СУРАТИНГДА СИЙРАТИНГ
Суратларинг қаршимда, тушгансан кулиб,
Хотиралар жонланар...қалбимда қийноқ!
Учрашсак қувончларга кетардик тўлиб,
Юзимиз ловулларди...нафаслар қайноқ!
Энди йўқсан... суратинг бўлар овунчоқ,
Узоқ боқиб қоламан оҳу кўзингга.
Жуда-жуда истайман сўзлашинг шу чоқ,
Сурат жилмайиб турар, зорман сўзингга...
Етишмасанг ўзинг, айт, не қилай, эркам?
Кўнгил таскин топмайди, юрагимда ғам.
Талай расминг қўлимда турган бўлса ҳам,
Ҳеч бири Сенинг ўрнинг босолмас бир дам...
Музаффар Муҳаммадназар, 1992 йил.