Мустақилман, учиб юрибман
Оёғимга осилган тошларни отдим, Емадим ит теккан ошларни отдим,
Кўзимдан сидириб ёшларни отдим,
Мустақилман учиб юрибман.
Салом сеторалар, сархуш ҳаволар,
Севгилар ассалом, салом вафолар,
Салом сайёралар, салом самолар
Мустақилман учиб юрибман.
Салом саодатим, салом Ҳумо қуш,
Салом ҳақиқатга айланган оқ туш,
Бамисоли оққуш, мисоли Ҳаққуш,
Мустақилман учиб юрибман.
Саодат қасрида нажот меники,
Паризот менингдир, ҳурзот меники,
Занжирни синдирган қанот меники,
Мустақилман учиб юрибман.
Ростдан ҳам ушбу бахт ўзимникими?
Лайливаш, жайронқараш кўзимникими?
Тангрига шукурлар сўзимникими?
Мустақилман учиб юрибман.
Шеърим зеболигим намойишлидир,
Таъзимим, тавофим азмойишлидир,
Кулгум, табассумим гулройишлидир,
Мустақилман учиб юрибман.
Сайроқи қушларга сирдош турибман,
Мунаввар тонгларга нурдош турибман,
Онҳазрат қизидек бахтлар кўрибман,
Мустақилман учиб юрибман.
Орқага – қоронғу хосга қайтмасман,
Дорларга - ул сўнгги нафасга қайтмасман,
Қафасга қайтмасман, қафасга қайтмасман.
Мустақилман учиб юрибман.
Зулфия МЎМИНОВА.