ЭРКАКЧА ГАП...


   «Мендирман ўшал...» шеъри бўйича кеча баъзи одамлар билиб-билмай мени плагиатликда роса айблашди. Ишонинг, уларнинг кўпчилиги Шайхзода бобони ўқимаган. Бу шеър ёзилиб, қўшиқ бўлганига уч йилдан ошди. Шу уч йил мобайнида «чурқ» демаганлар, орадан шунча вақт ўтиб, «ўғирлигимни» билиб қолишибди.
   Бу иғвони қай гўрдан чиққанини яхши биламан. Асосий гап ўша одамда. Қолганлар кўр-кўрона чапаквозлик қилишди. Фурсатдан фойдаланиб айтай, кўп чапак чалганлар кечанинг ўзида хато қилганларини тан олиб, узр сўрашди, барака топишсин. Шунча исбот-далиллардан кейин ҳам айбловни тўхтатмаётганларга эса Худодан қалби очилишини тилайман. Ҳамма фасодни бошлаган анави каттани эса Аллоҳга ҳавола этганимга анча бўлган.
   Қуйида янги бир шеър билан бирга «Мендирман ўшал» шеъри борасида ОАВ орқали айтган гапларимизни ҳамда янги ёзилган бир шеърни илова қиляпман.
Яхшиларга фақат яхшилик ёр бўлишини сўрайман!

Юмушинг – изимни кўппакдек пойлаш,
Ҳунаринг – ортимдан фитналар ёйиш.
Энг суйган ишинг бу шаънимни лойлаш
Ва бундан мақсадинг қувонч-ла “бойиш”.

Билмайман, нимага бундай маҳлуқсан,
Беором юришим сенга ҳаловат?!
Сувдан чиқиб ҳамки, мудом қуруқсан,
Сенинг саломинг ҳам асли маломат.

Ҳис қилмайсан ҳавас ўзи нима у,
Сен шўрликка эшмас ҳеч сизу бизлик.
Наздингда ҳасадинг – қаҳрамонлигу,
Менинг бахт-омадим – адолатсизлик!

Борлигим борлиғинг эзар кун сайин,
Яхшилик ҳақида ўй сургинг келмас.
Шоир бўлган бўлсам, нима қилайин,
Худонинг ҳукмига бўйсунгинг келмас.

Ғалаба қозонсам, чекасан азоб,
Бу ютуқ Ҳақ берган сўзимникидир.
Сен ҳам сўз ортидан юрибсан, жаноб,
Менинг ҳам айтганим ўзимникидир.

Менимча одамдай гаплашиш бенаф,
Яшнасам, юз-кўзин юлганлар билан.
Сенга айтиб қўяй эркакча бир гап,
Олишма омади кулганлар билан!

Ботиржон Эргашев.