ЯНГИ ЙИЛ ҲИКОЯСИ


 Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ
ЯНГИ ЙИЛ ҲИКОЯСИ
Ҳикоя

   Бошларни ширингина айлантириб қўйган гуржи мусалласидай ёқимли Янги йил оқшоми эди.
   Ташқарида гупиллаб қор ёғарди.
   Хона кенг эди, на хуш, кўнгиллар ундан-да кенг эди; шундоқ тепамиздаги қандилдан ҳам, бурчакдаги овозсиз ойнаи жаҳондан ҳам зангори ёғду қуйиларди; тўкин дастурхон ўртасида шохларига осилган шишалари майин жиринглаб айланаётган арча ранго-ранг кўзчаларини шодон қисиб қўярди.
   Ўтаётган йилнинг мубҳам ғуссаси кираётган йилнинг илиқ ҳаяжонига изсиз қоришиб улгурган эди. Сархушликнинг ҳам шундай палласига етган эдикки, бундан буёғига нўш этилган шароб ҳузур келтиролмаслигини илғаб турардик. Энди тўлиққан кўнгиллар гурунг чоғиридан сипқорарди. Тугуни ешилган тиллар сайрарди, бири-биридан ўткир, бири-биридан завқли жумлалар оппоқ қор янглиғ тинмай ёғиларди-да, кўзларни чарақлатиб, табассумлар улашиб, ёноқларни ловуллатиб, эри-иб кетарди.
   Мўъжаз даврамизда назмга мойиллик бор эди. Камина ҳам анча машаққатлардан сўнг “Икки ёним икки жуфт-у, ўртада ёлғиз ўзим, Ёлғизлашиб қолдим, ёҳу, Қўлламас ҳеч ким сўзим” тарзида шеър битиб ҳам чекимга тушган шартни адо этдим, ҳам олқишларга сазовор бўлдим. Чиндан-да, ўнг ёнимда дўстим Аҳмадбой маликаи лобари Лобарниса ила, чап ёнимда эса дўстим Раҳмонбой маликаи асиласи Асилахон ила яйраб ўтиришар, камина шаҳри Тошкандан йўл босиб келган қўноқ сифатида тўрни забт этган эсам-да, надоматлар бўлғайким, ёлғиз эдим. Ва ҳар галгидек, сўққабошлигим боис, икки тарафдан пайдар-пай отилаётган пахтавон ўқлардан ҳимояланиш-у, вақти-вақти билан муносиб жавоб қайтариб туриш бир ўзимнинг зиммамда эди. 
– Эй, худо, – лов-лов ёнаётган атлас кўйлакда ловуллабгина ўтирган Лобарниса шўх чақнаб кетган кўзларини кўкка тикиб илтижо қиларди, – ҳеч бўлмаса мана шу Янги йилда сафимизга яна битта янги киши келиб қўшилсин, токи хўжайинларимиз қиз излаш ташвишидан қутулиб, уйда тинчгина ўтирадиган бўлсинлар. 
– Ҳа-ҳа-ҳа, – дердим мен гап билан чимдиб олиш имкониятини бой бермай, – эчкига жон қайғуси, Лобарга эр қайғуси.                            
    Хоним шарақлаб куларди:          
– Бўлмаса-чи, оила қуриш учун ҳам, оилани сақлаб туриш учун ҳам курашиш керак-да, сизга ўхшаб олма пиш – оғзимга туш, бир куни маликаи Ҳуснобод ўз оёғи билан кириб келади, деб юравергандан нима фойда.                                
– Илоё омин, – жуфти ҳалолига жўр бўларди Аҳмадбой, – шу ерда ўтирган бир бандага Янги йилда икки оёқли машина насиб бўлсин.                  
– Ҳей ўртоқлар, – дейди Раҳмон ҳовлиқиб. – Бизнинг мактабда шундай бир чиройли қиз ишлайди, шундай бир чиройли қиз ишлайди, энди кўрсанг, шундай бир қарайсан-у, “шилқ” этиб йиқилиб тушаверасан.                     
– Қайси, қайси, ановими? – илжаяди Аҳмадбой томоқ қириб.                          
– Йўқ,  бу янгиси, – пайровни илиб кетади Раҳмон. – Лекин, ўртоқ, чин сўзим, сен кўрсанг ўлиб қоласан, ўзиям о-оппоқ, дў-ўмбоқ, бир қошиқ сув билан “лиқ” этиб ютиб юборадиган нарса-да...                  
– Ҳай-ҳай, сўлагингиз оқмасин, – дейди Асила эрининг болдиридан чимчилаб. – Кўрганмиз ўшани бетининг штукатуркаси тўкилиб қолган пайтлариям.            
– Эй, ўртоқ, сен муни гапига қулоқ солма, аёл киши ҳеч қачон бошқа аёлнинг гўзаллигини тан олмайди, йўргакда теккан касал бу уларга. Сен менга қулоқ сол, сен менга ишонавер, Софи Лорен, Мадонналаринг бу қиз олдида ип эшолмай қолади. Ўзиям қони тоза-да, қони тоза: онаси қирғиз, отаси ўзимизнинг даштдан...             
– Унда бўлмайди, – дейман бош чайқаб. – Асло бўлмайди.                           
– Ҳа, нега дарров, ё онаси қирғиз деганимгами? Миллатчи бўлма, жўра.                     
– Йўқ, бунинг учун эмас, – дейман жиддий қиёфага киришга уриниб. – Менга деса онаси чулчит бўлмайдими! Лекин мен бошқа нарсани билиб олдим, агар мабодо ўша қизга уйлангудай бўлсам, Аҳмадбой иккаланг ҳар куни “шилқ” этиб тушишга келавериб одамни жонидан тўйдириб борар экансизлар. Меҳмонни уйдан ҳайдаб чиқариб бўлмаса...                
   Ҳаммага қўшилиб Асилахон ҳам яйраб-яйраб кулади: 
– Бало, бизнинг хўжайин бало, гилам сотсаям қўшнимга сотсам дейди...
   Сўнг ўзимизнинг лотерея ўйинимизга қайтдик. Бунда ҳар биримиз кўзларимизни юмиб олганча Аҳмадбойнинг туркча қалпоғидан шарт битилган қоғозлардан бирини олардик. Бир зум тинмаётган қаҳқаҳа бўрони остида Раҳмон лампочкага севги изҳор қилди, Асила японча ашула айтиб берди, Лобарниса хўроз бўлиб қичқирди, Аҳмаднинг ўзи иккинчи овқатни тайёрлайдиган бўлди, менга эса Қорбобо бўлиб қўшниларни табриклаб келиш шарти тушди.
   Табриклаш бўлса табриклаш-да, Қорбобо бўлса Қорбобо-да. Либосларни келтиринг!
   Лобарнинг оппоқ пўстинини, Раҳмоннинг оқ қалпоғини кийдим, аёллар кўмагида юзимга пахтадан соқол-мўйлов ёпиштирдим, қўлимга асо тутиб, халтачага дастурхондаги мева-чевалар, пишириқлардан солдим-да, “ҳайё-ҳуйт” дея сафарга отландим.
   “Сафар”им узоққа чўзилмади, Раҳмон биринчи қаватга тушиб, кўп болали қўшнисини қутлаб чиқишимни маслаҳат берди-да, ошхонага, Аҳмадга кўмак бергани ошиқди. Асила эса шундоқ қарши эшикдаги Нигора исмли қўшниникига кириб қўя қолишим маъқуллигини исботлаб берди. Сўнг қизни таъриф-тавсиф қиларкан: “Яхшилаб танишиб олинг, зора...” деди маънодор тарзда. 
   Эшикдан мўралашиб, қиқирлаб кулишаётган икки жувонга кўрсаткич бармоғимни ўқталиб пўписа қилдим-да, йўлакнинг нариги тарафидаги кўм-кўк эшикнинг тугмачасини босдим.
   Эшикка қулоқ тутиб, яқинлашиб келаётган қадам сасларини эшитгач, ҳассани ерга икки-уч бор қаттиқ урдим-у, йўғон овозда:
– Сизларни Янги йил билан қутлагани тоғлар ошиб, боғлар ошиб, ўрмонлар оралаб, йўл юриб, йўл юрсам мўл юриб Қорбобо келди! – дедим қироат билан.
   Эшик очилиб, оппоқ ҳарир либос кийган, чамаси йигирма ёшлардаги қиз кўринди. Унинг менга ҳайратланиб қараётганини кўргач, ўз таъсиримдан мамнун бўлган аҳволда:
   – Мана, Қорқизни ҳам топдим, – дедим кўтаринки руҳда. – Ассалому алайкум.
 – Вой, кечирасиз, – дув қизариб кетди қиз шошиб ўзини четга оларкан. – Ассалому алайкум. Киринг, киринг, Қорбобо.
   Шиппагимни йўлакда қолдириб, ичкарига кирдим. Амал-тақал қилиб ёпиштирилган соқол-мўйлову қошларимни кўчган ўрнига босиш билан андармон бўлиб остонада пойабзаллар бор-йўқлигига ҳам эътибор бермаган  эканман, шунинг учун қиз кўрсатган хонага “Ассалому алайкум” дея кириб бордиму, “Янги йилингиз билан!” дея айтмоқчи бўлган табригим бўғзимда қолди. Меҳмонхонада ҳеч ким йўқ эди. Ўртада мўъжазгина дастурхон безатилган, хонтахта атрофига товланиб турувчи атлас кўрпачалар тўшалган, болишлар қўйилган, лекин хонада тирик жон йўқ эди.
– Ўтинг, тўрга ўтинг, Қорбобо, – таклиф қилди ортимдан кирган мезбон.
– Янги йилингиз муборак бўлсин, Нигора қизим, – дедим ажабланганимни билдирмасликка уриниб бека томон ўгириларканман. – Манави арзимас совғаларни сизга олис-олислардан олиб келдим.
   Халтамдан майда-чуйдаларни олиб дастурхоннинг чеккароғига тўка бошладим. Гап йўқ, дастурхон дид билан безатилган, пишириқлару мевалардан тортиб шампан виносининг ширинигача бор эди.
   Халтам бўшади. Мен қаддимни тикладим.
– Сизга катта раҳмат, Қорбобожон, – деди жилмайиб турган бека. – Мени жуда-жуда хурсанд қилдингиз.
– Вазифамиз шу, Нигорахон, – дедим кўзлари порлаётган сулув мезбонни бу гал “қизим” деб аташга тилим бормай.
– Илоё умрингиздан барака топинг.
– Раҳмат, кўп яшанг.
– Қани, тўрга ўтинг.
– Эй, қўйинг, шу ер бўлаверади.
– Ўтинг, бобожон, ўтинг.
   Ноилож тўрга ўтиб ўтирдим. Қиз шошиб нон ушатди, мева-чевали ликопчаларни менга яқинроқ сурди.
– Марҳамат, олинг.
– Қўноқлар энди келадими дейман? – деб сўрадим нондан тотинарканман.
– Кеп қолишар, бобожон, – жилмайиб жавоб берди қиз.
   “Келишмайди, – деган ўй ўтди кўнглимдан негадир қизнинг тиниқ нигоҳларидан кўзларимни олиб қочарканман. – Янги йил киришига ярим соат қолганда ким ҳам келарди”.
   Мезбон мени яна дастурхонга ундади, сўнг, эътирозларимга қарамай, ошхонага ўтиб, бир ликопчада буғи чиқиб турган манти олиб кирди.
– Энди... очмайсизми, бобожон? – кулимсиради бека.
– Э-э, кечирасиз...
   Соқолим билан олишишни бас қилдиму, тиқинини пақиллатиб отганча ширин шампан виносини очдим.
   Меҳмон сифатида дастлабки қадаҳ сўзини ўзим айтдим:
– Кириб келаётган Янги йилингиз муборак бўлсин. У сизга бахт келтирсин... Хў-ўш, кутган меҳмонларингиз Янги йил киргунча етиб келишсину, Сиз байрамни ўшалар билан кутиб олинг.
– Сизгаям бахт тилайман...
   Самимият – жуда катта куч. Беғубор жилмайиб турган бекага кўз ташларканман, ичимлик таъсирида бошим айланиб, кўнгилда суюлишга андак рағбат уйғонган бўлса-да, бу мутлақо ўринсиз аҳмоқгарчилик эканлигини туйиб, ўзимни жиддий тутишга, енгилгина ҳазил аралашган ақллироқ гаплардан гапиришга уриндим.
– Умуман олганда, синглим, мен сизга айтсам, файласуфларнинг ёзишларига қараганда, кутиш жараёнининг ўзи кутилган нарсага нисбатан бир неча юз баробар қадрлироқ ва қимматлироқ бўларкан.
– Шундай денг... – Қиз сал жиддий тортди. – Ўша кутиш деганингиз... жуда чўзилиб кетса-чи?
– Ни фарқует!
– Яхши тасалли экан. Бўйинга осиб юрсаям бўлаверади.
   Иссиғим чиқиб кетди:
– Э, тасаллингиз нимаси, бу ахир исбот талаб қилмайдиган аксиома-ку!
   Қиз маъюс жилмайди:
– Бўлса бордир. Фақат мен... бир умр кутиб... интизор ўтишдан кўра... бир лаҳза бўлсаям бахтиёр яшаш маъқулроқмикин, деган фикрга боргандим. Ўзингиз айтгандай, умуман олганда, одам бахт учун дунёга келмайдими? Тирикликнинг ўзиёқ одамни бахтли яшаш учун курашишга, керак бўлса қурбонликлар беришга... гап-сўзлардан юқорироқ туришга мажбур этмайдими?!
– Сиз эҳтимол ҳақдирсиз. Лекин, афсуски, табиатда умуман товуқ бўлмайди-да.
   Хайрият, бека яна очилиб жилмайди:
– Дастурхонга қаранг, бобожон.
– Қарадим, сингилжон, қарадим...
   Худди шу асно, қиз дудоқларига яна бир дилтортар табассум тошиб чиқаётганда эшик  қўнғироғи жиринглаб қолди.
   Ранги оппоқ оқариб кетган бека бир ўрнидан қалқди, кейин, жойига ҳолсиз қайтиб ўтираркан, титроқ товушда:
– Илтимос... – дея олди, холос.
   Мен учиб бориб эшикни очдим.
   Остонада... Раҳмон турарди.
– Э, бу сенмидинг, – дедим ҳафсалам пир бўлиб.
– Пастга тушмаганмидинг? – негадир вишиллаб сўради жўрам.
– Мен...
– Э-ҳей, жигитлар, кутиб қолди-ик.
   Бу Асиланинг шодумон овози эди. Эшик кесакисини маҳкам чангаллаб олган Раҳмон баайни маст одамдай бир чайқалиб ортига ўгирилди.
– Кетаяпмиз.
– Мен ҳозир.
   Қайтиб хонага кирдим.
   Қиз ўша жойда, ўша алфозда, дастурхондан кўз узмай ўтирарди.
– Қўшнингиз экан. Мени чақириб келишибди.
– Раҳмон аками?                                           
– Худди ўзи. Бирга ишлайсизлар шекилли...                                    
–...
   Руҳсиз суратдай қотган бекага недир яхши гаплар айтгим, кўнглини кўтаргим келди.
– Биласизми...
– Керак эмас... Боринг...
   Халтамни қўлимга олдим.
– Хайр бўлмаса.
   Қиз ўрнидан турди. Халтамни олиб, дастурхондаги уч-тўрт ликопча ширинликни ичига ағдарди.
– Хайр. Раҳмат сизга, Қорбобо.
– Янги йилингиз муборак бўлсин!
– Сизга ҳам...
   Йўлакка чиқсам, Раҳмон турибди гезариб. 
– Ким сени бу ерга юборди? – деди у ўшшайиб. – Асилами?
   Нимагадир унинг бу туриши менга ёқмади. Шу сабабли сал ачитиб гапирдим:
– Нима, арпангни хом ўрдимми ё берухсат томорқангга тушдимми?                  
   Жавоб ўрнига Раҳмон билагимдан ушлаб мени ичкарига олиб кириб кетди-да, нимагадир балконга бошларкан, меҳмонхона эшиги ёнида ўзига қаттиқ тикилиб турган Асилага қараб:
– Биз чекиб келамиз, – деди.                        
   Асила норози тарзда қошларини чимирди:
– Чекмасдилар шекилли.                    
   Раҳмон безовталаниб, билагимни қаттиқроқ қисди:
– Бу ўрганипти. Тўғрими?                            
   Мен ноилож бош қимирлатдим:
– Оз-моз. Ундаям ичганимда. 
   Балконга чиққан заҳотимиз Раҳмон мени бурчакка қисиб олиб, тез-тез шивирлаб гапирди:
– Мен шу қизни яхши кўраман, жўра! Бир кун кўрмасам ўлиб қоладигандай бўламан...        Иссиғим чиқиб кетди:
– Қайси қизни?                           
   Раҳмон қўшни хонадон тарафга ишора қилди. 
– Нигораними?                                 
   Раҳмон сўзсиз бош ирғади.               
– Ахир... ойдай хотининг бўла туриб... Қаёқларга бориб олиб келиб эдик. Отанг топган бўлсаям, ўзинг рози бўлгандинг...                
   Раҳмон чеккага ўгирилиб, тўнғиллади:
– Буни ўзимам биламан. Шунинг учун икки йилдан бери чидаб келяпман-ку... Лекин... нима қилай ахир... яхши кўраман...
– Энди... энди нима қилмоқчисан?                           
– Билмайман... Лекин бугун, шу бугун бир қарорга келишим керак. Кейин кеч бўлади.  Нигора кетмоқчи... бутунлай... қайсидир қариндошларинкига...  У кетса мен ўлиб қоламан...                
– Қаёққа кетмоқчи?                               
– Айтмаяпти. Халақит бермайин, деяпти.                          
– Асила... биладими?                              
   Раҳмон бош ирғади: 
– Аёл киши сезгир бўлади...                     
– Энди нима қилмоқчисан?                              
– Ўйлайвериб тамом бўлдим. Бугун бир қарорга келмасам, эртага ундан айрилиб қоламан. Яхши кўриш деганлари ёмон бўларкан. Ҳеч нарса кўзимга кўринмайди...            Шу пайт ичкаридан Аҳмаднинг қувноқ овози эшитилди:
– Янги йил киришига йигирма минут қолди, ўртоқлар. Овқат тайёр.                                  Олдинма-кетин меҳмонхонага кирдик. 
   Кайфиятим расво бўлганди. 
   Энди Асила билан Раҳмонга кўз остидан сал синчиклаб разм сола бошладим. Раҳмон жойида бетоқат ўтирар, гўё учиб кетишдан ўзини базўр босиб тургандек эди. Асила эса эрининг ҳар бир ҳаракатини кўздан қочирмас ва ҳар эҳтимолга қарши эшик ёнига мустаҳкам  жойлашиб олган эди. 
   Негадир менга байрам татимай қолди. Ўзимча уйланганларнинг бари бахтли бўлади, деб юраверган эканман. Аслида эса... 
   Раҳмонга тушунмасдим. Ойдай хотини бўлса. Энди севгига бало борми...                    Соат миллари ўн иккига беш дақиқа қолганини кўрсатган маҳал Раҳмон ўрнидан отилиб турди. 
– Мен... – деди у қизариб-бўзариб, – мен қўшниларни бир табриклаб келай.                 
   Ранги ўчиб кетган Асила тўсатдан кескинроқ оҳангда гапириб юборди:
– Қўшнилар сизни кутиб ўлиб ўтиришмагандир. Ҳар қанча табриклаш бўлса янги йилдан кейин табриклайсиз. Ҳозир... ўтиринг...                             
   Раҳмон ноилож жойига қайтиб ўтирди. Аммо унинг ичидан қиринди ўтаётганлиги шундоққина сезилиб турарди. 
   Лобарниса билан Аҳмад бир-бирига қараб, ҳайрон бўлганларича елка қисиб қўйишди. 
Давра сал совуди.             
   Шундай бўлса-да, янги йилга занг чалинган маҳал бақириб-чақириб бир-биримизни табрикладик, оз-оздан ичдик. Асила чопиб бориб хона бурчагидаги магнитофонни қўйдию биз томон ўгирилди ва кутилмаганда ранги оппоқ ўчган кўйи тахтадай қотиб қолди. Ҳайрон бўлиб ён-веримга алангладим ва ҳаммасини тушундим: хонада Раҳмон йўқ эди. 
   Ташқарига отилдим. Ўйлаганимдай, Раҳмон қўшни қиз Нигоранинг эшиги ёнида қаққайиб турар, қўлида бир парча қоғоз бор эди. 
– Уялмайсанми, жўра! – дедим мен иложи борича пастроқ овозда гапиришга уриниб.         Раҳмон жавоб ўрнига қўлидаги қоғозни тутди. Унда: “Янги йил билан табриклайман. Омон бўлинглар. Н.” деб ёзилганди.  
   Мен ҳар эҳтимолга қарши қўнғироқ тугмачасини бир неча маротаба босдим. Ичкаридан бир сас эшитилмади. 
– Кетибдими манжалақи...                  
   Ортимга ўгирилдим. Эшик кесакисига суяниб турган Асила ғолибона тарзда илжайиб турарди. 
   Раҳмон оёқларини базўр босиб уйга қайтиб кирди. 
   Байрам буткул татимай қолди. Аҳмадбой билан Лобарниса ҳам ўзларини ҳайрон бўлганга солишади, аммо уларнинг бир-бирларига маънодор қараб қўйишларидан менга нисбатан кўпроқ нарсадан воқиф эканликларини тушундим. Ўзларини ҳеч гапдан хабари йўқдай тутишларини...
   Бунинг устига Раҳмон жўрам кўз ўнгимда ўзгариб борарди. Орадан чорак соат ўтар-ўтмас бирдан жуссаси кичиклашиб, кўзлари киртайиб қолган Раҳмон қалтираб-титрай бошлади. Кафтимни қўйиб, унинг пешонаси мисдай қизиб кетганидан ҳайратга тушдим. 
   Раҳмонни курсига ўтқазиб, энди пешонасига дока ҳўллаб босмоқчи бўлиб тургандим, у ногоҳ қаттиқ қалқиб кетди ва гурсиллаб ерга йиқилди. Жўрам ҳушдан кетганди...          Машина топиб, Раҳмонни шифохонага олиб боргунча она сутимиз оғзимиздан келди. Янги йил кечаси бўлса, ҳамма байрам қилаётган бўлса...
   Хуллас, “инсульт” деган ташхис қўйилди. Ёшгина йигитчага. Энг ёмони, Раҳмоннинг чап қўли ва оёғи ишламай қолганди... Ёмон куйиб кетган экан-да, шўрлик...
   Наҳот севги деганлари мана шундай тушунарсиз, сирли, азобли ва ҳар қандай мантиқдан холи бўлса...                                
   Орадан бир ойдан кўпроқ вақт ўтди. Дўхтирлар роса ҳаракат қилишди. Бу орада Раҳмонни Тошкентга ҳам олиб келиб кетдик. Бизларни хурсанд қилган кўйи чап қўл энди ишлай бошлаганда кутилмаганда ўнг оёқ ҳам фалажланиб қолди.
   Раҳмонни шифохонадан олиб чиқдик. Икки оёқ буткул ишламасди.
   Асила кўч-кўронини ортиб юртига жўнаб қолди. Орага тушган бир-иккита таниш-билишларга:
– Мени севмайдиган инвалид билан яшайман деб кўзим учиб тургани йўқ, – дебди шартта. 
   Раҳмонга мактабни битирган синглиси қараб турадиган бўлди. 
  Шундай кунларнинг бирида Аҳмадбой билан жўрамизни кўришга келдик ва мутлақо кутилмаганда хонада ийманибгина ўтирган Нигорани кўриб қолдик. Бошқа вилоятга кетган қиз воқеани кимдандир эшитиб қолган экан.
   Кўзлари ёнаётган, титраб-қақшаётган шўрлик Раҳмон икки оғиз сўзни айтолмас, нуқул:
– Келди... келди... – деб такрорларди ҳаяжон билан.       
   Буни кўриб, очиғи, кўзларимдан тирқираб ёш чиқиб кетди.
   Энг асосийси, шу куни Раҳмонни кўрикдан ўтказган шифокор ҳар сафаргидай умидсиз бош чайқамасдан, бизга қараб кулимсиради ва:
– Жўрангизда ўзгариш бор, ажаб эмас, бир-икки ҳафтадан кейин бемалол юриб кетса, – деди.                 
   Кимдир пиқиллаб йиғлаб юборди. Мен ўгирилиб ўтирмасданоқ йиғлаган Нигора эканлигини ва бу қувонч кўз ёшлари эканлигини билдим.
   Ҳа, ҳар қалай, муҳаббат деганларида қандайдир сир-синоат, мўъжиза яширин шекилли... 
_______________










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот