ГЎЗАЛСИЗ
Зулфия МЎМИНОВА
ГЎЗАЛСИЗ
Мен сизни гул десам, гулдан гўзалсиз,
Мен сизни дур десам, дурдан гўзалсиз.
Муболаға нима, минг сифат нечун?
Сиз чиндан гўзалсиз, чиндан гўзалсиз.
Жилмайиб ўтсангиз баҳор эргашур,
Жайронлар жавдираб ҳушёр эргашур,
Жаннат қушчалари зор – зор эргашур,
Ё Фарҳод, ё Тоҳир ошкор эргашур.
Мен сизни сир десам, сирдан гўзалсиз,
Мен сизни шеър десам, шеърдан гўзалсиз.
Мингта қўшиқ нима, минг қиёс нечун?
Сиз чиндан гўзалсиз, чиндан гўзалсиз.
Ишқу васлингиз деб Қайслар саҳрода,
Кимлар олов ичра, кимлар дарёда.
Муҳаббат мулкида султон сануқсиз
Бу ёлғон дунёда, бу чин дунёда.
Мен сизни нур десам, нурдан гўзалсиз,
Минг пари, паризод, ҳурдан гўзалсиз.
Гўзаллар тан бермас гўзалга аммо,
Сиз чиндан гўзалсиз, чиндан гўзалсиз.