Дилбар Абдулазизова (1951 – 2019)
Ўзбекистон халқ артисти, театр ва кино актрисаси – Дилбар Абдулазизова 1951 йилнинг 12 сентябрь куни Тошкент вилоятида туғилган. Дилбар Абдулазизова 1972 йилда Александр Николаевич Островский номидаги Тошкент давлат Театр ва рассомлик институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат Санъат ва маданият институти)ни тамомлаган. Шу йили йўлланма асосида Ҳамид Олимжон номидаги Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида иш бошлаган.
Актриса 1973 йилдан эътиборан Ўзбекистон давлат Ёш томошабинлар театрида ишлаган. У Ўзбекистон халқ артистлари – Манзура Ҳамидова ва Воҳид Қодировдан саҳна маҳорат сирларини ўрганган ҳамда уларни ўзига устоз деб билган.
Дилбар Абдулазизова кўплаб спектаклларда турли-туман ролларни ижро этган. Жумладан:
„Қор маликаси“, "Паҳлавоннинг ўғирланиши", "Қаҳқаҳа", "Карра карра", "Меҳр кўп кўргаздим", "Раҳмат, капитан", "Кулган етар муродга", "Учар табиб", "От йиғлаган томонда", "Дала сайли" (Пикник), "Икки мўъжиза. Қирол Буғу", "Алихўжа – Хўжаали", "Тўрт эгизак", "Олтин жўжа", "Орзулар кемаси", "Тузоқ" „Қўнғироқли айёр“, „Менинг отам қаҳрамон“, „Қизил қалпоқча“ в. б.
Актрисанинг кинодаги роллари: „Баҳор қайтмайди“да – Лобар (1970), „Сарвиноз“да – Илҳомнинг онаси (2004),
„Сеҳргар“да — хола ролини ўйнаган (2011 йил).
2000 йил ҳукуматимиз томонидан унинг кўп йиллик самарали меҳнатлари инобатга олиниб, "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист", 2013 йил "Ўзбекистон халқ артисти" унвонлари билан тақдирланган.
Ўзбекистон давлат Ёш томошабинлар театрида Ўткир Ҳошимовнинг "Инсон садоқати" асари асосида драматург Тоживой Исроилов томонидан саҳналаштирган ва намойиш этилган «Умид дарахти» спектаклида Дилбар Абдулазизова она сиймосини гавдалантиргани мутахассислар томонидан юксак эътироф этилган.
Устоз санъаткор 2019 йилнинг 15 март куни вафот этган.