ШОИРНИНГ ЎЛИМИ
ШОИРНИНГ ЎЛИМИ
Ҳалок бўлди шоир! – номус тутқуни –
Кўксида оловли қасос, қўрғошин,
Ифлос фисқи-фужур чулғади уни,
Йиқилди ҳам қилиб у мағрур бошин!..
Чиркин туҳматларга, шармисорликка
Шоирнинг виждони беролмай бардош,
Ўзи бурунгидай танҳо ва якка
Киборларга қарши кўтарганда бош,
Уни ўлдирдилар! Ўлдирдилар, энди
Йиғлашлар, беҳуда қуруқ мақташлар,
Аянч шивир-шивир, ўзни оқлашлар
Не ҳожат? Тақдирнинг ҳукми юз берди!
Сиз эмасми, аввал ёвузлик билан
Озод, жасоратли созин қувганлар,
Сиз эмасми, ахир сал йилтиллаган
Чўғдан эрмак учун ёнғин қилганлар?
Мана энди, қувнанг… Шоир энг сўнгги
Оғир азобларга топмади илож:
Ажойиб бир гений шам каби сўнди,
Сўлди тантанали, яшнаган гултож.
Шоирнинг қотили бемалол, ҳиссиз
Совуққонлик билан оларди мўлжал…
Нажот йўқ: совуқ қалб тепарди текис,
Қўли қилт этмади ўқ узган маҳал.
Сира ажаб эмас! У бизга юзлаб
Қочоқ келгиндилар каби, узоқдан
Омад дарди билан амал-мансаб излаб
Тақдир изми билан келган беватан;
Оёқ ости қилди тубан назар-ла,
Бегона тупроқнинг одат, тилини;
Шуҳрат-шаънимиздан у аламзада,
Англай олмасди бу қонли лаҳзада
Кимга кўтарганин ёвуз қўлини!..
Ўлдирилди шоир – қучди ер қаъри;
Ўша сўник рашкнинг қурбони бўлган,
Ўзи ажиб куч-ла тараннум қилган,
Ёт қўл-ла, ўзидек қатл этилган,
Номаълум, беозор куйчи сингари.
Дилкаш дўстлик, тинч роҳатдан кетдию, нечун
Ўтли ҳислар ва эрксевар қалбин бўғувчи
Бу ғаразгўй кибор тўпга нега йўл олди?
Ёшлигидан одамларни билса-ю, недан
Шундай пасткаш иғвогарга қўл берди экан?
Сохта меҳру ёлғонларга нега инонди?
Асл гулчамбарин олиб унинг атайин,
Кийгиздилар лавр ичра тиканли чамбар.
Унинг шон-шуҳратли порлоқ манглайин
Қаттиқ поралади яширин ништар.
Пасткаш нодонларнинг макру иғвоси
Заҳарлади унинг энг сўнгги дамин.
У ўлди – қалбида қолди қасоси,
Алданган умиднинг яширин алами.
Ажойиб қўшиқлар товуши тинди,
Куйчининг ошёни тор ва қоронғу.
Ажойиб қўшиқлар янграмас энди,
Муҳр лабларига босилди мангу.
Сиз пасткашлик билан шуҳрат тўплаган
Оталарнинг кибор, шум авлодлари,
Сиз, бахт ўйинида ҳақир ва нолон
Насллар хокини кулдай топтаган,
Тахт ёнида турган очкўз оломон!
Озодлик, Гений ва Шон жаллодлари!
Қонун соясига пусасиз фақат,
Лолдир қаршингизда суд ва ҳақиқат!..
Аммо, ишрат бандалари, тангри ҳукми бор,
Даҳшатли ҳакам бор, у кутар сизни:
Олтин жарангига учмас ҳукмдор,
Олддан билар фикру ишларингизни!
У чоқ беҳудадир шум бўҳтонингиз:
Жонга аро кирмас макр қонуни.
У маҳал жамики ифлос қонингиз
Юволмас шоирнинг қутлуғ қонини!
Михаил ЛЕРМОНТОВ.
Асқад МУХТОР таржимаси.