Дивья Ом Пракаш Бҳарти (ҳиндий दिव्या भारती, телугу దివ్య భారతి, ингл. Divya Bharti; 25 февраль 1974 йил, Мумбай, Маҳараштра, Ҳиндистон — 5 апрель 1993 йил, Мумбай) — ҳинд актрисаси. Энг яхши дебют аёл роли учун Filmfare Award мукофотининг совриндори (1993).
Дивья Ҳиндистоннинг Бомбей (ҳозирги Мумбай) шаҳрида суғурта агенти Ом Пракаш оиласида дунёга келган.
Дивьяни илк маротаба режиссёр Нанду Толани ўзининг фильмларидан бирида суратга тушишга таклиф қилган. У дастлаб 80-йилларнинг машҳур актёри Митхун Чакраборти иштирокидаги "Жиноят оламининг қироли" фильмида дебют ролда қатнашиши керак эди, аммо унинг иштирокидаги роль сценарийдан ўчирилган.
Дивья "Безори куёв", "Ғазабланган уч эркак 2", "Шудринг ва аланга", "Хонанда", "Ҳаёт гўзал", "Ишқингда девонаман", "Кучли эркак", "Раққоса", "Сўнган юлдуз", "Қалбим фақат сеникидир" каби фильмларда турли ролларни ижро этган.
Дивья Бҳарти 1993 йилнинг 5 апрель куни уйининг 5 қаватдаги деразасидан йиқилиб, 19 ёшида вафот этган. Унинг ўлими бахтсиз ҳодиса ё қотиллик эканлиги ҳанузгача жумбоқлигича қолган ҳамда бу борада турли тахминлар мавжуд.