Саид Аҳмад (1920 - 2007)
Саид Аҳмад (Ҳусанхўжаев Саидаҳмад) 1920 йил 10 июнда Тошкент шаҳрида туғилган. 1968 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, 1980 йилда Ўзбекистон халқ ёзувчиси, 1996 йилда “Дўстлик”, 1997 йилда “Буюк хизматлари учун” орденлари, 1999 йилда Ўзбекистон Қаҳрамони юксак унвони билан мукофотланган.
1940 йилда биринчи ҳикоялар тўплами — “Тортиқ” нашрдан чиққан. Ижодининг каттагина қисми ҳажвий-юмористик ҳикоялар, қиссалар, комедиялардан иборат. У “Эр юрак”, “Фарғона ҳикоялари”, “Чўл бургути”, “Чўл оқшомлари”, “Одам ва бўрон”, “Йўқотганларим ва топганларим”, “Қоракўз мажнун”, “Киприкда қолган тонг” каби асарлар муаллифи.
Саид Аҳмаднинг “Уфқ” трилогияси, “Жимжитлик” романи, “Хандон писта”, “Бир ўпичнинг баҳоси” ҳажвий тўпламлари, 3 жилдли “Танланган асарлар”и чоп этилган. Унинг юмористик маҳорати “Келинлар қўзғолони”, “Куёв” комедияларида ёрқин намоён бўлган.
Адиб 2007 йил 5 декабрда Тошкент шаҳрида вафот этган.