Риши Капур (1952 – 2020)

Ҳиндистоннинг Мумбай (аввалги Бомбей) шаҳрида таваллуд топган Риши Капур таниқли кинорежиссёр ва актёр Раж Капурнинг ўғли. У бошланғич ва ўрта таълимни ака-укалари билан биргаликда Мумбайдаги «Campion» мактабида олган.
Риши Капур кинодаги илк қадамини 1970 йилда отаси суратга олган «Менинг исмим масхарабоз» («Mera Naam Joker») фильмида Раж Капурнинг болалик образини гавдалантиришдан бошлаган. Санъаткорнинг бош ролдаги дебочаси эса 1973 йилда экран юзини кўрган ва ёшлар орасида тез фурсатда шуҳрат қозонган «Бобби» фильмида Димпл Кападиа билан жуфтликда амалга ошди.
Ўша даврдан эътиборан у юзлаб киноасарларда бетакрор образлар яратган. Актёр 2000 йилда томошабинларга ҳавола этилган «Муҳаббат тижоратга айланганда» («Karobaar: The Business of Love») фильмигача ёш актрисалар билан бош роль ижрочиси — ошиқ йигит қиёфасида намоён бўлиб келган. Соҳадаги фаолиятини кейинчалик иккинчи даражали роллар билан давом эттириб, «Сен ва мен» («Hum Tum», 2004) ҳамда («Fanaa», 2006) каби фильмларда маҳорат кўрсатган.
Риши Капур режиссура соҳасида ҳам ўз кучини синаб, 1998 йилда Ражеш Кҳанна, Айшвария Рай, Акшай Кҳанна, Қодир Хон, Пареш Равал ва Жаспал Бҳатти иштирокида «Қайтақол, севгилим» («Aa Ab Laut Chalen») экранизациясини тасвирга олган. Бундан ташқари, у «Намасте, Лондон» фильмида ва Шамми Капурнинг ўғли – Адитья Раж Капур режиссёрлик қилган «Орзунгни йўқотма» («Don't Stop Dreaming») фильмида суратга тушган. Актёрнинг маҳоратли санъаткор Камол Ҳасан билан биргаликда ижро этган «Денгиз» («Saagar») фильми Оскар мукофотига расман тақдим этилган.
Шунингдек, Риши Капур «Чинту Жи» («Chintu Ji») лентасида ўз-ўзини ижро этган. Бу фильмда унинг отаси Раж Капур, онаси, рафиқаси ва аввалги «Чандни», «Менинг исмим Жокер» сингари машҳур асарларига доир кўплаб ишоралар ўрин олган.
Риши Капур бир нечта муваффақиятли фильмларда бирга суратга тушган актриса Ниту Сингҳ билан 1979 йил 13 апрелда унаштирилиб, 1980 йилда турмуш қурган.
Уларнинг икки нафар фарзанди бор: актёрлик касбини давом эттираётган Ранбир Капур ҳамда Ридҳима Капур.
Раж Капурнинг ўғли; актриса Ниту Сингҳнинг турмуш ўртоғи; актёрлар Рандҳир Капур ва Ражив Капурнинг иниси; Ранбир Капурнинг отаси; актёрлар Шаши Капур, Женифер Кендал, Шамми Капурларнинг жияни; актриса Бабита Капурнинг қайниси; актёр Кунал Капурнинг амакиваччаси ҳамда актрисалар Карина Капур Хон ва Каришма Капурнинг амакиси.
Кино санъатининг ёрқин намояндаси Риши Капур 67 ёшида оғир хасталик — саратон касаллиги оқибатида ҳаётдан кўз юмган.
Интернет маълумотлари асосида Музаффар МУҲАММАДНАЗАР тайёрлади.