АДАШДИМ
АДАШДИМ
Билмам, қайси кезда адашдим,
Баҳор ўтиб, кузда адашдим.
Кулиб туриб ёлғон сўзлаган -
Қаро-қаро кўзда адашдим.
Сендан ўзга бўлмайди деган,
Сенсиз кўнглим тўлмайди деган.
Сен-ла бахтим сўлмайди деган -
Ўшал ширин сўзда адашдим.
Жоним, қўйгин ёлғонларингни,
Ёлғон "оҳ"у, фиғонларингни.
Билдим қайда қолғонларингни...
Сен адашган изда адашдим.
Ўзимданам тонганим билан,
Қадрим йўқдир, қалбимда тикан.
Эримади ёнганим билан -
Қалбингдаги музда адашдим.
Қисқа экан муҳаббат фасли,
Меҳрга зор одамзот насли.
Кўнгил эмас, жоним, мен асли -
Манглайдаги тузда адашдим...
Бобур БОБОМУРОД