Онаизоримга мувашшаҳ


   Ойижоним - Малоҳат Мирзомуҳаммаднинг порлоқ хотирасига бағишлайман... Онаизорим, СИЗ биз учун ҳамиша барҳаётсиз, қалбимизда умрбод яшайсиз!


Мусибатлар топсайди жадал интиҳо,
Аллангизга маст бўлиб олса дил ором.
Ложувард кўкка боқиб қилгум илтижо:
Онажоним, СИЗгадир барча эҳтиром!
Ҳар дам Ўзингга Раббим этиб ибодат,
Ажринг, ҳажринг кўйида ўртайди танам.
Тилак, дуоларимни қилгин ижобат,
Мўлтирамасин йўлга мушфиқа ОНАМ!
Илинж, орзулари кўп эди бир олам,
Расмимга боқиб йиғлар ушбу кун ОНАМ...
Заъфарон рангги, дилда қайғу ва алам.
Ожиз вужуди титрар, йиғлаб кўзи нам.
Манглайда бор экан-да ҳижрон, айрилиқ.
Унутмоққа ҳаққим йўқ ОНАМни бир зум,
Ҳозир гоҳи қоронғу, гоҳ ёруғ борлиқ.
Алҳол, ОНАМ жонига Тангрим бер тўзим!
Мен баъзан туролмайман бу ҳолга чидаб,
Мен-ку эркак, ОНАМга қанчалар оғир!
Айирдилар юракка нишларин қадаб, 
Дастидан номардларнинг қон бўлди бағир.
Қувончли кунларимиз ОНАЖОН яқин,
Изтироб чекманг сира, шудир ўтинчим!
Зеро, ҳадемай бирга бўламиз тағин,
Интиҳо бўлар балки жами ўкинчим.
Гирён Музаффар ўзим, айлайман таъзим,
Асл шодлик СИЗ билан ҳаловат, тинчим!


Музаффар Муҳаммадназар.

1996 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот