ЙИЛЛАР ҚАНЧА ОЛИБ КЕТСА, ШУНЧА ЯҚИНМАН...
Ўзбекистон халқ шоири Зулфия...
Хона тўрида турган шоира портретига беихтиёр тикилиб қоламан.
Силлиқ таралиб, оддий турмакланган сочлар, самимий, ортиқча пардозсиз чеҳра, ўзларига жуда ярашиқли, шу билан бирга сипо либослар... Менинг назаримда шу бетакрор сувратнинг ўзиёқ:
– Зулфия абадияти нимада? – деган саволнинг битта жавобидай туюлади.
Кейинги йилларда давраларда:
– Шоиранинг шон-шавкатининг асоси нимада, сири нимада, каби саволлар тез-тез айланадиган бўлган. Бизнингча, устоз Зулфияхоним энг аввало сувратида халқимиз, миллатимизга хос кўринишларни бешикаст, безавол, бутунлигича олиб ўтган. Йиллар тўфонларида турланиб, тусланмаган. Зулфияхоним шахсига халқ, айниқса, аёллар кеча ҳам яқинроқ боришга ҳаракат қилган, унга интилган. Бугун ҳам – шу. Бу – шунчаки шоирага интилиш, шоирага муҳаббатнинг ўзи эмас. Зулфияхоним қиёфасидаги асл ўзбаки сувратга бўлган соғинч, ўша қадрдон қиёфга бўлган интилишдир, десак тўғри фикр айтган бўламиз.
Шоира фақат қиёфаси, сувратигина эмас, руҳиятида, шеъриятида ҳам халқимизга хос бўлган энг гўзал фазилатларни асраган.
Устоз шоиранинг “Ўрик гуллаганда” сарлавҳали машҳур шеъри бор :
Сени қўмсаб оқшом чоғида
Кириб келдим шу таниш уйга.
Биз бир чоқлар яшаган уйда
Тунаб қолдим хаёл-ла бирга...
Бундай интиқлик, бундай интизорлик, бу шаклдаги қўмсашни ўз жуфтидан бевақт жудо бўлганлар яхши англайди. Лекин шундай ҳижронзадаликда ҳам, шундай айрилиқда ҳам шоира дод, фарёд кўтармайди, таскин, тасалли излайди ва топади.
... Бари ҳаёт, муҳаббат каби,
Ҳамма ерда кўринар изинг,
Паррандалар нағма куйида
Жаранглайди товушинг, сўзинг.
Мени ўраб олди ҳаяжон,
Яна ортди севгининг кучи.
Шарқ қизариб, чиқмоқда қуёш,
Олтинланди теракнинг учи.
Халқимиз бошига бевақт айрилиқ кулфати тушган инсонларга:
“Сабр – гўзал, сабр қил! Икки қўлингни осмонга кўтариб, фарёд қилма, худога хуш келмайди; дейди ва сабр қилганларни алқайди.
Дунё – кенг. Эҳтимол, ер юзидаги баъзи бир халқлар аёлни йўқликка кетган жуфтига қўшиб ўлимга ҳукм қилар, қайси бирлари учун бир умр қора либосга бурканиб, аза кийимда ўтгани садоқат белгиси ҳисобланар, лекин бизнинг халқимизда: “Кетганнинг кетидан кетиб бўлмайди”, - дейди. Шу руҳда тарбияланган, шу руҳ бағрида улғайган шоира ҳижрон сатрларини:
Сен куйлаган ўрик шу кеча
Бурканди оқ – оппоқ чечакка.
Мен қадрдон хотира билан
Жўнаб кетдим уйимга якка.
– деб тугаллайди. Зулфия гарчанд дил кечинмаларини “якка” сўзига жо этган бўлса-да, шеърдан ўқувчига кўнглида ёруғ излар қолади.
Зулфияхоним шеъриятидаги некбинлик, ҳаётсеварлик ҳам айнан халқимиз руҳиятидан андозадир. Шоиранинг ҳар бир шеъри, ҳар бир сатрида халқимизга, фақат халқимизга хос фазилатлар бўртиб кўринади. Агар ижодкор билан сатрма-сатр бирга юрсангиз: “Йўқ душманим” деган иборага дуч келасиз. Ниҳоятда ўринли, гўзал топилдиқ. Халқимиз тарихини вароқланг, кечаги куни, бугунини... Кимларга қучоқ очмаган, кимларга уй тўридан жой бермаган? Инсоният борки, улардан дўстлик излаган, дўстлик кутган. Хатто, кимдир айёрлик қилиб, панд берган даврларда ҳам ўзининг яхшилиги билан душманни дўст қилишга интилган. Шоира ижоди давомида ана шу халқнинг чин фарзанди бўлиб гавдаланади ва комил ишонч билан “Йўқ душманим кўнглин этиб шод”, дейди.
Халқ орасида, эл ичида юрсангиз ҳам:
– Ўзинг яхши бўлсанг, сенга ҳеч ким ёвлик қилмайди;
– Сукунатга қараб тош отмайдилар, – деган иборалар бор-ку, шоира ижодида такрор – такрор ана шу руҳиятга эгизлик кўрамиз.
Оналаримиз, бувиларимизнинг койишларига эътибор берганмисиз?
– Уйингга буғдой тўлгур, –деб қўйишади. Шоиранинг “Нечун таъна?” сарлавҳали шеъри:
Эй сен, баҳорига куз бўлгур йироқ,
Нечун таъна ажин ҳақида?
дея бошланади. Икки койишдаги ўхшашлик – бағрикенглик ҳар қандай ўқувчининг кўнглини ёриштириб юборади. Халқ руҳиятига яқинлик, халқдан узилмаслик кайфияти устоз шеъриятининг ҳар бир саҳифасида сезилади.
Ялпи тўйда ўтмайди умр... дейди шоира. “Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ”, дейди халқ.
“Ҳадеб кўз ёш тўкаверма, кўз ёш кўз ёшни чақиради,” дейди халқ. Зулфияхоним эса “Ўтли томчи” шеърида:
Кўз ёшига ҳам боқайин беёш... – дейди.
Фақат ижодда эмас, ҳаётда, фаолиятда ҳам Зулфияхонимда ҳалқимизнинг энг гўзал фазилатлари мужассам бўлганлигини кўрамиз. Ахир, бежизга устоз Ғафур Ғулом шоира таърифида: “Муаззам шарқ намоёндир сенинг покиза жонингда...” дея ёзмаганлар. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Раҳима Шомансурованинг шоира ҳақидаги хотираларидан ўқиймиз:
“... Зулфия опамлар патнисга уйиб қўйилган гул япроқчаларидан бир сиқим олиб бошимиз узра сочдилар:
– Бахтингиз гулдай очилсин!
... Биз учун махсус ажратилган жойга бориб ўтиргунимизча гулёмғири тингани йўқ...” Раҳима опанинг хотиралари давомидан аён бўлишича, Зулфияхоним: “Шундай қилайликки, бу кун келин-куёвимизнинг эсида бир умр қолсин,” деб гулёмғири “операция”сини ўйлаб топган эканлар...
Қўшни уйда карнай-сурнай чалинса, дарвозасини кенг очадиган эшик, деразаларини зич ёпмайдиган, ўзганинг бахтига ўзиникидан ҳам кўпроқ қувонадиган асл ўзбаки юракдан андоза эмасми бу?
Ахир, Зулфияхонимнинг бахт тори айни авжида узилган эди. У бахтиёр жуфтликларни кўрганда ўз қайғусини эсламай деб, бундай саодатли давралардан олисроқда юриши мумкин эди. Аммо у оддий Зулфия бўлмагани, ўзбекнинг Зулфияси бўлгани учун бундай давраларнинг бошида бўлди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муҳтарама Улуғованинг “Муҳаббат саройида мангу қолганлар” рисоласида “Ҳам келин, ҳам ўғил ўрнида” сарлавҳали хотиралар бор.
“– Комила бувидай аёл бошқа бўлмаган, - Зулфия опа ўз оналари қаторида ғоят азиз бўлган инсонга ҳурматлари кўзларидан балқиб жавоб қайтаргандилар,
– Ҳамид аканинг вафотидан кейин бир ярим йил ўтиб, аям ҳали ёш эканлигимни айтдилар, бир умр бундай яшаб бўлмаслигимни тушунтирдилар, “турмушга чиқинг”, дедилар.
– Нега, аяжон уйингизга сиғмай қолдимми? – дедим. Шундан сўнг бу ҳақда гап очилмади...”
Савол-жавобни қаранг: яна ўша ўзбекона руҳ, ўзбекона одат ва ўзбекона иборалар. Ахир, биз дунёдаги қанча халқларнинг урфу одатларида: “Дунёда ҳеч нарса абадий эмас. Шу жумладан, муҳаббат ҳам...” Ёки “Ҳаёт давом этади. Аёл жисмининг ҳам ўз табиий ҳаёти бор, унга хиёнат қилиб бўлмайди” тарзидаги нуқтаи назарлар борлигини биламиз-ку. Биз уларни таҳлил қилмаймиз, улар ҳақда ҳукм чиқармаймиз. Чунки бу – уларнинг ҳаёти. Лекин бизнинг жуфтлик ҳаёт мезони – вафо-садоқат. Биз аёлнинг аёллигини ўлчамоқчи, баҳоламоқчи бўлсак, тарозунинг иккинчи палласига вафо- садоқатни қўямиз.
Шоиранинг 29 ёшида севган инсонидан жудо бўлиб, 81 ёшигача ўша ўтли муҳаббатга вафо - садоқат билан яшагани ҳам айни ўзбек характери эмасми? Ахир, иккинчи жаҳон урушида чимилдиқда қолган келинчаклар жангоҳлардан келган “қора хат” ларга ҳам ишонмай, бир умр уч кунлик, беш кунлик, бир ҳафталик ёстиқдошларини кутиб, сарғайиб яшаганларини биламиз-ку!
Шу ўринда ана шундай бир ҳазрати аёл ҳақида хотирламоқчиман.
Мен туғилиб ўсган жойга яқин қишлоқда Ҳалимахон ая яшарди. Кўп бора суҳбат қурганман. Турмуш қуриб, уч кунгина яшаган. Умр йўлдоши фронтга кетадиган куни ҳовли саҳнида гуркираб бўй чўзиб турган ўрик дарахтига катта мих қоқиб: “Агар худо бизга фарзанд берса беланчаги боғини мана шу михга илинглар. Юрт тупроғидан насибам узилмаган бўлса қайтаман, қайтолмасам умримнинг сизларга берсин”, дея хайрлашган экан. Орадан кўп ўтмай “қора хат” келади. Келинчак ҳомиладор эди. Ўша қоқилган михга уч авлод беланчаги илинди. Насибаси узилгани билан насли давом этди. Йигирма ёшида бева бўлиб қолган аёл вафодан висол излаб, бардошдан бахт, сабрдан саодат топди. Онахон билан бир гал суҳбатимизда, “Яқин кишиси оламдан ўтган одам куйганида тупроғига бориб бошини уради, йиғлайди, дард айтиб юрагини тўкади. Аммо ўша совуқ тупроғи ҳам бўлмаса, ўлганига ишонмас экансан. Қирқ йилдан бери ҳар тонг эшикдан кириб келадигандай сочимни тараб, охорли либосимни кийиб йўлини кутаман...” дегандилар.
Зулфияхоним шеърияти ҳам, опа ҳақидаги барча хотиралар ҳам шоиранинг қалби, кўнгли, сўзлари, ҳар бир қадами ўзи туғилган, ўзи табаррук билган, ўзи севган тупроқ, шу ерда яшаган инсонлар билан чамбарчас боғлиқ эканлигини далиллаб турибди.
Шоирадан адабиётимизга мерос бўлиб қолган китоблар номига диққат қилайлик: “Юрагимга яқин кишилар...”, “Шалола”, “Висол”, “Қуёшли қалам...” Ҳар бир товуши, ҳар бир харфида нур, ҳарорат, муҳаббат ...
Бу нур, ҳарорат аро Зулфияхоним сиймоси ҳам нурланиб, муҳаббатланиб кўринади. Зулфияхонимнинг: “Қалбим қолган эди бу ерда” сарлавҳали шеърлари:
... Бутун халққа дилим бериб кетаман...– дея ниҳояланади.
Дарҳақиқат, шоир қалби шеърияти, у ҳақдаги энг гўзал хотиралар билан бизда – халқимизда қолди. Бу – “Ким ўз халқига ўхшаса, ўз халқининг бир парчасига айланса, унинг ҳаёти абадийдир”, деган йиллар синовидан ўтган ҳақиқатни яна бир карра исботлайди.
Мунаввара УСМОНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Саодат" журналининг Бош муҳаррири, шоира.