ТИМСОЛИДА ОНАМ СИЙМОСИ


25 Август - Гулбаҳор Йўлдошева таваллуд топган кун.


     Ўзбек кино мухлисларига, асосан, “Туташ тақдирлар” сериали орқали таниш, Ўзбекистон Давлат драма театрида ишлаб, кейинчалик АҚШга кетган ва у ерда фаолиятини давом эттираётган актёр Жаъфар Мўминов билан суҳбат. 

– Жаъфар, Сиз АҚШга кетишдан илгари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, актриса Гулбаҳор Йўлдошева билан биргаликда кўп ролларни ижро этиш бахтига мушарраф бўлган актёрлардан бирисиз. Гулбаҳор опа билан боғлиқ хотираларингизни бизга сўзлаб берсангиз.

– 2002 йилда аввалги Аброр Ҳидоятов номидаги, ҳозирги Ўзбек давлат драма театрига Театр ва рассомлик санъат институтининг 3-курсида ўқиб юрган пайтимдаёқ ишга қабул қилинганман. Театрда ишлаш баробарида институтда ҳам ўқиганлигим туфайли театрга кам келардим. Асосан, ўқишдан бўш бўлган пайтларим театрга борардим. Гулбаҳор опамни дастлабки 2-3 ой мобайнида кўрмаганман, лекин режиссёр Баҳодир ака Йўлдошевнинг умр йўлдоши эканлигини билардим. Гулбаҳор опамни актриса сифатида танирдим, шу театрда ишлашини билардим, аммо боя таъкидлаб ўтганимдек, ўзини кўрмагандим.
    "Хонума" спектакли ўйналадиган бўлганда, томошага келдим. Гулбаҳор опанинг маҳорат билан роль ижро этганини кўриб, опанинг истеъдодига яна бир бор қойил қолгандим. Шундан сўнг, кўришиб қолганимизда ўзаро саломлашадиган бўлдик. Шу тариқа салом-алигимиз бошланди.
   Институтни тугатиб, театрда кун бўйи банд бўлганимдан кейин, менга кетма-кет турли ролларни беришни бошлашди. Гулбаҳор опа билан биргаликда кўплаб роллар ижро этдик. Жумладан, Абдулла Қаҳҳорнинг “Аяжонларим” пьесасида Бўстон буви билан Каримжон образида иккимиз она-бола ролини ўйнаганмиз. 
    “Медея”да Медея билан Ясон ролларини ижро этдик. Нил Саймоннинг “97-хона” номли новелласида эр-хотин ролларини ўйнаганмиз.

– Сизни халқимизга машҳур қилган ролингиз, асосан "Туташ тақдирлар" сериали, деб биламиз. Тўғри, спектаклларда ҳам кўплаб ролларни ўйнагансиз, бироқ ойнаи жаҳон орқали Сизни ўша сериалдаги ўғил образи орқали кўпроқ таниганмиз. Бу ролга Сизни ким таклиф қилган?  


– “Туташ тақдирлар” сериалига бизни режиссёр Замира Бегимқулова таклиф қилган. Театримиздан биргина мен ё Гулбаҳор опани эмас, яна кўпчиликни сериалда ўйнаш учун чақиришган. Гулбаҳор опа билан сериалдаги жараёнлар ичида янада яқин бўлдик. Ташқи кўринишидан жиддий, қаттиққўл кўринган бу аёлнинг ички дунёси, оналарча меҳрини ҳис қилдим.
   Ростини айтсам, Гулбаҳор Йўлдошевадан театрда кўпчилик ҳайиқишар эди. Чунки, актёр ва актрисаларга кези келса танбеҳ берадиган, койийдиган, интизом ва ишига масъулият билан ёндашишни талаб қиладиган талабчан аёл эди, раҳматли. Театримизда ишлайдиганларнинг аксарияти опани ўзига жуда ишонган, атрофдагиларнинг унча-мунчасини менсимайдиган аёл деб таърифлашарди. Аммо Гулбаҳор опа билан театр ва сериалларда бирга ишлаб, уларни яқиндан таниганим сари, бу гапларнинг ҳаммаси бўҳтон эканлигига амин бўлдим. Гулбаҳор опадаги одамгарчилик, чинакам инсонийлик фазилатларини кўрдим. Тўғри, ҳар қайси санъаткорнинг, ҳар қандай инсоннинг ўзига яраша феъл-атвори бор. Кимлардир шу феълидан келиб чиққан ҳолда, кўпчилик одам билан келиша олмайди, бошқалар эса, ўзгалар билан тезда мулоқотга киришиб кета олишади. Ҳар биримизнинг ўзимизга яраша феъл-атворимиз бор. Гулбаҳор опа мустаҳкам иродали, қатъиятли табиатга эга аёл эди. Профессионал санъаткор сифатида ҳеч қачон театрда, кинода феълини намоён қилмас ва ўзини бошқалардан устун қўймас эди. Бирор маротаба спектаклларга, фильм ё сериални суратга олиш майдончасига кеч қолмаган. Тартиб-интизомга қатъий амал қиладиган аёл эди. Режиссёрлар томонидан топширилган вазифаларни хатосиз, 100% ўринлатиб бажарарди.

– Гулбаҳор опа билан неча йил бирга ишлагансиз?

– Гулбаҳор опанинг ёнида 10 йил давомида бирга бўлганман. Гулбаҳор Йўлдошева хусусида фақатгина яхши гапларни айта оламан ва яхши хотиралар билан эслайман. Театрда кўпчиликни устоз деб чақиришимиз мумкин, аммо Гулбаҳор опам чиндан-да театр саҳнасида менга кўп нарсани, бу касбнинг сир-синоатини ўргатган ҳақиқий устозим бўлади. "97-хона" спектаклини ишлаганимизда, Баҳодир Йўлдошев биз билан жиддий шуғулланарди. Баҳодир ака баъзи пайт спектаклларимиздаги репетицияларга айрим сабабларга кўра кела олмай қолган пайтлари, Гулбаҳор Йўлдошева билан репетиция қилишимга тўғри келарди. Гулбаҳор опа "Опа-укачилик ўз йўлига, хизмат ўз йўлига", деган қоидага амал қилган ҳолда масъулиятли ва талабчан раҳбарга айланарди. Спектаклни тайёрлаш жараёнида жуда ҳам кўп танбеҳлар эшитганман! Менга бу ролни ҳис қилишим бирмунча қийин бўлган. Гулбаҳор опа билан орамизда 20 ёшдан зиёд фарқ бор эди. Шунга қарамай, эр-хотиннинг ролини ўйнашимиз керак эди. Ҳарҳолда, анча ёш бўлганим боис, ўзимдан катта аёлни рафиқам сифатида кўра олмас эдим, қолаверса, оиланинг, рўзғорнинг паст-баландликларини тушунмаганман, шу сабабдан анча қийналганман. Устозим шу нозик жиҳатларни астойдил ўргатиб, тушунтириб, вақти келганда қаттиқ гапириб, хафа қилиб қўйган пайтлари ҳам бўлган. Бир неча ой ишлаганимиздан кейин, театр санъатини тушунадиган одамларга, ўзимизнинг театримиздагиларга спектаклимизни тақдим этганларидан сўнг ҳақиқатдан ҳам шунча берган танбеҳлари ўринли экан деб ич-ичимдан тан олганман ва миннатдор бўлганман. Спектаклимизни жуда яхши қабул қилишган.
   “Туташ тақдирлар” сериали бизни она-бола қилиб бутун Ўзбек халқига таништирди, экранда она-болани ўйнаганимиз ҳаққоний чиққан.
  “97-хона” спектаклини кўришга келган томошабинларнинг аксарияти эр-хотин ролини ўйнаганимизда, она-бола тенгилар эр-хотинни ўйнабди, жуфтлик ёш жиҳатидан бир бирига умуман мос келмабди, деган кинояли гапларни айтишган. Чунки, минг грим қилинг, барибир ёш ўртасидаги тафовутни зийрак томошабин тезда илғаб олади. Айтмоқчи бўлганим, сериалдаги она-бола ролимиз муваффақиятли чиққан чиндан ҳам.
    Бир нарсани аниқ биламанки, Гулбаҳор Йўлдошевага ўхшаган кўп қиррали: ҳам комедия, ҳам фожиа, ҳам драмани қойиллатадиган актриса саноқли. Бундай актрисалар юз йилда бир келади! Гулбаҳор Йўлдошевадек ўз соҳасининг етук устаси бўлган актрисалар кўпайишини жудаям хоҳлардим!
    "Устозингман" деб менга кўпчилик айтган. Бироқ баъзан шунақа вазиятлар бўладики, ўша устозликка даъво қилган одам, бошингизга иш, ташвиш тушган пайт биринчилардан бўлиб ўзини четга олишади. Ўзимнинг бошимдан ҳам ўтган бу нарса. Ҳафсалам пир, қаттиқ хафа бўлган пайтларим ҳам кўп бўлган. Ҳозир ўтган ҳаётимни хаёлимдан ўтказсам, асабимни кераксиз жойларга сарфлаган эканман, деб ўйлайман. Чунки вақт – олий ҳакам. Қачонлардир нотўғри қилмишлари билан менинг кўнглимни оғритган одамларни кўраяпман. Шунинг учун вақтнинг ўзига қўйиб бериш керак экан, Оллоҳнинг ўзи барчасини жой-жойига қўяди ва ажрини беради. Гулбаҳор опа мени оғир кунларимда ҳимоя қила олган инсон бўлади! 
    Худойим яна умр бергандайди, театр саҳнасида жуда кўп ролларини жудаям зўр қилиб ижро этиш, ижод қилиш имкониятлари бор эди ҳали. Гулбаҳор опамни онам тимсолида ҳар доим эслайман, Худо раҳмат қилган бўлсин, яқинларига сабр тилайман!
    Гулбаҳор Йўлдошева хотирамда умрбод яхши инсон, ўз ишининг моҳир билимдони, шогирдларига тўғри йўл кўрсатадиган меҳрибон устоз санъаткор, чинакам фидойи актриса бўлиб муҳрланиб қолди ва қалбимда, нафақат менинг, бутун ўзбек санъати мухлисларининг қалбида абадий яшайди!

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР суҳбатлашди.
2019 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот