БУХОРО


Мозийдан бир тилсим- китобим ўзинг,
Дилдан-дилга кўчган хитобим ўзинг.
Мағрур минорларинг нурга беланган,
Ҳаёт қадар ширин гулобим ўзинг.
Ўтмишинг ҳақида гапириш қийин…
Ёдга олгим келмас истилоларни.
Тиғлардан ярадор Минори Калон-
Ёғийлардан қолган “ихтиролар»ми?
Юракка оғирлик қилади кўнглим,
Қани, Шоҳдан қолган боғлар гулнафис?
Тамаддун тоқига туморсан ўзинг,
Армонлар занг босган эй олтин қафас…
Қонларнинг изи бор деворларингда,
Дорлар фарёд солар… кўзимни юмсам.
Кундага бош қўйган ҳар битта фасил,
Ҳар бир ғиштинг узра юз мингта қасам…
Сендан кетганларнинг армони буюк,
Сендан кечганларнинг дунёси куйик.
Сенга етмаганлар бўлолмас буюк,
Сенинг тупроғингда бахт эрур ўлмак.
Ҳазрати Инсонлар қадамидасан,
Мудом яхшиларнинг ҳар дамидасан.
Бу заминни Пирлар қўллайди ҳар он,
Хайру ҳидоятлар бадалидасан.
Кимдир севар сени тилнинг учида,
Қандай яшаш мумкин сенсиз, шарафсиз!
Кимдир жойлаб қўйган юрак ичига,
Менинг кўнглим эса сенга поёндоз…
БУХОРО!

Маруса ҲОСИЛОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот