Ҳар даврнинг ўз қаҳрамонлари бор
26 октябрь – ҳозирги Ўзбек давлат Драма театри ташкил топган кун.
Шу муносабат билан мазкур театрга умрини фидо қилган улуғ санъаткор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист – Ҳошим Арслоновнинг умр йўлдоши – Мавлуда Арслонованинг театр билан боғлиқ хотираларини баҳам кўрмоқчимиз.
Мавлуда Арслонова:
«Ҳар даврнинг ўз қаҳрамонлари бор.
1968 йилнинг 26 октябрида дастлаб, "Ёш гвардия" театрига асос солинган.
Таниқли режиссёр – Эргаш Масафаев билан бу даргоҳда қанча улуғ санъаткорлар иш бошлаган: Тўғон Режеметов, Ширин Азизова, Мурод Ражабов, Рустам Каримов, Назира Абдувоҳидова, Фарҳод Аминов, Муҳаббат Абдуллаева, Малика Иброҳимова, Ноила Тошкенбоева, Асрор Тошкенбоев ва яна бир қанча актёрлар бор эди.
1977 йили таниқли актёр ва режиссёр – Бахтиёр Ихтиёров театрда иш бошлаб, олийгоҳни тамомлаган ёш актёрларни битта курсдан танлаб олиб, ишга таклиф қилган.
Булар таниқли устоз – Арсен Исмоилов курсидан: Матёқуб Матчонов, Маҳмуд Исмоилов, Йўлдош Сотимов, Ҳошим Арслонов, Шоҳиста Иноғомова, Насиба Усмонова ва Ғайбулла Ҳожиев илк бор шу даргоҳда иш бошлаган.
Кейинчалик бу театр Аброр Ҳидоятов номи билан аталган. Бу даргоҳда яна қанча устоз санъаткорлар унутилмас роллари билан театр тарихида муҳрланди.
Ҳар бир даврнинг ўз қаҳрамонлари ва машҳур шахслари, истеъдодли инсонлари бўлган.
Ҳозирги машҳурлардан бир қанчаси шу саҳнада чиниқиб, тобланган, жумладан: Карим Мирходиев, Ҳусан Мусабоев, Зарифа Исмоилова, Саида Раметова, Шоҳида Исмоилова, Абдухалил Мингноров, Фарҳод Абдуллаев ва ҳоказо.
Вақт, умр – оқар дарё.
Бу тафсилотларни ёзишимдан мақсад: умр йўлдошим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист – Ҳошим Арслонов орқали талабаликдан шу инсонлар билан бирга ҳамнафас бўлганман, дўст тутинганман. Энди ҳамма ўз йўлидан кетди. Дарахт бир жойда кўкаради. Шу қоидага амал қилганлардан бири – Ҳошим Арслонов ҳам шу даргоҳда навқирон 21 ёшдан 60 ёшгача бўлган умрини, эл суйган, халқимиз ардоқлаган актёр мақомини шу театр саҳнасидан эгаллаган эди. Ҳаёт давом этади…
Ҳозир замон ўзгарди, жамоа ёшлар билан тўлди. Театр жамоасини театр ташкил топган кун билан табриклаймиз!»