ҚОР
Ёғаверар, ёғар лайлакқор, Билмас, ерда нима гаплар бор,
Дилим тундир, кўнгилда ғубор,
Йўлларимни қор босиб қолди.
Оппоқ бўлди боғлару далам,
Оқ йўргакка ўралди олам.
Кўкка боқсам қилади алам,
Йўлларимни қор босиб қолди.
Тоғлар баланд, тоғлар навқирон,
Қорлар отиб ўйнайди довон,
Топганимда бормоққа имкон,
Йўлларимни қор босиб қолди.
Борайинми фалакдан учиб,
Ойга ботиб, юлдузни қучиб.
Ухламайди онам йўл кутиб,
Йўлларимни қор босиб қолди.
Ёлвораман, тингламас осмон,
Кўк тоқини тешолмас камон.
Мен аёзга кийдирай чопон,
Йўлларимни қор босиб қолди.
Қиш бўлмаса келмайди баҳор,
Гул фаслимга етказ мени, қор,
Ай қарғалар, сизга гапим бор,
Йўлларимни қор босиб қолди...
Мунаввара УСМОНОВА