Қалбимнинг султони хабарингиз йўқ
***
Ўйлама, мен кетсам у сўлади деб,
Йўлда ташлаб кетсанг, йўлда гуллайди.
Ўйлама, мен кетсам у ўлади деб,
Аёл ўтда гуллар, кулда гуллайди.
Кундуз мағрур юрар ифор таратиб,
Нигоҳи тушганни кулиб чўғлайди.
Тун. Увлаган итин бўйнидан қучиб,
Ўксиниб йиғлайди, жим - жим йиғлайди.
Кундуз оёғидан ажратиб олган,
Қопқонларни четга осиб йиғлайди.
Тунда малҳам суртиб изтиробларга,
Бардошин оғзига босиб йиғлайди.
Аёлдан бошланар аслида баҳор,
Бойчечакдан олдин салом йўллайди.
Мангу яшил водий – ишқ водийсида,
Аёл гуллаб чиқар, аёл гуллайди
***
Бизлар кўришмадик, юз йиллар ўтди,
Ҳижрон тунлари бор, саҳарингиз йўқ.
Умр ўтда ўтди, кўз ёшда ўтди,
Қалбимнинг султони хабарингиз йўқ.
Менга айтдиларки: “Вақт даволайди”
Вақт даволамади, хабарингиз йўқ.
Вақт, бевақт довулдек эгди, синдирди,
Қалбимнинг султони хабарингиз йўқ.
Боғи Дилкушода гул бўлиб кутдик,
Сизнинг Самарқандга сафарингиз йўқ.
Олмалар тўкилди Боғишамолда
Қалбимнинг султони хабарингиз йўқ.
Ҳижрон музликлари ютди бу ишқни,
Музларни ёришга табарингиз йўқ.
Бу ҳолни ёзишга дафтарингиз йўқ,
Қалбимнинг султони хабарингиз йўқ.
Боғи Фирузада Султон Улуғбек
Ишқдан сабоқ берди хабарингиз йўқ.
Кавокиб сайлида ҳулкарингиз йўқ,
Қалбимнинг султони хабарингиз йўқ.
Бизлар кўришмадик, юз йиллар бўлди,
Нечун бу юракдан кетарингиз йўқ?!
Ё борса келмасдан,борса келардан,
Мактуб жўнатишга каптарингиз йўқ.
На бу ёзиқларни тузарингиз йўқ,
На бу ришталарки узарингиз йўқ.
Омон қолдиришга шаккарингиз йўқ,
Тамом ўлдиришга заҳарингиз йўқ.
Қалбимнинг султони хабарингиз йўқ.
ЗУЛФИЯ МЎМИНОВА.