ҲАЗИЛ ШЕЪР


ДЎСТГА
Ҳазил шеър

Яхшиям қизалоқ туғилганман мен, 
Агар ўғил бўлсам қўпол ва хунук,
Йиқилиб ётардим майхоналарда, 
Ё ўлиб кетардим муштлашиб аниқ. 

Умрим ўтар эди бир аҳмоқона
Сигор тутунига ўралиб майин. 
Дўстларим – кўчанинг дайди итлари, 
Содиқ мушуклари бўларди тайин. 

Ор, номус ҳар недан устун – бой берсам, 
О,  сиздан ҳам олдин қарамай ортга, 
Бобомнинг бешотар милтиғи билан
Отиб ташлар эдим ўзимни шартта. 

Шоирлик эр кишин иши эмас,  йўқ, 
Қофия ахтариб юрмасдим нолон.
Бир лаҳза дунёга уйқу бермасдан
Сатанглар қўлида жон берардим, жон!

Хайрият, Худойим билиб яратган
Ишқ билан, куч билан биз – телбаларни.
Бари эркакларни жангга кузатиб,
Аёллар севади ғалабаларни!

Адиба УМИРОВА.

АДИБАНИНГ ШЕЪРИЯТИ БОРАСИДА МУЛОҲАЗА

     Шоира – Адиба Умированинг шеърлари кўпинча танқидий руҳда суғорилган бўлиб, дўстлик, муҳаббат, инсон ички оламининг зиддиятлари акс этади.
    Дўстга деб номланган шеъри ҳазил тариқасида ёзилган бўлса-да, муаллиф инсоннинг танловига қараб, ҳаёт қандай кечиши ҳақида ўз фикрларини кулги аралаш билдирган. 
    Адиба шеъриятининг тузилиши ва услубига эътибор берадиган бўлсак, шеърлари эркин шаклда ёзилса-да, енгил ўқилади, қофия ва вазндан фойдаланиши ўқувчига тинглаш учун ёқимли мусиқийликни яратади. 
    Адиба шеърларида муайян ҳолатни тасвирлар экан, дўстлик, ор-номус, ишқ ва ғалабани тараннум этади. Бу эса садоқат ва шижоат рамзидир. Дўстлар ҳаётнинг муҳим қисмига айланади, ҳар қандай қийин дақиқаларда ҳам курашишга ундайди.
    Эркак ва аёлнинг ўзига хослиги, шеъри орқали эркаклик ҳақидаги анъанавий ғоялар билан курашни ҳис қилади. Муаллиф муайян хатти-ҳаракатлар кутилган жамиятда эркак ва аёл бўлиш нимани англатишини ва аслида қандай бўлиши кераклигини моҳирона акс эттиради.
    Муаллиф севги ва фидойилик ҳақидаги сатрларида чинакам муҳаббат жасорат ва фидойиликни талаб қилишини кўрсатиб бера олган.
    Адибанинг шеърлари ҳиссиётларга йўғрилган. Уни шунчаки ўқий олмайсиз. Унинг ҳар бир шеъри ҳис-туйғуларга тўла – қўрқув ва шубҳадан қатъият ва умидгача, ноиложлик ва тушкунликдан ғалабагача бўлган марралар, сарҳадларни ўқувчига кўрсатиб, ўзининг ҳаётий тажрибаларини самимий баҳам кўради. Бу имконият ва ҳолат эса, ўқувчига шоиранинг ички зиддиятини тўлақонли ҳис қилиш имконини беради.
    Адиба Умированинг "Дўстга!" деб номланган шеъри ҳам чуқур маънога эгадир. Уни бу шеъри Сизни ҳаёт, дўстлик ва ўзингизга ҳамда яқинларингизга содиқ қолиш, ғалабага эришиш қанчалик муҳимлиги ҳақида ўйлашга мажбур қилади.
    Адиба ўз фикр ва ҳис-туйғуларини ўқувчиларга муваффақиятли етказа олиши, жонли тимсолларни ярата олиши ва ўйлантира олиш қобилиятига эга эканлиги билан таҳсинга лойиқдир.

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот