“Ёнаётган тирик ҳайкаллар”
“...Ижод – асли яратиш демакдир. Яратилма шунчаки тўқима эмас, балки топилма даражасида бўлса, у чинакам ижод дурдонасига кўтарилади...” Ушбу жумлалар филология фанлари номзоди, доцент Раҳимбой Жуманиёзовнинг ёзувчи Музаффар Муҳаммадназарнинг “Ёнаётган тирик ҳайкаллар” номли китобига ёзилган иқтибосдан бир парча.
Ёзувчининг яқиндагина “”Янги аср авлоди” нашриёти томонидан чоп этилган “Ёнаётган тирик ҳайкаллар” китоби тақдимотига бағишланган учрашувда адабиётни, санъатни севадиган ижодкорлар, шоиру ёзувчилар, халқ севган санъаткорлар иштирок этишди.
Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонада бўлиб ўткан мазкур учрашув давомида сўз олган ижодкорлар ёзувчининг мазкур асарида кўтарилган мавзулар ҳар бир ўқувчини ўйга толдириши, атрофга ҳушёрроқ қарашга, одамларнинг дарду қувончини юракдан ҳис этишга ундаши ҳақида фикр билдиришди.
– Мазкур китобдан ўрин олган “Котибанинг кирдикорлари”, “Кўзбойлоғич” ҳикоялари табассум аралаш дард билан ўқилади, –дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Абдуқаюм Йўлдошев. – Муаллиф бу асарларида шафқатсиз воқеликни, афсуски, одамийликдан, муҳаббатдан кўра пулни, ишончдан кўра, эҳтиёткорликни афзал кўрадиган айрим замондошларимиз образларини маҳорат билан чизиб беради.
Тақдимотда сўз олган таниқли ижодкорлар Зулфия Мўминова, Қўчқор Норқобил, Дадахон Ёқубов, Шоира Орипова, санъаткорлардан Доно Бобохонова, Феруза Собитовалар “Ёнаётган тирик ҳайкаллар” асари бугунги адабиётимиз учун яна бир туҳфа бўлганини таъкидлаб ўтишди.
Нигора РАҲМОНОВА, ЎзА.
2021 йил.