Асқад Мухтор (1920 - 1997)


   Асқад Мухтор 1920 йил 23 декабрда Фарғона шаҳрида туғилган. 11 ёшида отадан етим қолиб, болалар уйида тарбияланган. Мактабни тугатгач, Асқад Мухтор Ўрта Осиё давлат университетига (1938) кириб ўқиган. Сўнг Андижон педагогика институтида ,,Ўзбек адабиёти“ кафедрасининг мудири бўлиб ишлаган. 
   Асқад Мухторнинг Тошкентга келиши унинг фаолиятида янги саҳифа очган. У Республика газеталари таҳририятларида бўлим мудири, масъул котиб, „Шарқ юлдузи“ журналида бош муҳаррир (1960–1965), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида котиб (1957) бўлиб ишлаган. “Гулистон” журнали ва ,,Ўзбекистон адабиёти ва санъати“ газетасига муҳаррирлик қилган. 
    Асқад Мухтор “Тилак”, “Тонг эди”, “Тотли дамлар” сингари илк шеърлари (1935–1938)да шеъриятнинг мақсад ва вазифасини, шоирнинг жамият олдидаги бурчини аниқлаб олишга интилган. У шеъриятга “Қалбга қанот”, “Дардга даво” берувчи деб қараган. Шоир иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан “Ғалаба ишончи”, “Жангчининг байрам кечаси”, “Туғишганлар қайтди”, “Соғиниш” сингари қатор шеърий асарлар ёзган. Ватан гўзалликларини, туганмас бойликларини, халқ ҳаётидаги катта ўзгаришларни тасвирловчи “Пўлат қуювчи” (1947), “Ҳамшаҳарларим” (1949), “Раҳмат, меҳрибоним” (1954), “Чин юракдан” (1965) шеърий китоблари нашр қилинди. Ёзувчининг “Дарёлар туташган жойда” (1950), “Қорақалпоқ қиссаси” (1958), “Бухоронинг жин кўчалари” каби қиссаларида, „Опа-сингиллар“ (1955), “Туғилиш” (1963), “Давр менинг тақдиримда” (1964), “Чинор” (1973), “Аму” каби романларида замонамизнинг муҳим муаммолари ўз ифодасини топган. „Чин юракдан“ (1956) шеърий китоби, „Ҳаётга чақириқ“ (1956), “Дунё болалари” (1962) ҳикоялар тўпламлари ўзбек болалар адабиёти хазинасини бойитди. Асқад Мухтор “Мардлик чўққиси” (1948), “Яхшиликка яхшилик” (1949), “Самандар” каби пьесалар ҳам ёзган. Софокл, Р. Тагор, А. С. Пушкин, М. Ю. Лермонтов, В. В. Маяковский, М. Горкий, Т. Шевченко, А. Блок, А. Корнейчук асарлари Асқад Мухтор таржимасида ўзбек китобхонларига етказилган.  Лирик шоир, таниқли адиб, моҳир таржимон сифатида ўзбек маданияти тараққиётига катта ҳисса қўшган Асқад Мухтор Ҳамза номидаги республика Давлат мукофоти (1972) ва ,,Ўзбекистон халқ ёзувчиси“ унвони (1980)га сазовор бўлган. «Дўстлик» ордени билан мукофотланган (1995). 
   Асқад Мухтор 1997 йил Тошкент шаҳрида вафот этган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот