Абдулла Орипов (1941 – 2016)


  Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов 1941 йилнинг 21 Март куни Қашқадарё вилояти, Косон туманидаги Некўз қишлоғида дунёга келган. 
   Ўрта мактабни 1958 йили олтин медаль билан тугатгач, Тошкент давлат университетининг журналистика факультетига кириб, уни 1963 йили муваффақиятли битирган.
   1963 йилдан бошлаб турли нашриётларда муҳаррир, Ёзувчилар уюшмасида котиб, муаллифлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш уюшмасида раҳбар, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси вазифаларида хизмат қилиб келди. 
    Абдулла Ориповнинг ижоди талабалик йилларида-ёқ бошланиб, унинг биринчи шеърлар тўплами „Митти юлдуз" 1965-йили чоп этилган. 
   Кейинчалик шоирнинг «Кўзларим йўлингда» (1967), «Онажон» (1969), «Руҳим» (1971), ,«Ўзбекистон», «Қасида» (1972), «Хотирот» (1974), «Юртим шамоли» (1974), «Ҳайрат» (1979), «Ҳаким ва ажал» (1980), «Нажот қалъаси» (1980), «Йиллар армони» (1983), «Сайланма» (1996) шеърий тўпламлари босилиб чиққан. 
    Мазкур тўпламларга кирган шеърларни кўздан кечирар эканмиз, уларда шоирнинг ижоди, бадиий маҳорати йилдан йилга ўсиб, сайқаллашиб, камол топганига гувоҳ бўламиз. “Сайланма” тўпламидаги фикрлар туғёни, ҳис-туйғулар уммони бизни ҳайратга солади. Айниқса, истиқлол ғояси, эл-юрт мустақиллиги, она Ватанини озод ва обод кўриш истаги сатрдан сатрга сайқал топиб, ажиб бир порлоқлик ҳосил қилади. 
   Шоирнинг 60-йилларда ёзилган «Мен нечун севаман Ўзбекистонни», «Ўзбекистонда куз», «Куз» каби шеърларида-ёқ истиқлол нурлари жилва қилгандек бўлади. 
    Абдулла Орипов достоннавис ва драматург сифатида ҳам маълум ва машҳурдир. Хусусан, унинг «Жаннатга йўл» достони ва «Соҳибқирон» (1996) шеърий драмаси шоирга катта шуҳрат келтирган асарлардир. Айни пайтда у Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг муаллифи ҳамдир. Абдулла Орипов истеъдодли таржимон сифатида Дантенинг «Илоҳий комедия» асарини ўзбек тилига юксак маҳорат билан ўгирган. А. Некрасов, Л. Украинка, Шевченко, Р. Ҳамзатов, Қ. Қулиев каби кўплаб шоирларнинг асарларини ҳам она тилига таржима қилган. Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотининг совриндори, Калифорния (АҚШ) фан, таълим ва санъат Халқаро академиясининг ҳақиқий аъзоси бўлган. Мустақиллигимизнинг етти йиллигида унга биринчилардан бўлиб, "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони берилган. 
     Абдулла Орипов 2016 йил вафот этган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот