МУХЛИСЛАР ЙЎҚЛОВИ...
(Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист - Дилнура Қодиржонованинг ёрқин хотирасига бағишланади...)
Булутларни ёриб чиққан чақмоқ эдинг,
Тоғ-тошларда кўзин очган булоқ эдинг,
Дарёларни мавжлантирган ирмоқ эдинг,
Дилнуражон, энди сендек аъло қайда,
Моҳтобоним, энди мендек шайдо қайда?
Хонишинг-ла файзланди "Шарқ таронаси",
Истиқлолга уланди дил шукронаси,
"Наврўз"қўмсар яна ўша бийронасин,
Дилнуражон, энди сендек сайрон қайда,
Дарёдилим, энди мендек ҳайрон қайда?
Орзуларим армонларга айланди, оҳ!
Сенсиз ўтган ҳар бир куним--дилда титроқ,
Қўшиқларинг менга ҳаёт, менга ҳамроҳ,
Дилнуражон, энди сендек дардкаш қайда,
Қарокўзим, энди мендек саркаш қайда?
Сўзларингга хумор дилни энди нетай,
Қўшиқларинг жон-жонимга битиб ўтай,
Хотирингга баҳору қиш гуллар тутай,
Дилнуражон, энди сендек фидо қайда,
Хушнафасим, энди мендек адо қайда?
Тушларимга кириб тургин, соғинтирма,
Кўзларимга дийдорингни қилгин сурма,
Маҳшаргача, Тангрим, сабримдан айирма,
Дилнуражон, энди сендек уммон қайда,
Энди мендек муҳаббати достон қайда?
Мухлисингман, меҳр қўйдим санъатингга,
Дунёларни бахш айладим баётингга,
Неки қолди-- хаёлларинг нажот менга,
Санъат гули, энди сендек садо қайда,
Бу дунёда меникидек савдо қайда?
Санобар ФАХРИДДИНОВА, шоира.
(2011 й. "Юрак сенга ишондим" китобимдан олинди).