АЗИЗИМ, ДУНЁГА БЕВАҚТ КЕЛИБМИЗ


Тўра МИРЗО, халқаро Фузулий мукофоти совриндори
«АЗИЗИМ, ДУНЁГА БЕВАҚТ КЕЛИБМИЗ»
Уйғун, Иззат Султоннинг «Алишер Навоий» драмасидаги Навоий монологининг шоҳ мисраси

Қилкўприкдан ўтдик икков, сен-мен, биз, 
Шамол лол қолсин деб ортиқ елибмиз,
Дунёю дун кезиб англаганим шу-
«Азизим, дунёга бевақт келибмиз».

Муҳаббат сўзига уйқаш уқубат,
Кўкка боқ, ой юзи узра хунук хат,
Муҳаббат деганлар бахтсиздир абад,
«Азизим, дунёга бевақт келибмиз».

Толеъда қора хол, сиёҳ экан ол, 
Замона ҳайрона, вайрона иқбол, 
Севги-севги дея қаддимиз савол,
«Азизим, дунёга бевақт келибмиз».

Исминг Гули, йўқ-йўқ, самовий чечак, 
Жаннат гулларидан афзалсан бешак,
Ёмғиргинам, томар кўзёшинг чак-чак,
«Азизим, дунёга бевақт келибмиз».

Сендан сабоқ олсин само ҳурлари,
Бошга дурра бўлсин ял-ял нурлари,
Қоронғи дунёдан кетайлик нари,
«Азизим, дунёга бевақт келибмиз».

Бир кун ер-кўкни маҳв этгай муҳаббат,
Фарҳод-Ширин, Лайли-Мажнун, топмас бахт,
Аршга рақам бўлгай бул толеъсиз аҳд,
«Азизим, дунёга бевақт келибмиз».

Тилимни қонатди қиличдай сўзим,
Ичда зич ғуссага ойнадир кўзим,
Осмон қуламасин, унга бер тўзим,
«Азизим, дунёга бевақт келибмиз».










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот