Артиб ташланг дилдан сиёҳни (Аламзадаларга)
Пайдо бўлибдики, аҳли одамзот,
Дунёда мавжуддир турфа тўдалар.
Улар орасида айрича жонзот,
Ажаб яратиқдир аламзадалар.
Суврати аёндир балки, сизларга,
Балки, таърифлашга йўқдир эҳтиёж.
Эҳтимол, учраб бу фожир кўзларга,
Балки, туҳматига тўлагансиз бож.
Бу қавм тўн бичмас қараб бўйига,
Кўрпасига қараб узатмас оёқ.
Лекин истайдики, кўча-кўйида
Ҳамма таъзим қилса кўрган дамдаёқ.
Ўзиники бўлса давралар тўри,
Баланд минбарлардан тушмасалар ҳеч.
Юрар йўлларида қуёш, ой нури —
Атласдай тўшалиб ётса эрта-кеч.
Уларнинг услуби беор, беомон,
Бири Тошкандаю, Румда бирлари.
Ҳабаш кўппагига айланар шу он,
“Ол!”, деб олқишласа, агар пирлари.
Аёнки, ҳар кимга отилмагай ўқ,
Танлашар, аввало, омадлиларни.
Висир-висирларга вақту ҳуши йўқ —
Муҳтарам, алпона қоматлиларни.
Кимки бўйсунмаса, қисмати аён:
Тирноқлар остидан ахтаришар кир.
Курк товуқ гўнг сочиб, қидиргандек дон,
Етти минг пуштингни титкилар бир-бир.
Шу ғажир подага дуч келдим мен ҳам,
Аввал ҳайрон бўлиб қолдим, анчайин.
Андишалар қилиб, индамай турсам,
Қутирди, индамай турганим сайин.
Сочимнинг оқига ёпишди бири,
Бири интиқ кутар, шишадай синсам.
Фано даштларида, адам ёмғири —
Асад томчисидай йўқолсам — тинсам...
Эй, фалак! Бу каслар нега асабий,
Нимадан тўймайди бу ғаламуслар?
Тупроғи қайдандир, недир насаби,
Илонми, чаёнми ё каламушлар?
Ярамаган бўлса, пойгага оти,
Етолмаган бўлса, манзил-маррага
Кимга зарил энди алам, фарёди,
Қандай эҳтиёж бор заққум-зардага?!
Ахир, халқуми деб, халқини сотган,
Каслар-ку, бу зотлар — мунофиқ, чатоқ;
Иягига довур қарғишга ботган,
Одам шаклидаги иблис-ку, олчоқ!
Тангрим, омад бергин майли, уларга,
Кўзлари беҳуда ёшланмасинлар.
Аммо яхшиларга дуч келган дамда,
Очофат йиртқичдек ташланмасинлар.
Агар омон бўлса, зарра виждони,
Йиғиштирсин йиртиқ этакларини.
Қоғоздек ёндирсин, ёқсин ёлғонни,
Ёндирсин мулаввас эртакларини.
Фақат, тез даф қилсин ғаразгўй шонни,
Дилбар сўзлар бўлсин байту баётда.
Агар шоир бўлса, устоз Чўлпондай,
Боғлар барпо қилсин адабиётда.
О! Бу кун нақадар чексиз, бепоён,
Ватандошларимиз орзу ўйлари.
Яратмоқ туйғуси кезмоқда шоён,
Кўкланиб бормоқда Орол бўйлари.
Сиз ҳам гиналарни бас қилинг, тамом!
Нонкўрларча берманг ёлғон ваъдалар.
Бугун она юртга битта бўлса ҳам
Дарду бедаводир аламзадалар.
Бир пайтлар инидан ҳайдалиб, ҳар ён,
Тўзиб-тўзғиб кетган қушлар сингари;
Яна уйларига қайтмоқда шодмон
Тариқдай сочилган ўзбекнинг бари.
Тикон деворларга қолди кунимиз,
Қанча олишдик “тўс-тўс”чилар билан.
Бугун яна дўстмиз, оға-инимиз,
Минг йиллик қадрдон қўшнилар билан.
Алдов-адоватнинг тишлари синди,
Адлу адолатдан сўзлар сўзимиз.
Ҳей! Сиз, кимлар билан рақибсиз энди,
Қачон уйғонади, кўрми, кўзингиз?!
Ойдин оқшомларда яшнаб турар ой,
Олмосдай ярқирар адрасли тонглар.
Сизнинг дилингизга қўнмасми чирой
Кетмасми кўкайда занглаган, занглар.
Бугун ўлкамизни қучаётир шон,
Қуриш, бунёдкорлик давридир бу дам;
Шубҳасиз, манзилга етажак карвон,
Шубҳасиз, яшнагай, Ватан сизсиз ҳам.
Тезроқ артиб ташланг дилдан сиёҳни,
Шу юртга бор жону жаҳонни тикинг.
Сочларини силаб битта гиёҳни,
Ҳар куни бир жамбил, бир райҳон экинг.
Келинг, битта тану битта мушт бўлиб,
Шу қутлуғ заминга тикайлик жонни.
Дала-дашт гулларга кетсинлар тўлиб,
Чаманга буркайлик Ўзбекистонни!
ЎЗИНГНИКИЛАР
Отга минар бўлса ўзингникилар,
Бир-бирига меҳри орта бошлайди.
Отлиқлар сафига ўзингникилар –
Ўзингникиларни торта бошлайди.
Аммо, кўп ўтмайин ўзингникилар,
Ўзингникига тош ота бошлайди.
Ўзингникиларга, ўзингникилар –
Ўзингникиларни сота бошлайди.
Хуллас, йўл бошида ўзингникилар –
Ўзингникиларнинг ошин ейдилар.
Адоғида эса... Ўзингникилар –
Ўзингникиларнинг бошин ейдилар.
28.06.2019 йил.
Абдусаид КЎЧИМОВ.