МУҲАББАТ


Мансур ЮНУС

МУҲАББАТ

Юракни оловдек куйдирар,
Ўзгани ўзингдек суйдирар,
Армонни пичоқсиз сўйдирар,
Қалбингда бор бўлса муҳаббат.

Тошда ҳам майсани ундирар,
Сабрга, тоқатга кўндирар,
Гъазабни диллардан сўндирар,
Қалбингда бор бўлса муҳаббат.

Минг йиллик аразни ўлдирар,
Дилларни соғинчга тўлдирар,
Ҳар куни йиғлатиб, кулдирар,
Қалбингда бор бўлса муҳаббат.

ЙИГИТЛАР

Қиз боланинг нозлари бўй еткунча,
Эркалиги, кўз ёшлари тўй ўткунча,
Ишонади рости ёлғонга еткунча,
Севгисини савдо қилманг мард йигитлар.

У биргина ширин сўзга гадо бўлур,
Савлатгамас, меҳрингизга шайдо бўлур,
Кулфат солманг ёш бошига ғавғо бўлур,
Меҳрингизни дариғ тутманг мард йигитлар.

Қизи бор уй файзи бўлак кошонадур,
Ориятли, ризқи улуғ остонадур,
Ранжитсангиз гар дилини вайронадур,
Бутун қалбин ярим қилманг мард йигитлар.

Ҳар ошиқнинг бахтини Худо берсин,
Чин севгининг ишончи вафо бўлсин,
Бешиклар Фарходу, Ширинларга тўлсин,
Йигит Пирим сизга ҳамроҳ мард йигитлар.

Эр йигитлар унутмас ўз аёлини,
Сақлар доим, ор-номусу, хаёлини,
Олмас меҳр-муҳаббатнинг уволини,
Ўз ёрига садоқатли мард йигитлар.

СEН КEТАСАН

Сен кетасан…
Ортингдан термулиб кўзларим толар,
Хаёлим ўзига сўйлайди эртак.
Бўғзимда тиқилиб сўзларим қолар,
Унга олиб бор деб йиғлайди юрак.

Сен кетасан…
Сочларинг тўзғитиб, ҳиссиз, паришон,
Бахтимга энг сўннги нуқтани қўйиб.
Биламан,сен мени севаман ҳамон,
Лекин болаликка қўясан йўйиб.

Сен кетасан…
Ортингдан бир бора қиё боқмасдан,
Армондан қўлимга тутқазиб қалам.
Кимнидир севарсан ёқиб, ёқмасдан,
Балки бахт топарсан, балки изтироб.

Сен кетасан…
Юрагим аввалдек урмайди энди,
Қўлларим бўғзимдан тутиб олади.
Мендан ёдгор бўлиб ёруғ дунёда,
Қуёшсиз бўзарган уфқим қолади.

     Муаллиф ҳақида маълумот: Мансур Юнус 1982 йилнинг 5 Июнь куни Қашқадарё вилоятидаги Шаҳрисабз туманида туғилган.
  2005-2010 йилларда “Ниҳол” (бош муҳаррир), “Олтин қалам” (масъул котиб), “Мувозанат” (бош муҳаррир), “Шарқ зиёси” (бўлим муҳаррири), “Медиа плюс” (бош муҳаррир ўринбосари) газеталарида, “Муҳаммад Юсуф” фондида директор ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси Олмазор туман Кенгаши Ижроия Қўмитаси раиси вазифаларида ишлаган.
  2010 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини Халқаро муносабатлар магистри даражасида тамомлаган.10 та ижодий, 3та илмий китоблари чиққан.
  Ҳозирда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат” марказида гуруҳ раҳбари лавозимида фаолият олиб борган. Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси ва Президент девонида ҳам ишлаган.
  Мансур Юнус айни вақтда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси доценти, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, Ўзбекистон, Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Абай номидаги халқаро медал соҳиби.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот