Ширин Абдуллаева (2005 – 2025)
Хонанда ва актриса – Ширин Абдуллаева 2005 йилнинг 14 декабрь куни Наманган шаҳрида туғилган. Ширин Абдуллаева 15 ёшлигида-ёқ Россиянинг НТВ каналидаги машҳур телекўрсатув — «Ты — Супер!» лойиҳаси саҳнасида ўз истеъдодини намойиш этиб, қўшиқ шоусининг ярим финалчиси бўлган.
Ширин Абдуллаева кўп болали оилада туғилган. Унинг тўртта опаси бор. Ширин қўшиқ айтиш баробарида, рус, инглиз ва хитой тилларини, яккакураш санъат турини ҳам яхши билган. Ширин Хитойдаги Шаолинь монастирида У-шу машқлари бўйича сабоқ олиб, жанговар санъатни ҳам ўрганган.
Ширин 2009 йил "Онажоним " фильмида илк дебют роли – Ширин образини ижро этган.
2012 йил «Таътилдаги томоша»да Ширин, 2013 йил «Қисмат битиги»да Диёра, 2014 йил «Сеҳрли китоб»да Ширин, 2016 йил «Меросхўр»да Ширин, 2020 йил «Мистер нокаут»да Асмира ролларини ўйнаган.
2023 йилда у санъат йўналиши бўйича Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган. Унинг «Лўли», «Метро», «Безори» ва бошқа қўшиқлари YouTubeда миллионлаб марта кўрилган.
Ширин Абдуллаева Пекиндаги Цинхуа университетида Ижтимоий фанлар йўналишида ўқиётганди. 2024 йилда ўқишини Ўзбекистонга кўчирган. Университет раҳбарияти Ширинни «Ўзбекистоннинг Хитойдаги маданият элчиси» дея таърифлаган.
У Испания ва Сочида ўтказилган халқаро танловларда Гранпри соҳибаси бўлган.
Ширин Ота-Онаси олдидаги бурчини бажаришни ўзининг энг олий мақсади деб тушунган қиз эди.
Унинг эшитиш ва тез ёдлаб олиш қобилияти жуда ривожланганди. 1.5 ёшида-ёқ алфавитдаги харфларни ёд олган зеҳнли ва хотираси кучли қиз бўлган.
«Шаолинь жанг санъатини ўрганган. Рус, хитой, инглиз тилларини мукаммал эгаллаган. Бир қатор киноларда роль ижро қилган.
Клиплари интернетда анча танилган. Хитой университетида 100 фоизли грант билан ўқиётганди… Беғубор қиз эди.
Ҳамкорликда қўшиқлар яратгандик», — дея таъзия билдирди хонанда ижро этган бир нечта қўшиқларнинг сўзлари муаллифи, шоир Бобур Бобомурод (жумладан, «Ташаккур» қўшиғи).
Ширин Абдуллаева 2025 йил 15 февраль куни 19 ёшида менингит касаллиги сабабли дунёдан бевақт кўз юмди.
Ширин Абдуллаева тадбиркор, таркибида 20 дан ортиқ корхонани бирлаштирган BA Holding таъсисчиси – Баҳодир Абдуллаев ва «Planet press» МЧЖ таъсисчиси сифатида «Сабо» газетаси ҳамда эркакларга мўлжалланган ягона «Жаноб» журналининг муассиси, филолог – Гулноза Абдуллаеванинг энг кенжа — 5-қизи эди.
Ширин ўзининг қўшиқлари, фильмларда ижро этган роллари орқали хотирамизда мангу яшайди.