Воҳид Қодиров (1925 – 1992)
Ўзбекистон халқ артисти, актёр ва режиссёр – Воҳид Қодиров 1925 йилнинг 10 январ куни таваллуд топган. Тошкент Театр ва рассомлик институтини тамомлаган.
1948—92 йиллар Ўзбекистон давлат Ёш томошабинлар театрида фаолият юритган.
"Пўлат қандай тобланди" спектаклидаги Климка унинг саҳнада яратган илк образидир. Ижоди давомида Мистер Томас (В. Любимов, "Оппоғим"), Чиранчоқ қуёнча (С. Михальков, "Чиранчоқ қуёнча"), Журжон ҳокими (Ҳ. Олимжон, "Ойгул билан Бахтиёр"), Мансур (И. Аҳмедов, О. Толипов, "Ким айбдор"), Қовоқвой, Конфетвой (П. Мўмин, "Қовоқвой ва Чаноқвой", "Суқатой Конфетвой"), Сарибой (Ғ. Ғулом, "Шум бола"), Икром (Алп Жамол, "Меҳрибонлар"), “Меҳр кўп кўргаздим”, “Оппоғойим” каби турли характердаги роллари билан танилган.
Режиссёр сифатида “Тайёрга айёр”, “Суқатой Конфетвой”, “Меҳрибонлар” (Алп Жамол) каби спектаклларни саҳналаштирган.
Кинода ҳам бир қанча роллар: Милиционер – “Чинор остидаги дуэль”, Пардозчи ("Мафтунингман"), “Биринчи бўса”, Хон – “Акмалнинг янги саргузаштлари”, “Хоразм афсонаси”, Сарибой – “Шум бола”, “Баҳор қайтмайди”, Амалдор ("Осиё устида бўрон") каби кинофильмларда ўзига хос ролларни ижро этган.
"Оталар сўзи – ақлнинг кўзи", "Телевизион миниатюралар театри", "Экран хандаси", "Шунчаки саргузашт" каби телевизион кўрсатувларнинг фаол иштирокчиси бўлган.
Дубляж соҳасида ҳам кўплаб фильмларга овоз берган.
Устоз санъаткор 1992 йилда вафот этган.