанди.
Бир куни, унинг бир шеърини ўзбекчалаштирдим. У жуда ҳаётий, ҳисли-ҳаяжонли, инсоний туйғуларга тўла назмий асар эди.
Диққатингизга ҳавола этаман:
С Е В А Р Д И М
(Жак Брельдан)
Севардим, ёшликда тингласам эртак
Парилар хақида бўлганин фақат
Ва қалбга чўмарди ғалати истак –
...Оҳ, жоним мен сизни ўйлардим у пайт.
Севардим, энг баланд тоғларга чиқиб
Узоқ-узоқларга боқишни ҳар вақт,
Чексиз завқ олардим водийни кўриб –
...Оҳ, жоним мен сизни излардим у пайт.
Севардим, қирғоққа тушганда оқшом,
Мажнунтол куйини тинглашни албат –
Нақадар мағрур ва нафис, дилором –
...Оҳ, жоним мен сизни билардим у пайт.
Севардим, кўпинча боғлар қўйнида
Тун бўйи кезишни, бўлиб бетоқат
Ва тонгни кутишни – қуёш йўлида.
...Оҳ, жоним мен сизни севардим у пайт.
Севардим, кетма-кет чақмоқлар чақиб,
Ғазабга келганда нохуш табиат,
Кўзингиздан ёшлар тушишин оқиб –
...Оҳ, жоним мен сизни қийнардим у пайт.
Севардим, куз фасли – дала, яйловни
Қуёш ботган чоғда маъюс ва лоқайд,
Хира туманликлар қамраб атрофни –
...Мен сизни йўқотиб қўйгандим у пайт.
Севардим, бодани симириб узоқ,
Тамаки тутатиб, ўйлашни фақат
Ва ўзга қизларга қўйишни тузоқ –
...Унутмоқчи бўлиб, мен сизни у пайт.
18.01.78
Озод Мўъмин Хўжа