УНУТГИЛ, УНУТ...


Абдуқаюм ЙЎЛДОШ


УНУТГИЛ, УНУТ...

Интиқ нигоҳларинг сарсон этмагил,
Зимдан термулмагил беҳол ва беҳуд.
Сен ҳали гўдаксан, маъсума синглим,
Бир куни келадир, шаҳзодангни кут,
Мен эса кетаман, унутгил, унут.

Тиниқ юзларингдан оловлар йитсин,
Жажжи қўлларингдан титроқлар кетсин,
Дилингдаги бегард сўровлар битсин.
Бир куни келадир, шаҳзодангни кут,
Мен эса кетаман, унутгил, унут.

Ҳали сен севарсан, сени севарлар,
Ҳали не йигитлар сени деярлар,
Ҳали кимлар сени сўраб келарлар...
Бир куни келадир, шаҳзодангни кут,
Мен эса кетаман, унутгил, унут.

Менинг буткул озод бўлмоғим душвор,
Боғлаб-чирмаб олган ришталар бисёр,
Азизам, орада ўн йиллик жар бор...
Бир куни келадир, шаҳзодангни кут,
Мен эса кетаман, унутгил, унут.

Азизам, сенга бахт тилаб қоламан,
Оғриқли кўксимни тиғлаб қоламан,
Кечикиш қисматми? Йиғлаб қоламан...
Бир куни келадир, шаҳзодангни кут,
Мен эса кетаман, унутгил, унут...
1991 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот