СЕНИНГ
Дунё - бир ўтгувчи йўлак дегани, Тақдирда борини кўрмак дегани,
Қурбим етмай қолса тиргак бўлгани-
Сенинг қоқинганинг кўрмайин, болам!
Қанча тошлар изи - қалбимда қадоқ,
Дўстларим қўлидан тўқилди тузоқ,
Менинг қароғимдан кетмагин узоқ,
Сенинг ўкинганинг кўрмайин, болам!
Гоҳи чинор бўлдим, шохлари осмон,
Қамишдек бўйландим гоҳи тўрт томон,
Шукр, шу кунларни кўряпмиз омон,
Сенинг букилганинг кўрмайин, болам!
Оқни оқ деганни қора десалар,
Мағзи пуч ёлғонни сара десалар,
Бўш тўрвани алқаб тўра десалар,
Сенинг юкинганинг кўрмайин, болам!
Мол-дунё қадрсиз бир дўстга тимсол,
Унга кўнгил бермоқ умрга завол,
Билмай чўғни босиб куйганлар мисол,
Сенинг чўкинганинг кўрмайин, болам!
Қиёмат келса ҳам, аслингдан гапир,
Аждоду авлодинг, наслингдан гапир,
Яширмай, баланду пастингдан гапир,
Сенинг чекинганинг кўрмайин, болам!
Ётнинг деворига бўйламоқ гуноҳ,
Қўрғонинг тинчига бўлиб тур огоҳ,
Ҳасаддан бировга қазимагин чоҳ,
Сенинг бекинганинг кўрмайин, болам!
Умр кузи келгач, сўниб борар шам,
Кулбалар ҳам қолар, кошоналар ҳам.
Ўзидан тилагим, асло кўрма ғам,
Сенинг тўкилганинг кўрмайин, болам!
СЕНИНГ ЙИҚИЛГАНИНГ КЎРМАЙИН, БОЛАМ!!!
Мунаввара УСМОНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Саодат" журналининг Бош муҳаррири.