Хаёлимдан ўчиролмайман
Сиз қуёшга ўхшайсиз, жоним,
Яқин борсам куйиб кетарман.
Узоқлашсам, соҳибқироним,
Ёруғликсиз яшаб нетарман.
Қанотлари куйган парвона,
Янглиғ сизга интилар юрак.
Нур қўйнида жон берсам, магар,
Қадрим сизга билинса керак.
***
Сени хаёлимдан ўчиролмайман,
Бепарво нигоҳинг кечиролмайман.
Сен дилимда энг севган қушим,
Кўнглимнинг кўшкидан учиролмайман.
Кулган кўзларимнинг қуёши, моҳи,
Қалбим саройининг сарвари, шоҳи.
Сен тонгдаги мунаввар тушим,
Нетай, кунларимга кўчиролмайман.
***
Юрагимга тиғ каби ботди,
Ўзгаларга хушомадингиз.
Қани энди менга бўлсайди,
Илтифоту муҳаббатингиз.
Юрагимга санчдингиз пичоқ,
Гул- лолалар тўкилар қаранг.
Қалбим йиғлар лекин ўзимни
Аранг тутиб турибман аранг.
"Сўнгакларим қирсиллаб синди,
Куйиб кетди бўғин- бўғиним."
Сиз бепарво турибсиз лоқайд,
Кўкка ўрлар ахир тутуним.
Балки мени синамоқ учун
Рашким қўзғаб қўйдингиз атай.
Меҳрим каби рашким ҳам кучли
Бошқачароқ бўлмасам, нетай.
Дерлар, гўё севишганларнинг
Пайванд эмиш юраклари ҳам.
Оғриқларим сезмадингиз- а,
Бўлмадингиз ярамга малҳам.
Ҳар нарсанинг меъёри бордир,
Ҳар нарсанинг бордир ўлчови.
Ортиқча рашк шубҳа, гумондир.
Ортиқча ноз муҳаббат ёви.
Энди ортга бўлмайди қайтиб,
Гул ҳисларга ғуборлар инди.
Тоғ сингари озорларингиз
Кўтариб-да яшайман энди.
ЙИГИТЛАРГА
Сиз қадимий Одам Ато зурриёди,
Суянч устунлари юрагимизнинг.
Сулув санамларнинг энг ширин ёди,
Титроқли унлари тилагимизнинг.
Ота- бобомизсиз жондай ўстирган,
Файзли хонадоннинг қут- баракаси.
Ини- оғамизсиз кўнгил ўстирган,
Сизларсиз татимас тўй- маъракамиз.
Муҳтарам устозсиз - билим шеваси,
Ҳаёт сўқмоғига йўлловчи одил,
Ўғлонсиз- муҳаббат ширин меваси -
Мунаввар кунларга боққувчи дадил.
Нозик қалбимизда баҳор гуллатган,
Дилимиз дилдоши- мард жуфтимисиз.
Чағиртош йўлларнинг ғамин аритган,
Елкадош ҳамкасбу жон дўстимисиз.
Сиз борки, нурафшон, осуда тонглар,
Хотиржам бош қўяр тоғларга қуёш.
Сиз борсиз хотиржам вақт урар бонглар,
Ўсмадан қораяр ул қайрилма қош.
Сиз борки, сулувдир юрт Барчинлари,
Беғубор самода булут сузар тинч.
Соғу омон бўлинг юрт лочинлари,
Эрта кун ишқида гуллайди илинж.
Фарида Султон (Ҳусаинова)