ҚИСМАТИМГА АЙЛАНГАН САНЪАТ


   Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли актёр ва дубляж устаси - Ҳошим Арслоновни халқимиз “Қора камар”, “Искандар”, “Отамдан қолган далалар”, “Мувозанат”, “Илҳақ”, “Отелло”  каби кўплаб спектакллар, “Марғиёна”, “Алпомиш”, “Исломхўжа” ва бошқа қатор фильмлардаги роллари орқали яхши танишади. Актёр театр ва кино соҳасида кўп йиллар самарали ижод этиб, инсонларни меҳр-оқибатли бўлиб яшашга чорловчи, тарбиявий аҳамиятга эга бетакрор роллари билан томошабинларнинг қалбидан муносиб ўрин эгаллаган ва ҳозир ҳам  ана шу меҳнатлар давом этмоқда. Ушбу саҳифамиз орқали изланувчан, ҳалқимизнинг севимли актёри билан қилган суҳбатимизни ҳукмингизга ҳавола этамиз.
- Ижодкорлик, санъатга бўлган меҳр, қалб кечинмалари ва туғёнлари орқали кишиларни таъсирлантира олиш ва шу йўл билан уларни фикрлашга, мулоҳаза қилишга ундаш, санъат билан миллионлаб халқнинг кўнглидан муносиб жой олиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Ҳошим ака, сизнинг ана шу бетакрор оламга,санъатга, актёрлик касбига қизиқишингизга дастлаб нима туртки бўлган?
- Дастлаб санъатга қизиқиш отамдан ўтган бўлса керак. Чунки, отам ўзлари шифокор бўлсалар-да санъатга, адабиётга, шеъриятга бошқача меҳр берганлар. Баъзан мақом қўшиқларини хиргойи қилиб, бўш вақтларида қалам тебратиб, шеър ёзганлар. Албатта, оиладаги муҳит фарзанд тарбиясига таъсир кўрсатади. Ана шундай муҳитда яшаб, санъатга ва ижодга қизиқиш бошланган. Рус мактабини тамомлаганим учун дастлаб ўзбек тилидаги талаффузларда бироз қийналганман, лекин устозларимнинг қўллаб-қувватлашлари, меҳнатлари туфайли бу қийинчиликларни енгиб ўтдим. Институтга дастлаб имтиҳонни яхши баҳоларга топшириб, Театр ва рассомчилик санъати институтининг талабаси бўлдим. Олийгоҳда устозимиз Лола Хўжаевани қўлларида астойдил таълим олиб, ўз устимда ишлаб, ҳаттоки иккинчи курсдан кейин Питербург шаҳрида бўлиб ўтган сухандонлар фестивалида биринчи ўринни олиб, билим ва кўникмаларимни оширганча шу соҳада аста-аста яхши натижаларга эриша бошладим.
   Олийгоҳни тамомлаганимдан кейин 40 йил театр соҳасида фаолият кўрсатдим. Устозлар айтганидек, “Санъатни нонини ейиш жуда қийин”, токи  актёр шаклланиб, ўз роллари билан эл назарига тушиш учун ўз устида ишлаб, тинимсиз меҳнат қилса, ўз мақсадларига эришади.  Ана шу йўлда фаолият кўрсатиб, устозлар сабоғига амал қилган ҳолда қатор роллар ижро этдим. Шу ўринда устозимиз Баҳодир Йўлдошевнинг айтган гапларини яхши эслайман: “Қачонки актёр ҳар бир жанрни усталик билан бажара олса, ўшанда ҳақиқий актёр бўлиб етишади.” Ана шу ўгитлар, маслаҳатлар, билимларни ўзлаштириб, шукурки, театрда ва кино соҳасида кўплаб ролларни ижро этдим. Ўйлайманки, бу ролларимиз халқимизга, томошабинларга маъқул тушди.  
- Кино ва театрдаги ижроингиз давомида томошабинлар кўз ўнгида кўпинча жиддий инсонлар қиёфасида намоён бўласиз. Шунингдек, тарихий асарлардаги ролларингизни ҳам халқимиз севиб томоша қилишади. “Марғиёна”, “Алпомиш” фильмлари, Шекспирнинг “Отелло” спектклидаги “Касио” образи, “Отамдан қолган далалар” “Искандар” спектаклларидаги роллар ва яна кўплаб қаҳрамонлар шулар жумласидандир. Бу ролларнинг ўзига яраша заҳмати, масъулияти ва салобати бўлса керак. Бу ҳақдаги фикрларингиз.
- Албатта, сериаллар ва киноларда, деярли комедия жанридаги ролларим кам. Театрда эса комедия жанрдаги кўплаб спектаклларда роллар ижро этганман. Масалан, “Майсаранинг иши” спектаклида “Ҳидоятхон” образи, “Отасининг қизи” ва яна бошқа саҳна асарларида иштирок этганман, бироқ, кўпроқ драматик ролларни ижро этаман. Тарихий фильм ва спектаклларга келсак, театрда кўп тарихий ролларни ижро этдим.  “Искандар” спектаклида бир эмас, иккита ролни ўйнадим. Шаҳзода ҳамда Искандарнинг отасини ролида намоён бўламан. Ўзимни қизиқиш ҳам, мойиллигим ҳам тарихий асарларга кўпроқ. Режиссёрларимиз томонидан шундай роллар таклиф этиляптими, мен уларни қўлимдан келганча ижро этиб, томошабинлар ҳукмига ҳавола этяпман. Сиз таъкидлаганингиздек, “Марғиёна”, “Алпомиш”, “Отелло” “Исломхўжа” ва яна бошқа ролларни айтишим мумкин. Яқинда яна бир тархий фильмда суратга тушдим. “Қўқон шамоли” деб номланган фильм. Ушбу тарихий фильм ҳам томошабинлар, киномухлислар томонидан юксак баҳоланди. Буни Фарғонанинг Қўқон шаҳри ва Тошкентда бўлиб ўтган фильм премьералари, намойишларида кўрдик. Аслида, тарихий фильмларни суратга олиш осон кечмайди. Унда ҳар бир актёр ўша давр қаҳрамонларнинг руҳиятига кира олиши ва ролни маромига етказиб ижро этиши лозим. Мазкур фильм премьераларидаги муҳлислар эътирофи, олқишлари, кино съёмкалари жараёнларидаги қийинчиликларимизни, чарчоқларимизни чиқариб юборди. Бундан албатта барча ижодий жамоамиз бағоятда ҳурсанд бўлдик. 
- Ҳар бир ишнинг ўз машаққати, масъулияти бўлади. Фаолиятингиз давомида ана шундай қийинчиликларга дуч келганингизда уларни енгиб ўтиш учун, аввало, нималарга эътибор бергансиз?
- Машаққатсиз, меҳнатсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. То бугунги натижаларга эришгунимга қадар, кўп қийинчиликларни бошдан кечирганман. Ҳаттоки, шундай вазиятлар бўлганки, кўплаб муаммо ва қийинчиликлар туфайли театрдан кетиш мақсади ҳам пайдо бўлган. Аммо сабр, тоқат яқинларимни далдаси, туркиси билан шу соҳада барчасига чидаб, меҳнат қилиб, фаолиятимни давом эттирганман. Бир томондан санъаткорнинг дарди бўлмаса, ҳақиқий санъаткор бўлолмайди. Қўшиқчи ва шоирларни ҳам дарди бўлмаса, у яхши ижод маҳсулини яратолмаганидек, актёрларда ҳам шундай. Кейинчалик яхши бир ролларни ижро этаётганингизда чеккан ана шу машаққатларни ёдга олсангиз, ролни янада таъсирли, халққа ёқадиган қилиб ижро этишингизда сизга катта кўмак, таянч бўлади. Шунча машаққатларга бардош бердим, энди янада юксак марраларга эришаман, деган фикр уйғонади. Машаққатларни, меҳнатларни, ижодни қадрига етасиз.
- Фаолиятингиз давомида устозлар меҳнати қай даражада деб биласиз?
-Устозлардан сабоқ олишда ўзимни жуда бахтли шогирд деб биламан. Кўзга кўринган устозлар устозлик қилган. Дастлаб, институтда Арсен Исмоиловдан санъат сирлари, ҳаёт синовларини ўрганганман. Театрга келиб устозимиз Бахтиёр Ихтиёров қўлларида кўп йиллар ишладим, улардан билим олиб, кўплаб роллар ижро этдим. Шунингдек, бош режиссёр бўлиб ишлаган Ҳабибулла Сайфиев билан бирга ишладим, улардан кўп нарсаларни ўргандим. Яна бир бахтим, театримизга Баҳодир Йўлдошевни келишлари эди. Баҳодир ака режиссёрлигида ҳам қатор ролларни ижро этишга муяссар бўлдим. Ҳам драматик, ҳам трагедик, комедик ролларни яратдим. Шундай устозларни қўлида ишлаб, улар билан фаолият кўрсатиб, асло кам бўлмадим. Менинг эришган муваффақият ва ютуқларимда уларнинг ўрни катта деб биламан.
- Санъат, ижод майдонида, театр жамоаларида меҳнат қилаётган ёш актёр ва актрисалар фаолияти қай даражада. Улар ўз ишларига юксак масъулият ва меҳр билан ёндошишмоқдами ёки театрга қизиқиш уларда шунчаки машҳурликка, юлдузликка талпинишни кўрсатмоқдами? Устоз сифатида шогирдлар меҳнатидан қониқасизми?
- Албатта ҳозирги ёшларга, ёш актёрларга ҳавас қилиш мумкин. Уларнинг самарали ижод қилишлари учун барча шароитлар яратилган. Муҳташам театр бинолари қурилиб, яхши роллар ижро этишлари учун имкониятлар яратилган. Лекин, буни ҳамма ёш актёрлар ҳам юракдан ҳис этолмайди. Мен шогирдларим яхши ролларни ижро этишларини, юксак унвонларга эришишларини, халқнинг кўнглидан муносиб ўрин эгаллашларини истайман. Бу борада уларга етарли ўгит ва маслаҳатларимни бераман, ўргатамиз. Лекин, айрим ёшлар ижодга енгилроқ муносабат билдиришади. Гўё ҳар нарсага осонликча эришиладигандек. Мени кўп ўйлантирадиган нарса - ёш актёрларнинг интизоми. Хоҳ дубляжга бўладими, хоҳ театрга ёки кино майдонига бўладими, кечикиб келишади. Ахир бир ролни ижро этиш учун унга аввал тайёргарлик кўриш керак. Вақтидан олдин келиб, бу жараёнда қатнашиш, ўз устида ишлаши лозим. Илгарилари спектаклдан 45 дақиқа олдин актёрлар келиб тайёргарлик кўрса, ҳозирги ёшлар вақтига тақаб келиб ролини ижро этади ва хатоларга йўл қўяди. Машҳурлик ортидан қувиш ёшларнинг энг катта хатоси деб биламан. Бироқ, ҳозирги ёшларимиз кичик бир эпизодда бўлса ҳам кўриниб қолай, эл танисин, мухлисларим ортсин дейди. Аммо, саёз чиққан бу рол яхши натижа бермайди. Аввало яхши актёр бўлиш учун меҳнат қилиб, умри узун ролларни ижро этиш керак. Шу нарсаларни ёш ижодкорларга, шогирдларимга тушунтиришга ҳаракат қиламан.
- Ҳошим ака,  сизнинг дубляж санъатида ҳам муносиб ўрнингиз бор. Қатор фильмлар, сериалларда кўплаб қаҳрамонларга овоз бергансиз. Дубляж соҳасига кириб келишингиз қандай бўлган? Умуман олганда, дубляж санъат актёрни қай даражада шакллантиради?
- Дубляж санъатига кириб келганимга бу йил 33 йил бўлди. 86 йилларда актёр, устозимиз Ҳожиакбар Нурматов билан ўзбек фильм киностудиясига бирга бориб, дубляж сирларини ўргана бошладим. Дубляжда дастлаб, устозим Мукамбар Раҳимова бўлганлар. Чунки, турли кино ва сериаллардаги ролларга овоз беришимда у инсон катта ёрдам берган. Дубляж соҳасини ушбу устозимдан ўргандим. Ўша пайларни эсласам Мексика сериалларидаги қаҳрамонлар ролларига овоз берганмиз. Сериалларни овоз бериш жараёнида қандай ишлаш керак, вақтни тежаш, овоз бериш жараёнидаги эътибор ва сабрни ўргандим. Бу сериаллар кўп қисмли бўлиб, уни бошлагандан кейин охирига қадар иштирок этиш шарт. Пойтахтдан узооққа кетиб бўлмайди, баҳона ва сабаблар ўтмайди. Барчасига тоқат билан ёндошиб, овоз берган вақтларимиз бўлган . Бу сериалларни ўша вақтларда томошабинлар севиб, интизорлик билан кутиб, томоша қилишди ва меҳнатларимиз бесамар кетмади. Дубляж ишлари давомида режиссёр Баҳодир Қосимов билан бирга ишладик. Қолаверса, дубляж соҳасида дубляж усталари Ойбарчин Бакирова, Омон Абдураззоқов, Ноила Тошкенбоева, Ҳамза Умаров, Фазлиддин Фаёзов сингари устозларимиз билан кўп ишлаганмиз ва улардан кўп нарсаларни ўрганганман.
- Кейинги вақтларда инсонлар ўртасида меҳр-оқибатни тарғиб этувчи, тарбиявий аҳамиятга эга, ҳалоллик, меҳнатсеварликка ундовчи қатор фильмлар, спектакллар яратилди ва уларни халқимиз севиб томоша қилди. Ана шундай асарлардан бири “Эзгулик йўли” спектаклида ҳоким ролини ижро этгансиз. Бу ижро давомида нималарни ҳис этдингиз? У кўплаб ҳудудларда намойиш этилди ва кўплаб фикр мулоҳазалар билдирилди.
- Эзгулик йўли спектаклида чўрткесар, тартиб-интизомни хуш кўрувчи, керак вақтида жаҳлдор ҳоким ролини ижро этганман. Лекин менинг қаҳрамоним бундай хислатларга эга бўлса-да, ўз соғлигини, тинчлигини йўқотса ҳам халққа астойдил хизмат қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Бу йўлда барчадан масъулият, меҳнат, тартиб-қоидага қатъий рия қилишни талаб этади. Ҳалолликка ва виждонини йўқотмасликка чақиради. Шуҳрат Ризаев қаламига мансуб бу асарда асосан кечаги ва бугунги кун қадри ўзига ҳос саҳналарда очиб берилган. Ҳоким ролини менга беришганида, бажонидил рози бўлдим. Чунки у ҳақиқат, адолатни яхши кўрадиган, меҳнатсевар, инсонни қадрлайдиган қалб эгаси эди. Спектакль саҳнага чиққач, кўпчилик фикр билдирди. Ҳурсанд бўлганим - бу ролимдан айрим кишилар ўзларига етарли хулосалар олдилар. Раҳбарлик масъулияти, ишга меҳр, ўз вазифасига сидқидилдан ёндошиш, ватанпарварлик ғоялари акс эттирилди. Халқимизга мана шундай саҳна асарлари, фильмлар жуда керак. Саёз фильмлар, улардаги мантиқсизликлар халққа ҳеч нарса беролмайди. Эл дарду ташвиши, муаммоларини долзарб мавзулар орқали саҳна асарларида ифода этиш жуда муҳимдир.      
- Яна бир спектаклни алоҳида эслаб ўтмоқчи эдим. Ота-оналарни қадрлаш, кексаларни эъзозлаш, уларга эҳтиром кўрсатиб яшаш, меҳр улашишни тарғиб этувчи “Илҳақ” деб номланган асарни ҳам томошабинлар севиб томоша қилишди. Унда Баҳром исмли меҳрибон, эзгу қалбли тадбиркор инсон ролини ижро этгансиз. Мазкур спектакль томошабинларда қандай таассурот уйғотди?
- Тўрт-беш йил олдин саҳнада қўйилган ушбу спектаклларни ўша йилларда театр муҳлисларимиз кўриб яхши баҳо беришди. Актёр ўз роли билан одамлар қалбига эзгулик олиб киролса, уларнинг юрагини тўлқинлантира олса, у профессионал даражага кўтарилган бўлади. Бу каби асарларимиз томошабинларни ҳайратлантира олди, деб ўйлайман. Чунки спектакль давомида уни томоша қилиб ўтирган театр мухлислари қаҳрамонлар ҳаётига чуқур сингиб, улар билан қўшилиб бирга кўз ёш тўкишди. Хурсандчиликларига гувоҳ бўлишди. Бу ҳолатни кўриб, биз актёрлар ҳам ўз ролимизни моҳирона ижро этишга ҳаракат қилдик.
   “Илҳақ” спектаклида қариялар уйидаги турфа тақдирлар ёритилди. Ота-оналар болаларига ёшликларида ҳеч нарсадан кам бўлмай ўсишлари учун барча шароитларни яратиб беришса-ю, эркалаб, меҳр бериб катта қилишса, аммо, кексайганда фарзандлардан адолатсизлик, меҳрсизлик кўриш, ёлғизликка маҳкум бўлиш нақадар оғир экани асарда батафсил ёритилган. Ҳеч кимнинг бошига бундай савдолар тушмасин. Бироқ, дунёда яхши инсонлар бор. Улар эътибордан, меҳрдан четда қолган инсонлардан ўз меҳру муҳаббатларини, яхшиликларини, саховатларини аямайдилар. Спектакльдаги тадбиркор, меҳрибон инсон - Баҳромжон образи шундай эзгулик қилишни яхши кўрадиган инсонлардан биридир.
- Актёрлик касбига қизиқиш фарзандларингизда қай даражада шаклланган? Уларда ҳам санъатга қизиқиш борми? Зеро, ота касбини давом эттириш ҳам фарзанд учун катта шараф!
- Ҳа, ўғилларимнинг барчаларини театр ва кино  санъатига бўлган муҳаббатлари юксак. Лекин, мен уларни бу соҳага кириб келишларига қаршилик қилганман. Негаки, санъатнинг ўзига яраша машаққатлари бор. Унга бардош бера олсагина, етук актёр бўла олади. Аммо шунга қарамасдан учала ўғлим: Жамшид, Бобур ва Жавоҳирбеклар қатор фильмларда роллар ижро этишган. Улар билан албатта фахрланаман. Бу соҳанинг масъулият ва машаққатларини вақтида тушунтирганман. Келажакда ўз олдиларига қўйган мақсад ва орзуларга эришиш йўлида ҳозирда астойдил интилиб, меҳнат қилиб келишмоқда.
- Фарзандлар ҳақида гап кетганда, оилангиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
- Оила - бу муқаддас даргоҳ. Шуни қувониб айта оламанки, мен ижодда ҳам, оилада ҳам бахти, омади кулган инсонлардан бириман. Вафодор, меҳрибон, садоқатли турмуш ўртоғим билан 42 йилдан буён аҳил-тотув умр кечириб келмоқдамиз. Ижодкорни, санъаткорни, актёрни яхши натижаларга эришишида, самарали фаолият кўрсатишида уни доимо қўллаб-қувватлаб турувчи ишончли яқини бўлиши керак. Бу албатта, унинг турмуш ўртоғидир. Мени ҳам доимо қувончли кунларим, ғам-ташвишларимга шерик бўлган турмуш ўртоғим - Мавлудахон Арслоновадир. Оғир вақтларда менга ҳар томонлама далда берган, эзгу ва олий мақсадларга эришишимга илҳомлантирган, тўрт фарзандга яхши тарбия берган аёлим билан мазмунли ҳаёт кечириб келяпмиз. Мана, Оллоҳга шукур, етти нафар набиранинг бобоси ва бувиси бўлиб, фарзандлар, набиралар роҳатини кўриб яшаяпмиз. Бу дунёда инсон учун бундан-да ортиқ бахт борми? 
- Ҳозирда яна  элга манзур келадиган яна қандай роллар яратиш билан бандсиз? Бу борадаги мақсад ва режаларингиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
- Яна бир фильмда бош қаҳрамон ролини ижро этмоқдаман. Номи "101-РЕЙС". Жуда мазмунли, шов-шувли фильм бўлади, деган умиддаман. Узоқ вақтдан бери, бир ярим йилдан буён суратга олиш ишлари олиб бориляпти. Бу фильмни суратга олиш ишларида қатор қийинчиликларга, техник муаммоларга учрадик. Асосан, воқеалар самолёт ичида содир бўлгани боис, фильмни яратиш осон бўлмаяпти. Шунингдек, яқинда яна бир янги 26 қисмлик  “Бокира” деб номланган сериал ойнаи жаҳонда берила бошланди. Унда ҳам бош роллардан бири -  ота ролини ижро этганман. Аслини олганда, Оталар ўз фарзанди учун, унинг келажаги, тақдири учун жон куйдирадиган ҳамда зиммасида катта масъулият юклаб яшайдиган инсонлардир. Фарзанди ортидан келадиган мақтов ҳам, яхши ёмон сўз ҳам отанинг юрагига бориб етади. Фильмда оталаримизнинг фарзандларига бўлган ғамғўрлиги, меҳри, керак бўлса қаттиққўллиги кўрсатиб берилган. Ўйлайманки, ушбу кўп қисмли фильм ҳам кино мухлисларига манзур келмоқда. 
- “Зўр тасвир” журнали мухлисларига ўз тилакларингизни билдириб ўтсангиз.
- Аввало, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин. Тинч, осуда ва фаровон юртда одамлар бахтли умр кечиришади. Барча газетхон, журнал мухлисларига, театр ва кино ихлосманлари, умуман ватандошларимизнинг барчасига соғлик-саломатлик, оилаларига тинчлик-хотиржамлик, тўкинлик, узоқ умр, фарзандлар камоли ва роҳатларини кўриб яшашларини тилаб қоламан. Ҳамиша омон бўлинг.

Фотима ЎКТАМОВА суҳбатлашди.
Манба: "Зўр тасвир" журнали.
2019 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот