ТАНА ОҒИРЛИГИ ИНДЕКСИ НИМА?


                                                  ТАНА ОҒИРЛИГИ  ИНДЕКСИ  НИМА?

  Кейинги пайтда бутун дунё аҳли семириш касаллигидан азият чекаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ҳолат ҳатто ёш болалар орасида ҳам кенг тарқалаётган экан. Бунинг сабаблари асосан камҳаракатлилик ва сунъий таомларга ружу қўйиш оқибати билан боғлиқ эканлигини олимларимиз бот-бот такрорлаш билан бирга  бу хасталикка чалинмаслик учун ҳар бир инсон мунтазам равишда ўз тана массаси индексини назорат қилиб бориши кераклигини  ҳам таъкидлаяптилар. Шу ўринда тана массаси индекси нима, бу формулани ким кашф этган ва унинг инсон саломатлиги учун нечоғли аҳамияти бор, деган савол кўпчиликни қизиқтириши таиий. Биз бугун ана шу саволларга жавоб топиш учун Қарши давлат университети профессори, биология фанлари доктори Шониёз Қурбоновни суҳбатга тортдик.
 – Шониёз ака, бугунги кунда айниқса, аёлларимиз орасида ўз тана массасига қараб сув ичиш ёки шунга мослаб овқатланиш урфга айланган. Тана массаси индекси нима ўзи? Унинг инсон саломатлиги учун нечоғли аҳамияти бор? 
- Юртбошимизнинг 2020 йил 10 ноябрдаги “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қабул қилинган қарорида аҳоли соғлом овқатланиши бўйича бажарилиши керак бўлган барча амалий ишлар аниқ кўрсатиб берилди. Уларга кўра кундалик овқатланиш меъёрларини белгилаб олишда амал қилинадиган кўрсаткичлар, шу жумладан тана вазнининг индексини аниқлашга алоҳида эътибор қаратилган. Хўш, бу нима ўзи деган савол туғилади. Маълумки, ҳар бир кишида жисмоний ривожланиш кўрсаткичлари - тана оғирлиги, бўй узунлиги, кўкрак қафаси айланаси, тана тузилиши мавжуд. Бу тана вазни индекси ва унинг антропометрик ўлчамлари дейилиб, улар айни организмнинг ўсиб-ривожланиши, аъзо ва тизимлар ҳамда бир бутун организм ишлашининг маълум меъёрларга мослиги, куч-қуввати ва бошқаларни баҳолашда муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун бундай кўрсаткичларни ўлчаб туриш каттаю-кичик, аёлу-эркаклар организмининг сиҳат-саломатлигини аниқлашда, уларнинг қандай овқатланиши кераклиги ҳақида ҳамда жисмоний фаолиятга муносабатини баҳолашда керак бўлади. Антропометрик кўрсаткичлардан тана массаси индексига қараб ҳар кимда тана вазнининг ёши ва жинсига кўра белгиланган меъёр даражасида ёки ундан кам ёки ортиқ эканлиги аниқланади. Бу бутун дунё бўйлаб қўлланиладиган энг оддий ва қулай усулдир.

КЕТЛЕ ЎЛЧАМИ

 – Шониёз ака, тана оғирлиги индексини биринчи бўлиб ким кашф этган ва қандай ўлчанади?
- Ушбу усул илк бор белгиялик олим Адольф Кетле томонидан 1869 йилда аниқланган. Шунинг учун бу илмий тилда Кетле ўлчами деб ҳам юритилади.
  Ушбу кўрсаткич орқали ҳар ким ўзининг қанча оғирликка эгалигини билиши ва йил давомида ҳар ойда бир марта ўлчаб бориши сиҳат-саломатлигини назорат қилишда жуда асқотади. Айниқса, тез семириб ёки озиб кетиш ҳолатларида бу усулдан фойдаланиш жуда қулай. 
   Ҳозирги пайтда бутун дунё бўйича, хусусан, ўзига тинч ва ривожланган мамлакатлар аҳолиси орасида тана массасининг меъёридан ошиқ бўлиши ва семизлик тобора ўсиб бормоқда. Бу ҳолат давр касалликлари ҳисобланган - юрак ишемик касалликлари, қон босимининг юқори бўлиши, юрак инфаркти, инсульт, танада холестриннинг кўпайиши, атеросклероз ва бошқа турли хасталикларнинг асосий сабабчиси эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун ҳар ким ушбу индекснинг меъёрда бўлишига эришиши унинг юқорида айтиб ўтилган касалликларга чалинмаслигида, агар касалланган бўлса тезроқ соғайишида, сермазмун ва узоқ умр кўришида муҳим аҳамият касб этади. Кетле индексини ҳисоблашда тана оғирлиги тиббиёт тарозиси ёрдамида аниқланади. Енгил кийимда, эрталаб ҳожатдан сўнг ҳеч қандай жисмоний фаоллик бажарилмаган пайтда ўлчанса янада аниқ чиқади. Бунинг учун бўй узунлиги ёғоч ростомер ёрдамида аниқланади. Бунда гавда тик ва эркин ҳолда бўлиши, елкалар тўғри ва оёқлар бирлаштирилган ҳолда бўлишига алоҳида эътибор бериш керак. Бошни шундай тутиш керакки, кўзнинг пастки бурчаги билан қулоқнинг юқори бурчагидан ўтган горизантал чизиқ бир текисликда бўлиши лозим. Мана шу иккита кўрсаткичга асосланиб, тана вазни индекси  ҳисоблаб топилади. 

ТАНАДА ЁҒ ТЎПЛАНМАСЛИГИ УЧУН

-  Бу қандай бўлади?   
- Бунинг учун килограммда ифодаланган тана оғирлигини метрда ифодаланган бўй узунлигининг квадратига нисбати ҳисобланади. Бунинг формуласи ҳам мавжуд.
  Тана вазни индекси асосан танада ёғ тўпланиш даражасини кўрсатувчи катталик ҳисобланади. Агар истеъмол қилинадиган таомларнинг умумий калорияси турли даражада бажариладиган саъи- ҳаракатларга - жисмоний фаолият, ақлий меҳнат, танани тегишли ҳароратда сақлаш кабиларга сарфланадиган энергиядан юқори бўлса, танада аста-секин ёғ тўпланиши туфайли дастлаб ошиқча вазн, кейинчалик семизлик пайдо бўлиши мумкин. Бундай ҳолатга тушиш кўпинча тез сўриладиган углеводлар, ширинликлар, олий ёки биринчи навли нон ва ҳар хил пишириқлар, торт айниқса, хамирли овқатларни кўп истеъмол қилиш оқибатида рўй беради. Чунки мана шу углеводларнинг меъёридан зиёда қисми танада тез парчаланиб, осонгина ёғларга айланиш хусусиятига эга.  Шу нуқтаи назардан соғлом овқатланиш, хусусан, озиқ толалари кўп бўлган қора нон, карам, сабзи, шолғом, ҳар хил мевалар ва кўкатлар истеъмол қилиш каби қоидаларга риоя қилиш лозим. Овқатлангандан сўнг дарҳол ётиб олиш, айниқса, кечки овқатни бевосита уйқудан олдин қабул қилиш, камҳаракатлилик организмда ёғ тўпланишига олиб келиб, киши саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Энг ёмони бу давр касалликларига сабаб бўлади.

КЎП ОВҚАТЛАНИШ АҚЛИЙ ФАОЛИЯТГА ТАЪСИР ЭТАДИМИ?

- Меъёрдан ортиқ овқатланиш ақлий фаолятига ҳам таъсир этар экан. Шу ҳақда фикрингиз.
-  Албатта, кўп овқатланиш ва турли-туман егуликлар билан организмни зўриқтириш инсоннинг ақлий фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Чунки киши тўйиб овқатланганда танадаги бор қувват фақат озуқани ҳазм қилишга қаратилади. Инсон организми жуда ақлли. У ўзига қандай хавф солаётганлигини биздан ҳам кўра яхшироқ тушунади. Овқатни тезроқ ҳазм қилмаса  ҳаёт учун муҳим бўлган ички органлар фаолиятига жиддий таъсир ўтказишини яхши билади. Шунинг учун бош мия ва бошқа органларнинг иш фаолиятига сарф этилиши керак бўлган бор ички қувват фақат ҳазм жараёнига қаритилади. Оқибатда меъёрдан ортиқ овқатланган инсонда ланжлик, дангасалик ва айниқса, ётиб ухлаш ҳисси кучаяди. Меъёридан ортиқ вазнга эга бўлган одамларда эса ақлий фаолият билан шуғулланиш истаги камаяди. Улар қандай бўлмасин осон ҳаёт кечириш пайида бўладилар, тинимсиз меҳнат ва ўз соҳаси бўйича изланишдан қочадиган бўлиб қоладилар. Шунинг учун, айниқса, болаларда бу каби салбий ҳолатлар рўй беришига йўл қўймаслик керак.   
  Хулоса шуки, ҳар ким ўзининг тана массаси индексини доимий равишда назорат қилиб бориши шахсий саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этади. Янгиланиб бораётган жонажон Ўзбекистонимизда ҳар бир оила аъзоси соғлом турмуш тарзи қоида ва тамойилларига қатъий амал қилиши, хусусан соғлом овқатланиш ва жисмоний фаол бўлиши  ҳозирги куннинг долзарб масалаларидан биридир.
– Раҳмат, Шониёз ака, қизиқарли маълумотлар учун.

Суҳбатдош - Гулруҳ ЁРМАТОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот