АЙТАРДИМ
АЙТАРДИМ
Кўнглимда бир гап айланди, қайтардим,
Дилимда бир дард айланди, қайтардим.
Дил ёзилар, дардинг билган одамга,
Отам тирик бўлганида айтардим...
Қора либос беркитади бўй бастим,
Асли шу тунд матоларни суймасдим.
Сиёҳ дилга беркиниб тун йиғлайди,
Отам тирик бўлганида киймасдим...
Чаманда гул очилганда ўйнардим,
Ҳасрат қайғу нима, билмай ўйнардим.
Қил сиғмайди энди, шўрлик юракка,
Отам тирик бўлганида қувнардим...
Ойда, йилда хабар олса, бўларди,
Акаларим келса уйим тўларди.
Бораяпман, кўнгил майиб, дил ярим,
Отам тирик бўлганида келарди...
Ниҳол экдим, боғларимда кўкарди,
Жарчи шамол илдизидан қўпорди,
Қалқон бўлиб бўрону шамоллардан
Отам тирик бўлганида тўсарди...
Кўнглимда бир гап айланди, қайтардим,
Дилимда бир дард айланди, қайтардим.
Дил ёзилар, дардинг билган одамга
Отам тирик бўлганида айтардим...
Мунаввара УСМОНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Саодат" журнали Бош муҳаррири.