СЕВАМАН ДЕБ АЛДА
Мени алда, севаман деб айт,
Мен сени ҳеч кимга бермайман дегин.
Шу тобда, жонимдан тўйиб турган пайт,
Аллоҳ билан бирга раҳмимни егин!
Алдагин, ишонай, шундай алдаки,
Шу ёлғон ўлимдан қолсин қутқариб.
Мени демаслигинг энг ўткир оғу,
Уни ичаяпман ҳозир сипқориб!
Ўтинчим ўрташни қилақолгин бас,
Минг битта бўлакка бўлинаяпман,
Қўй, менинг ўлимим қилмагин ҳавас,
Қарагин, хор бўлиб ялинаяпман!
Имкон бер яшашга, яна оз имкон,
Ўзимни қонимга булғама қўлим,
Мени севмаслигинг оддий ҳол балки,
Лекин мен севмасам ўлим бу!
Ўлим!
Бир дил вайронасин уволидан қўрқ,
Ишқинг оқиб ўтсин томирларимдан!
Кўнглингни мум каби эритсин Тангрим,
Сенсизлик балоси келганда бирдан.
Мени алда, севаман деб айт,
Мен сени ҳеч кимга бермайман дегин.
Шу тобда, жонимдан тўйиб турган пайт,
Аллоҳ билан бирга раҳмимни егин!
***
Тасаввур қил, мен энди йўқман,
Суратимдан бошқаси абас.
Ҳали тонглар уйғонмасидан,
Энди сени ҳеч ким йўқламас.
Тасаввур қил, сени соғиниб,
Бесаранжом бўлмайди ҳеч ким.
Ўтиб кетсанг изларинг олиб,
Кўзларига суртган мен эдим.
Тасаввур қил, мен энди йўқман,
Кўйлакларинг ёқалари кир.
Сен ухласанг киприкларинга,
Нигоҳларин илмайди кимдир.
Пиёлада чойдан қолган доғ,
Кулгуларинг ортида мунг бор.
Ёстиғинга бошинг қўйган чоғ.
Мен бор тушлар беради озор.
Тасаввур қил, мен энди йўқман,
Мушт урасан шўрлик деворга.
Энди ҳеч ким жон дили билан,
Қисматини тикмас қиморга.
***
Мени унут,
Худди дарахтлар,
Куз келганда унутган баргдек.
Истамасдим сенинг кўнглингда,
Яшамоқни ҳасратдек, дарддек.
Мени унут,
Унута олсанг,
Мактубларим ё йирт ёки ёқ.
Алданиб шод юргандан кўра,
Мағрур туриб ўлган яхшироқ.
Мени унут,
Худодан сўра,
Тушингга ҳам кирмайин ҳатто.
Ажралишдик, тўғридир бироқ,
Севганимиз энг катта хато.
Унутақол,
Мени эслатган,
Ҳар буюмни кўзингдан йўқот.
Кўнглинга айт, соғинган чоғи,
Жим йиғласин, кўтармай фарёд.
Кўзларинга айтгин,
Унутсин,
Сени жондек суйган аёлни.
Ва етмиш йил такрорлаб яша,
"НЕГА?" деган битта саволни.
***
Мен ёлғиз эмасман энди, азизим,
Доимо ҳамнафас ёдинг, хаёлинг.
Икки қуёш каби порлайди кўзим,
Унда акс этганда сенинг жамолинг!
Мен ёлғиз эмасман, Оллоҳга шукур,
Дилимда, тилимда исминг нақарот.
Кўнглим улғаяди осмонга довур,
Борлигингни ўзи олий мукофот!
Мен ёлғиз эмасман, сен борсан ахир,
Майли қайси шаҳар, қайси уйдасан.
Сабрлар сўнггида сийлади тақдир,
Ёзган шеъримдасан, қўшиқ, куйдасан!
Мен ёлғиз эмасман, Худо менга ёр.
Жилла бўлмаганда соғинчларинг бор!
***
Бадавлатман маликалардек,
Бахтим нафас олишингиздан.
Лек қўрқувда яшайман мудом,
Мени севмай қолишингиздан.
Ранжисангиз тўфонлар туриб,
Гул сочилса кулишингиздан.
Ўйлов жоним мингтага бўлиб,
Мени севмай қолишингиздан.
Телбалардек қизғанаверсам,
Ёнингиздан ўтган ҳар қиздан.
Чўчиб турар бечора кўнглим,
Мени севмай қолишингиздан.
Зумда ғойиб бўлмайсизми ёр,
Яхшироғи топилса биздан.
Юрагимда доим ҳадик бор,
Мени севмай қолишингиздан.
Ёмон кўзлар сизга тушмасин,
Битта ўзим ўргилай сиздан,
Яратганим ўзи асрасин,
Мени севмай қолишингиздан.
***
Бахт у нима?
Оллоҳдан ҳар тун,
Яна бир тонг тиланмоқликми,
Ва уйғониб, қуёш нурига,
"Омонлик!", деб беланмоқликми?
Бахт у нима?
Дастурхонингда,
Қўлинг куйиб ушатилган нон.
Ёки қушлар ҳадиксиз учган,
Бизга насиб этилган осмон!
Бахт у нима,
Бола эмизган,
Оналарнинг сийнасида сут,
Ёки ёмғирлари билан сийлаган,
Қиз сочидек қоп-қора булут!
Бахт у нима,
Балки момонинг,
Набирасин белаган бешик.
Фаришталар рисқ келтирсин деб,
Тонг саҳарда очилган эшик.
Нима у бахт?
Хонадонингда,
Қирқ кун келин қилган таъзимми?
Ўттиз, эллик, саксон ёшингда,
Дўстларингнинг қурган базмми?
Бахт нима у?
Беминнат, ҳалол,
Битта қошиқ ошинг ичганинг.
Соғиндим деб, ҳар замонда бир,
Онажонинг келиб қучганинг!
Бахт у нима?
Энг сўнгги дамда,
Калимага келолган тилинг,
Ва ўғлингнинг елкаларида,
Босиб ўтган охирги йўлинг!
***
Агар сўзим шеър бўлмаса бир кун келиб,
Агар қўлим тута олмай қолса қалам,
Вафоли дўст, садоқатли ошиқ бўлиб
Айт-чи, мени севасанми ўшанда ҳам?!
Тиззалардан мадор кетса қайларгадир,
Либосларим ногоҳ бўлса эски, жулдур,
Омад мендан араз қилса неларгадир,
Айт-чи, мени севасанми ўшанда ҳам?!
Ҳар йил келган баҳор бирдан келмай қўйса,
Қалдирғочлар уйимга ин қурмай қўйса,
Ҳеч ким менинг йўриғимга юрмай қўйса,
Айт-чи, мени севасанми ўшанда ҳам?!
Сочларимга бевақт оқлар ораласа,
Эшигимдан гадо ўйлаб мўраласа.
Вужудимда дардлар итдек болаласа,
Айт-чи, мени севасанми ўшанда ҳам?!
Худо уриб, мен қадрингни билмай қўйсам,
Сен ёқтирган кўйлагимни киймай қўйсам,
Бир кун келиб сени мутлоқ суймай қўйсам,
Айт-чи, мени севасанми ўшанда ҳам?!
Хаста бўлиб, юролмайин, ётиб қолсам,
Бу омонат дунёсидан ўтиб қолсам,
Сени ташлаб чин уйимга кетиб қолсам,
Айт-чи, мени севасанми ўшанда ҳам?!.
***
Агар севсанг эди мени мендайин,
Боримни юз бора фидо этардим.
Кечиб кетар кунинг бўлса ҳам тайин,
Умрбод бир сенга вафо этардим!
Юрсанг йўлларинга жоним тўшардим,
Қонинга қайнатиб қоним қўшардим.
Бир бора ишқингда адоман десанг,
Ишонсанг мен яна минг йил яшардим.
Совуқ, аёзлардан бўлардим паноҳ,
Ўзимга олардим дард келса ногоҳ,
Борки балоларга кўксимни тутиб,
Ўлиб, шу балодан этардим огоҳ.
Қани севсанг эди мени менчалик,
Чўққилар пойимга чўкардилар тиз.
Сўнг эса кет десанг, бошимни олиб,
Бу ёруғ дунёдан кетардим изсиз!
Севсанг, суйсанг эди мени менчалик,
Чўғ бериб, ол десанг, олиб ютардим.
Ёки шоир бўлиб кунни кун демай,
Тунни тун демасдан шеърлар битардим!
Агар тикан кирса товонларинга,
Зумда киприкларим билан терардим.
Тирик қолмоқ учун бир имкон бўлса,
Мен ўша имконни сенга берардим!
Ўтсанг изларингни кўзимга суриб,
Келсанг меҳр тўла кўнглим тутардим.
Ўлим ҳақ, жонингга харидор келса,
Мен сени қолдириб, ўзим кетардим!
Севсанг, суйсанг эди мени менчалик...
***
Лаб теккизиб асал қўшдим чойингизга,
Борурман денг, жоним тўшай пойингизга,
Минг Кумушнинг висолидан кечурсиз нақд,
Назар солиб бир бор Зайнаб ойингизга!
Хино уздим кафтга янчиб солмоқ учун,
Сиз тараддуд кўрмайсизми келмоқ учун?
Айтинг Бегим, қайси ҳурдан дарс олайлик,
Сизгинанинг бир бор кўнглин олмоқ учун?!
Сурма сурсам, кўзим кўпроқ қароман дер,
Юракдан ҳол сўрар бўлсам, яроман дер.
Ишқингизни ҳарчанд қувсам кетмас нари,
Бошгинанга энди абад баломан дер!
Оқ булутдан сурдим упо юзгинамга,
Бағритошим қулоқ тутмас сўзгинамга,
Жаннатидан кечиб келса мингта пари,
Ошиқ бўлинг Бегим танҳо ўзгинамга.
Чорасизмиз, кўнамизда келмасангиз,
Қадримизни билар бордир билмасангиз.
Маликангиз саройининг тахти талаш,
Шоҳ бўлади бир кун кимдир, бўлмасангиз!
***
Нега жимсиз, гапингиз йўқми?
Бир сўз айтинг ёниб кетай мен.
Дунёлардан чирт юмиб кўзни,
Ўзимдан хам тониб кетай мен.
Индамайсиз, гапингиз йўқми?
Бир сўз топинг жонимни олсин.
Мени ғийбат қилган ёмонлар,
Гап тополмай қийналиб қолсин.
Нега жимсиз, гапингиз йўқми?
Уялсангиз шивирлаб айтинг.
Зулматларда қолган бу дилим,
Қуёш бўлиб, ой бўлиб қайтинг.
Индамайсиз, гапингиз йўқми?
Ҳеч бўлмаса қилинг қўнғироқ.
"Салом" денг-да ўчиринг, майли,
"Қайдасиз?" деб қилмайман сўроқ.
Нега жимсиз, гапингиз йўқми?
Раҳм килинг, бўлманг бағритош.
Интизорман, хуморман, зорман,
Сўз кутиб қирққа етда ёш.
Индамайсиз, гапингиз йўқми?
Кутмоқдаман кўнглимни тутиб.
Гар йўқ бўлса, иложим қанча,
Яшайман-да ўлгунча кутиб.
Ҳамон жимсиз, гапингиз йўқми?..
КЕРАГИДАН КЎПРОҚ МЕҲР БЕРАЙЛИК
Келинг,
Уришмайлик бугун, шу сафар,
Бир гал "мен"имизни четга сурайлик.
Араз, гиналарни қувиб дарбадар,
Керагидан кўпроқ меҳр берайлик.
Эҳ, битта табассум неларга қодир,
Ширин каломга қул не-не ҳоқонлар.
Тўнини тескари киймасми ахир,
Меҳр, эътиборга муҳтож одамлар.
Келинг, уришмайлик, бугун, шу сафар,
Ишқнинг бурчакда жим туришин кўринг.
Мен эркалик қилиб, лаб бурсам агар,
Муҳаббатим ҳаққи минг бор кечиринг!
Биламан, йигитнинг ғурури баланд!
Уни эголмайди на ёр, на ағёр.
Тил ўлгур нималар деса, десину,
Кўнглимнинг минг битта узрлари бор!
Келинг, жим турайлик бугун бир марта,
Кибр кўчасини четлаб ўтайлик.
Сўзлар сўзлайверсин майли беш баттар,
Бизчи, кўнглимизга қулоқ тутайлик.
Кет деманг,
Бас деманг,
Ҳудо асрасин!
Қаҳрли сўзларни сақланг қамоқда.
Ахир кўзларингиз мулойим, ҳазин,
"Мен сени севаман, жоним" демоқда!
***
Мен бугун телефоннинг хотирасидан,
Таниш рақамларни ўчирдим.
Энди,
Ҳеч қачон қўнғироқ қилмайман сизга,
Сиз томон талпинган жаранглар тинди.
Бахт дегани гўё таманно бир қиз,
Секин-секин келиб, кетаркан тезда.
Бошқа бир рақамлар ҳеч андишасиз,
"Жоним" деб сақланар телефонингизда.
Йўқ-йўқ, ачинмайман.
Йиғламайман ҳам,
Фақат юрак қурғур кўнса бўлгани,
Қабр кавлаяпман кўнглимнинг сокин,
Ғариб гўшасидан ишқни кўмгани.
Неча бор қайтмоқни истаганим рост,
Висол иқболига босиб қадамлар,
Сиз бир бор қўнғироқ қилсангиз, холос,
Ёдимда қолсайди ўчган рақамлар.
Келиш бор эканки, кетиш муқаррар,
Ҳижрон муҳаббатнинг яқиииин ошнаси.
Фақат чидамайман сизнинг рақамни,
"Жоним" деб сақласа мендан бошқаси.
***
Бир лаҳза қанийди унутсам Сизни,
Ва ўша бир лаҳзада яшай олсам тинч.
Биргина лаҳзага хаёлингизни,
Чироқдек ўчириб қўймоқлик - илинж.
Дақиқа ичида бўлса-ю бир он,
Ва ўша оз фурсат оғримаса дил.
Ва сўнгра майлига яна юз миллион
Йилларда яшасам беишқ, бекўнгил.
Бир кун, бир соатга эшитмасайдим,
Қасамлар, ваъдалар акс-садосини.
Бир тун тонг отгунча эсламасайдим,
Кечилган кўнглимнинг илтижосини.
Қанийди, бир лаҳза унутсам Сизни,
Ортига айланса соатлар сокин.
Ва Сиз менинг йўлимдан чиқар ўшал он,
Мен бошқа кўчага йўл олсам секин.
Қани кечиб бўлса ўшал оташдан,
Гулхан бўлмасам ҳам шамдек сўнардим.
Сизсиз соғинчларда юз йил яшашдан,
Бир кун тинч яшашга жон деб кўнардим.
Ва сўнгра кетардим бир сўз демай,
Жим!
Юракни бир парча кафанга ўраб,
Ҳар тун тушингизга келаверардим,
Сизда қолиб кетган кўнглимни сўраб.
***
Неча бор Ой тўлин бўлди фалакда,
Безиб кетганмидинг мен жон ҳалакдан,
Гумонлар гуллади мажруҳ юракда,
Кут мени, азизам, узоқ яша де,
Кўнглим ҳамон сенда ўша-ўша де!
Ишларим юришмай турибди дегин,
Кимлар бизни бирга кўрибди дегин,
Ағёрлар тиш қайраб юрибди дегин,
Кут мени, азизам, узоқ яша де,
Кўнглим ҳамон сенда ўша-ўша де!
Нима десанг, дегин гумонимни қув,
Жоним омон қўймас хавотир, қўрқув.
Марварид тут каби тўкилмайин дув,
Кут мени, азизам, узоқ яша де,
Кўнглим ҳамон сенда ўша-ўша де!
Бир келиб оловга сувлар сепиб кет,
Кўчамнинг бошидан кулиб ўтиб кет.
Дастрўмол тикканман, жоним олиб кет,
Кут мени, азизам, узоқ яша де,
Кўнглим ҳамон сенда ўша-ўша де!
Сўнг йиртиқ кўнгилни ямаб ўлтирай,
Яна кунларимни санаб ўлтирай,
Сабрни қучоқлаб, қамаб ўлтирай,
Кут мени, азизам, узоқ яша де,
Кўнглим ҳамон сенда ўша-ўша де!
Алдагин, алдаб кет, кўнай барига,
Ташлама ҳижроннинг чуқур қаърига,
Кимлар нима деса ундан нарига,
Кут мени, азизам, узоқ яша де,
Кўнглим ҳамон сенда ўша-ўша де!
***
Келинг, учрашайлик охирги марта,
Кўнглимиз сўзига кириб шу сафар.
Балки енгил бўлар сўнг унутмоқлик,
Балки билолмадим, бўлар беш баттар.
Келинг, учрашамиз охирги марта,
Гаплашиб олишсин юракларимиз.
Кейин сиз қаёққа, мен қайси томон,
Кетар эканмиз-а, кўрамиз.
Келинг, учрашамиз охирги марта,
Бир ёдга олайлик ҳамма-ҳаммасин.
Лаблар пичирлашиб олишсин, майли,
Кўзлар бир-бирига термулволишсин.
Кейин...
Кейин нима бўлса пешонамиздан,
Тақдир бечорага тўнкаб кетамиз.
Мен ҳамон севгучи сизни жонидан,
Ва мени менчалик севолмаган Сиз....
***
Бир зумга кетмасанг ёдимдан нетай,
Сен хабар олмасанг ҳолимдан нетай?
Қайси бир гуноҳим жазоси бўлдинг,
Куйдим-ку сен каби золимдан нетай!
Кунларим қоронғу, тунларим бедор,
Йўқлигинг азобдир, борлигинг озор,
Юракни урдириб турибсан ўзинг,
Вафоси йўғим-а, жафоси бисёр!
Суйдириб қўйгунча суйкалдинг тинмай,
Эрта-кеч эркалаб ҳаловат билмай.
Энди-чи, хаёлни, ёдингни суйиб,
Яшамай юрибман, юрибман ўлмай.
Ҳушимни олгунча жонимни олгин,
Соғинчлар қийнаса, ёнимни олгин.
Уволдан қўрқмасанг Худодан қўрқиб,
Бир кеча ёр бўлиб, ёнимда қолгин!
***
Ҳувиллайди сенингсиз дунё,
Томирларда увишади қон,
Кўзларинга қамалиб гўё,
Ширингина ухлайди осмон.
Киприкларинг қўриқчилардек,
Асрайдилар мунчоқларини,
Лабларингга термулиб сездим,
Нафис-нафис титроқларини.
Шарақлаган кулгуларингни,
Тушларимда кўраман, ишон.
Қизғонаман уйқуларингдан,
Уйғон энди азизим, уйғон.
Тонгнинг муздек қучоқларида,
Тўлғонади ишқим паришон.
Нурлар ўпмай яноқларимдан,
Ўзинг уйғон, Қуёшим, уйғон!
***
Бунча оғир сени ўйламоқ,
Сени эслаш азобли бунча!
Бунча оғир тошбағир фироқ,
Яшайманми тонг отгунича.?
Тепаверар кўксимни юрак,
Бўлмаяпди уни кўндириб.
Бу соғинчлар кун келиб бешак,
Қўяди-ку мени ўлдириб?!
Шу азобми энди тоабад,
Мадад сўраб толдим сабрдан.
Сен ўлди деб кўмган муҳаббат,
Чиқиб келиб бўлди қабрдан!
Бахтдан ниқоб кийдим уялмай,
Кўрган кулиб, терс қараяпди.
Таним соғу, руҳимни тинмай,
Оғриқ, азоб тимдалаяпди.
Саволларим бўғар бўғзимдан,
Дайди итдек тентирар хаёл.
Суратини излар кўзимдан,
Кўзгудаги мунис бир аёл.
Оҳларимни териб тун бўйи,
Болаларин боқар бойқушлар.
Кўзларимни қўймасми ўйиб,
Қайтмаслигинг билиб кутишлар!
***
Ошкора сўзлашга сиғмайди ҳаддинг,
Ҳамма қаторида турасан кулиб.
Ҳамма қаторида олқишлашларинг,
Юлиб кетаверар кўнглимни, юлиб.
Дунёлар аро сен ўзга бир дунё,
Ўзга сайёранинг аҳолисисан.
Ўша осмонлардан боқасан гўё,
Қошингни чимириб, мағрур, беписанд!
Мен эса тўдадан адашган турна,
Шамоллар жўр бўлар қур-қурларимга.
Нега кетаяпсан ёнимдан, ошна,
Бергим келмаяпди сени ҳеч кимга!
Ёлғиз қўйма илло, ёлғиз қўймагин,
Яна баҳоргача етайин омон.
Турналар тўдаси балки атайин,
Бошимдан қуриллаб ўтмас ҳеч қачон!
***
Нега ташлаб кетдик бир-биримизни,
Нега ажралишдик, пешона, тақдир.
Минг йил кутган эдим ахир мен сизни
Сени минг йил кутдим, дердингиз ахир.
Нега баҳорларни кузатмадик жим,
Нега турналарга боқмадик тўйиб.
Бу ишда гуноҳкор бўлмади ҳеч ким,
Ҳеч кимнинг бўйнига бўлмайди қўйиб.
Нимага? Не учун? Саволлар сонсиз!
Фаросат, ақлни тан олмас кўнгил.
Мен яшай олмайман дердингиз сенсиз,
Мен яшай олмайман беюрак, бедил!
Ҳаммаси ўта жўн, ўта мураккаб,
Тундек қоронғую, Ой каби равшан!
Шунчаки мен ҳамон сиздан ишқ талаб,
Шунчаки сиз мени чиндан севмаган!
***
Менинг осмонимнинг рангисан мовий,
Кўнглимнинг ҳуш ифор настаринлари.
Ҳаётим узундан-узоқ тун бўлса,
Сен унинг мунаввар, ёруғ кунлари.
Сен Оллоҳ томондан юборилган бахт,
Сен дардсан табиблар шифо топмаган.
Куз келиб бўлганда гуллаган дарахт,
Ва ё ишқ, юзидан ҳеч ким ўпмаган.
Сен рашксан, пичоқдек кўксимга ботган,
Ва яна яшашга берилган имкон.
Мен ерман пойингда ястаниб ётган,
Сен эса осмонсан,мовий ранг осмон!
Сен чўғсан,учқунинг бошимга бало,
Ҳўл-қуруқ бағримда баробар ёнгай.
Дутордан таралган навосан,наво.
Ва ё муножотни куйлаётган най!
Кимсан,сен кўнглимнинг нафис туйғуси,
Тўфонсан, боримни кўкка совурган.
Ширин жонгинамнинг аччиқ қайғуси
Оташсан,сабримни тўғраб,қовурган.
Таъми тилни ёрган тотли бир туйғу,
Ҳаммадан яхшисан,ҳаммадан ёмон!
Кимлигинг унчалар муҳим эмасу,
Сенсиз яшамоғим аниқ даргумон!
***
Кунда бир бор йўқламасанг, йўқламай кет,
Сендан бошқа қиладиган ишим йўқми?!
Омон бўлу, не истасанг ниятга ет!
Сен бўлмасанг мени йўқлар кишим йўқми?
Кунда бир бор йўқламасанг, куйинмайман,
Калтакни еб пишиб кетган кўнгилгинам.
Биттагина ошиқ чеккан аламлардан,
Адо бўлиб қолмайди-ку ёруғ олам.
Кунда бир бор йўқламасанг, йўқламабсан,
Кўникканман, озорларга қарайман тик!
Оддий ҳол-ку, туйғуларинг ёлғон экан,
Унутганни мушкул эмас унутмоқлик!
Кунда бир бор йўқламасанг, йўқлама, қўй.
Ғурурларим қадам етмас тик қоядир.
Ҳаёт ўзи бир кун аза, бир куни тўй,
Мени Оллоҳ унутмаса кифоядир!
***
Мен ўшаман,
Сиз севмаган қиз.
Кўнгил ҳамон йигирма бир ёш.
Фақат йиллар ўтмади изсиз.
Фақат бир оз қаритди бардош.
Мен ўшаман,
Сочи узун қиз.
Факультетда ҳаммадан гўзал.
Фақат яшаб топгани сизсиз,
Армон дея аталган ғазал.
Мен ўшаман,
Танияпсизми?
Юзларимга қаранг яхшилаб,
Қаранг,
Ҳамон суратингизни,
Кўзларимга қўйганман сақлаб.
Мен ўшаман,
Ишонмайсиза!?
Таний олмай турибсиз нега?
Йўғе,
Озроқ ўхшаяпман-ку,
Сиз тан олмай кетган севгига...
***
Мендан кетолмайсиз шунчаки кечиб,
Шунчаки бермайман ҳеч кимга сизни.
Мен сизни зилолдек оламан ичиб
Сўнг ашким ғарқ қилар сайёрангизни!
Шунчаки унута олмайсиз мени,
Қайда бўлсангиз ҳам бораман топиб.
Чиқиб кетолмайсиз қалбимга қамаб,
Ҳамма эшикларин ташласам ёпиб.
Шунчаки баҳримдан ўтолмайсиз сиз,
Телба дунёсини қилгум тескари.
Дуолар мен томон бошлайди сўзсиз,
Сиз мендан йироқлаш истаган сари!
Шунчаки, мен сизга анойи эмас,
Ўйинчоқ дўконда сотилмас юрак.
Агар менсизликни қилсангиз ҳавас,
Сизни ўзим билан қийнасам керак!
Ўйламанг, шунчаки унутар бир кун,
Совуқ сўзлар билан бездирсам...
Аммо,
Бир ширин сўзимга жон бермоқ учун,
Мени излашингиз бўлар муаммо!
Хулласки сўзимнинг индаллоси шу,
Омон юраман деб ўйламанг менсиз.
Мендан қутулмоқчи бўлсангиз агар,
Ёки мен ўламан ё ўласиз сиз!
Мана шунақа...
Биласизми?
Сизсиз гул бўйларин таратмаслигин,
Кундузим минг Қуёш ёритмаслигин.
Таскинлар ғамларим аритмаслигин,
Биласизми?
Сизсиз баҳорларим кузланишини,
Соатлар асрга юзланишини,
Нигоҳлар бир сизни изланишини,
Биласизми?
Сизсиз ярим кўнглим тўлмаслигини,
Қайсар юрак сўзга кўнмаслигини,
Соғинчга ҳеч чидаб бўлмаслигини,
Биласизми?
Ҳаммани йиғлатган ноламан зоҳир,
Эзилган ўсмадек бўлади бағир,
Ҳеч ерга сиғмайин қоламан ахир,
Биласизми?
Қирғоқда мажнунтол қаддимга ўхшар,
Муножот бир менинг дардимга ўхшар,
Сиз осмон, бўй етмас ҳаддимга ўхшар,
Биласизми?
Оллоҳдан тиланган тилаклигингиз.
Ер бўлсам бошимда фалаклигингиз.
Кўксимда гупирган юраклигингиз.
Биласизми?
Сочимга қўнди оқ толим сизни деб,
Хароб бўлгани рост ҳолим сизни деб,
Ширин жоним увол, золим сизни деб,
Биласизми?
ИЗЛАГАНИМСИЗ
Ёмғирсиз, тинимсиз кўзимдан ёққан!
Дарёсиз, қирғоғим ўпириб оққан,
Умидсиз!
Орзусиз,
Ўтинчсиз!
Ранжсиз!
Оғриқсиз, қийноғи жонимга ёққан!
Саволсиз,
Жавобин ҳеч ким билмаган,
Жазосиз,
Ўтинсам раҳм қилмаган.
Сабосиз,
Ҳавосиз,
Нафассиз,
Елсиз,
Ҳаёлсиз, оромим кўзга илмаган.
Тўфонсиз!
Ҳайқириб оламни бузган,
Осмонсиз, бағрида булутлар сузган.
Мен асли Қуёшга интилган бир гул,
Сиз эса шу гулни бандидан узган!
Сарбонсиз, карвони кўнглимга қўнган,
Оловсиз, юракнинг ичида ёнган.
Заминсиз,
қаерга босмайин қадам,
Менинг кўз ёшимни симириб қонган!
Дуосиз, кафтимга ҳар он тўкилган,
Умидсиз, булоғин кўзи ёпилган.
Шунчаки сиз менинг излаганимсиз,
Минг йил захматлардан кейин топилган!
***
ФАҚАТ ЖИМ БЎЛАМАН
Сендан ранжимайман, ранжитмайман ҳам,
Ишон, кўз ёшимни кўрмайди ҳеч ким!
Энди дунёйингни сув босганда ҳам,
Фақат жим бўламан, энди фақат жим!
Меҳрга чўктириб қўйдимми,
Кечир!
Мендек севолмайди ҳеч қачон ҳеч ким!
Энди ҳаммасига қилганча сабр,
Энди жим бўламан, энди фақат жим!
Сендан ишқ тиланган кўнгилман зохир,
Илло аламлари бўғзимгача лим.
Бўзлай-бўзлайвериб, ниҳоят, охир,
Энди жим бўламан, энди фақат жим!
Балки бор-йўқлигим сенга чикори,
Балки бу севгида мен ёлғиз эдим.
Сенга туйғуларнинг бўлмаса кори,
Энди жим бўламан, энди фақат жим!
Бир кўнгил кетмоқда қошингдан дилхун,
Ҳатто озорларинг ҳушифор, сўлим.
Қачондир ахтариб қолмоғинг учун,
Энди жим бўламан, энди фақат жим!
04.02.2021 йил.
***
Ишқ деган иморат кетмасдан нураб,
Хаққига етти юрт ўлпонин сўраб,
Менинг бор йўғимни умидга ўраб,
Сен менга ҳаммадан зарурсан дегин.
Жонимни ларзага келтирсин юрак,
Синмаган қолмасин биронта суяк,
Менга шу сўзларинг жуда ҳам керак,
Сен менга ҳаммадан зарурсан дегин.
Нега тушунмайсан, чора йўқ ўзга,
Ҳозир гумонларим чанг каби тўзган,
Жаҳони тор келиб қолмайин кўзга,
Сен менга ҳаммадан зарурсан дегин.
Барча гуноҳларим ювилсин десанг,
Хижронлар Ҳиротга қувилсин десанг,
Тунлар ҳам тонг каби туюлсин десанг,
Сен менга ҳаммадан зарурсан дегин.
Томирлар ичида ёниб оқсин қон,
Иккила кўзимдан отилсин вулқон,
Бўлмайди амаллаб топмасанг имкон,
Сен менга ҳаммадан зарурсан дегин.
Ёлғонми, ростми бу фарқи йўқ, билсанг,
Хаққинг кетмайди-ку илтифот қилсанг,
Томоқда тиқилиб турар бир харсанг,
Сен менга ҳаммадан зарурсан дегин.
Раҳм қил, жойида турсин шу осмон,
Жангу-жадаллардан толиққан жаҳон,
Ёмон истаяпман, жуда ҳам ёмон,
Сен менга ҳаммадан зарурсан дегин.
Ўлиб қолишимни истайсанми ё,
Айтмасанг жон чиқиб кетади гўё.
Ўтиниб борсинми қошинга Дунё,
Сен менга ҳаммадан зарурсан дегин.
СЕН МЕНГА ЗАРУРСАН ДЕГИН...
***
Мен чиройли эдим сени севган пайт,
Ойнага бир кунда юз бор қарардим,
Тун каби тим қора кокилларимни,
Сенинг бармоқларинг билан тарардим.
Мен чиройли эдим ошиқлигимда,
Кўзинг кўзгусидан узолмасдим кўз.
Девона қилганди сен билиб-билмай,
Айтиб қўйган ўша биттагина сўз.
Гердайиб юрардим маликалардек,
Неча шаҳзодалар изимда сарсон.
Ҳаммадан бадавлат, ҳаммадан бахтли,
Ҳаммадан чиройли эдим мен, ишон!
Эндичи...
Куз чўкди баҳорларимга,
Кунларим қоронғу тунга айланди.
Ишимда ривож йўқ, йўлимда унум,
Оёғим бойланди, қўлим бойланди.
Юзларим қиёси сўлиётган гул,
Бир-бир япроқларим тўкилмоқдалар.
Умидлар эскирган чулдир матодек,
Ҳамма чокларидан сўтилмоқдалар.
Қорлар ёғиб берди кутилмаганда,
Қаро сочларимга ташлаб изларин.
Асар ҳам қолмади оҳулигидан,
Сўнаётган шамга ўхшар кўзларим.
Мен чиройли эдим, сени севган пайт,
Қашқирлар чанг солди ишқим бахтига,
Сен мени муносиб билмадингми, айт.
Кўнглинг мамлакатин тахтига?!
***
Сизга ёзганларим ҳаммаси ёлғон,
Шунчаки озгина ожизлик холос.
Нималар деб қўйдим ўзи мен нодон,
Ҳеч бирин кўнгилга олманг, илтимос.
Юрибман...
Кунларим, тунларим сокин,
Ҳамма одам каби оддий бир одам.
Ҳеч ким сўтмаяпди яралар чокин,
Ҳеч ким қўймаяпди юзимга қадам.
Баҳорни кузатдим, ёзда ўлмадим,
Кўнглимни кўммади кузда ҳазонлар,
Фақат ёлғизлигим юзимга солиб,
Тепиб ўтадилар баъзан ёмонлар.
Қайғурманг,
Мен энди кўникиб кетдим,
Йиғи ҳам келмайди нурсиз кўзимга,
Сиз-ку бегонасиз энди етти ёт,
Ачинмай қўйганман ўзим ўзимга.
Юрибман...
Тинч яшаб,
Фақат ҳар замон,
Бир сенчиб қўяди бу ҳаста юрак.
Энди уриши-ю, оғришининг ҳам,
Ҳеч фарқи йўқлигин билмаса керак.
***
Сенга етсам,
Бахтдан ўлиб қолсам керак,
Юлдузлар дув ёғилсалар керак кўкдан.
Шодлик сиғмай, ёрилай деб урса юрак,
Томирларда тўфон туриб кетса шул дам.
Сенга етсам, раҳм айлаб Парвардигор,
Якун ясаб минг асрлик нолишимга.
Кўзларинга кўзим тушган захот бир бор,
Ким кафолат берар омон қолишимга?!
Сенга етсам,
Тошлар мумдек эриб оқиб,
Гуллар унса кўксимдаги тиканлардан
Қувончларим кўзларимда олов ёқиб,
Ёнғин олиб кетмасмикан дилни бирдан?
Мен ўз қадрин билолмаган бир бетайин,
Музюракдан ишқ тиланган хор тиламчи,
Сенга етгач,
Мўжиза рўй бергач, Кейин,
Сени мудом соғинмоқни соғинсамчи?!
Қўй, яхшиси шу аҳволда юраверай,
Суратлардан кулиб қараб туравер жим.
Бахтдан балки ўлиб қолиш мумкиндиру,
Соғинчлардан ўлган эмас ҳали ҳеч ким!
***
Ўткинчиман, шодлан, куюнма,
Ҳаётингдан кетаман бир кун.
Лекин, ҳатто ўлсам суюнма,
Минг йилдан сўнг қайтишим мумкин.
Тиниб ёғар ёмғирлар каби,
Баҳорлардек қадрини билмас.
Туннинг Ойи, Куннинг офтоби.
Мен қайтаман бир куни, хуллас.
Унутилди, дея қувониб,
Осмонларга отма дўппингни.
Мен қайтаман қолсам соғиниб,
Оллоҳимнинг истаган куни.
Ё мойчечак, ё зағча бўлиб,
Ёки тунлар шамол шовқини.
Ё ҳаводек кўксингга тўлиб,
Мен қайтаман, билиб қўй шуни.
Муҳаббатга айланиб қайта,
Юрагинга оламан кириб.
Ёр ҳижрони қийнаган пайти.
Билгинки, мен келдим тирилиб!
Тупроқ бўлгум, Ҳаққа ёлвориб,
Мени босиб юрмоғинг учун.
Юз йилдан сўнг ахири бориб,
Қучоғимга кирасан бир кун!
АЛДАБ ҚЎЙИНГ
Алдаб қўйинг мени танҳо юлдузим деб,
Юзлари ой, икки қоши қундузим деб.
Сендан ўзга эшитмагай шул сўзим деб,
Алдаб қўйинг.
Юрагимнинг ҳар зарбида сен борсан деб,
Қисматимда қанддан ширин озорсан деб,
Жаннатдаги ҳурлардан ҳам дилдорсан деб,
Алдаб қўйинг.
Лаъли лабинг ариларга бол берган деб,
Яноқларинг лолаларга ол берган деб,
Битта сенга жон олгучи хол берган деб,
Алдаб
Остонангда итинг бўлиб ётурман деб,
Сен йўқ десанг, ишон, танҳо ўтурман деб,
Ажал келса,сендан аввал кетурман деб,
Алдаб қўйинг.
Ёлғонларни сотсам мўмай пул бўлгунча,
Сиздан келар, мендан борар йўл бўлгунча,
Қайсар кўнглим кишанланган қул бўлгунча.
Алдаб қўйинг...
***
Тушларингга...
Майлими тунлари келсам...
Тушингда,
Кафтингга кафтимни қўйсам оҳиста,
Елкангда жимирлаб ўтсам титроқдек,
Юзларинг меҳрла силасам аста?
Майлими санасам киприкларингни,
Қаро сочларингга чўксам майлими?
Олган нафасингни ифоридан маст
Васлингни зилолдек ичсам майлими?
Ухласанг, чиройли ухласанг сокин,
Тонггача қошингда ўтирсам бедор.
Уйғониб ҳолимни қилгин томоша,
Мен каби бормикан ишқингда бемор.
Майлими жимгина термулиб турсам,
Ёстиқни қучоқлаб ухлашларингга.
Қўрқинчли тушлардан асраб-авайлаб,
Мен ўзим айлансам оқ тушларинга.
Майлими, қизғансам уйқуларингдан,
Ҳатто ёстиқлардан сени қизғансам.
Майлими оппоқ тонг отгунга қадар,
Ҳаёлан бўлса ҳам ёнингда бўлсам!
Майлими уйқингда севсам мен сени,
Ҳеч кимга!
Ҳеч кимга билдирмай,
Ҳар кеча!
Ҳар кеча келиб ёнингга,
Лабингдан бўсалар олсам сездирмай?!
Сўнг тонгда, майлими, кетсам йироқлаб,
Интизор кутишчун туннинг сайлини,
Ёки тонг отмасин Оллоҳдан сўраб,
Қуёшни қулфлаб қўйсам, майлими...
Малика ТАВФИҚ