Раҳим Пирмуҳамедов (1896 – 1972)
Ўзбекистон халқ артисти – Раҳим Пирмуҳамедов [20.12.1896 (1.1.1897) – Тошкент – 16.2.1972 й. й.] – биринчи ўзбек киноактёрларидан.
Ўзбекистон халқ артисти (1948). Москва ўзбек драма студиясини тугатган (1930).
Ижодий фаолиятини 1918 йил Карл Маркс номидаги театр труппасида бошлаган, кейинчалик Самарқанд, Наманган театрларида ишлаган.
1924 йил Тошкентда ўтказилган „Кулдирувчилар мусобақаси“нинг ғолиби бўлган.
1927 йилдан киноактёр. Пирмуҳамедов эпизодик роллар устаси сифатида танилган. У овозсиз кино („Масжид гумбазлари остида“да Умарнинг дўсти; „Соябон арава“да Жўрабой; „Равот қашқирлари“да Акромхон, „Мохов қиз“да Саидмурод ва бошқалар) давриданоқ етакчи киноактёрлардан бўлган. Бу даврда у овозсиз кинонинг энг яхши анъаналарини ўзлаштириб, ўзининг кейинги фаолияти учун муҳим замин тайёрлаган.
Биринчи ўзбек овозли фильми „Қасам“да Раҳим милиционер ролини ижро этган. Пирмуҳамедов ижодида халқ театри анъаналари, замонавий саҳна санъати ютуқлари ва кино эстетикаси маданиятига хос хусусиятлар уйғунлаша борган, у амир айғоқчиси („Насриддин Бухорода“), Абулмалик („Алишер Навоий“ фильми, 1947), Абдулхайр („Абу Али ибн Сино“), карвонсарой соқчиси, кўса („Тоҳир ва Зуҳра“; „Насриддиннинг саргузаштлари“) сингари чуқур миллий, ҳаётий образларни гавдалантирган. Турли хил хатти-ҳаракатлар, ўзига хос мимика ва бошқа воситалар билан образларига сатирик ва юмористик бўёқ бериб, уларни турли драматик кулгили ҳолатларда намойиш этиш Пирмуҳамедов ижодига хос бўлган.
„Фурқат“ фильмидаги қотил, „Ўтган кунлар“даги Қушбеги, „Маҳаллада дув-дув гап“даги Арслонбек, „Сен етим эмассан“даги чипта назоратчиси каби салбий образлар ўзининг тўлақонлилиги, ранг-баранглиги, сатирик бўёқларга, миллий хусусиятга бойлиги билан ажралиб туради. Иброҳим ошпаз („Гуллар очилганда“), Акмал қизиқчи („Наташахоним“), Вазир („Икки дил достони“) каби роллари ўзбек киноси зарварақларидан ўрин олган. „Шиддат“ фильмидаги Муллабой унинг ижодидаги сўнгги образ бўлди. "Буюк хизматлари учун" ордени билан мукофотланган (2003).
Раҳим Пирмуҳамедов 1972 йилнинг 16 Февраль куни вафот этган.