"БАҲОР ҚАЙТМАЙДИ"
Адиба УМИРОВА "БАҲОР ҚАЙТМАЙДИ"
"Дунёнинг ишлари"... ни ўқиш аямлар замонида "машҳур" бўлган. Франц Кафка, Фридих Ницшелардан гап очсам, биз Ўткир Ҳошимовларнинг асарлари билан қаридик, кам бўлмадик, дердилар.
Ўткир Ҳошимов билан Олий Адабиёт курсида ўқиб юрганимда, бизга дарс ўтгани келганларида танишганман. У пайтлар қора машинада, пўрим кийинган, юқори лавозимларда ишларди... Уч-тўрт йилдан кейин метрода кўрдим. "Театр" журналида экани, созанда Турғун Алиматов, ҳофиза Саодат Қобилова билан суҳбат қилиб беришимни тайинлаганди. Икки улуғ санъаткорнинг телефонини олиб, йиллаб йўқолиб кетдим. Шу вақт оралиғида Турғун Алиматов яратган куйларни тингладим, Саодат опанинг операларини эшитдим. Мақола тайёр бўлганда , Ўткир Ҳошимов оламдан ўтганди. Суҳбатлар бошқа адабий нашрларга берилди.
Қизиқ-да, Турғун Алиматов уйларига борганимда, қизим, газета, журналларга чиқишдан камимиз қолмаган, шунча йўл босиб келибсан, мен ҳақимда эринмай қанча маълумотларни ўрганибсан, танбуримни қўлга олсам, симёғочда қўниб турган қушлар ҳам бошим узра айланади, мақолани қўй, сенга қадим куйлардан чалиб бераман, деб танбур чалиб берганлар.
Саодат опа ҳам биз Усмон Юсупов, Шароф Рашидовлар кашфиётимиз. Дунёдаги энг машҳур санъат кошоналарида концерт бердик, давримизни сурдик, энди қариб қолдик, замон ёшларники, мендан кўра шогирдларимни юзага чиқаришга ёрдам бер, деб унамаганди.
Эл назарига тушган шундай улуғ инсонлар билан кўришиш насиб этганидан Аллоҳга шукроналар айтаман.